Янгиҳаётдаги воқеа биринчиси эмас. Лифтдаги бахтсиз ҳодисалар ҳақида
Тошкентнинг Янгиҳаёт туманидаги 16 қаватли уйнинг лифти 16-қаватдан пастга тушаётганида қулаб кетди. Бош прокуратура қулаш пайтида лифтда 13 киши бўлганини маълум қилди. Воқеа оқибатида 11 киши турли даражада жароҳат олган. Гарчи техноген ҳодиса натижасида ҳеч ким ҳалок бўлмаган бўлса-да, қулаш жараёнида лифтдаги одамларнинг аҳволини тасаввур қилиш қийин эмас.
Уйнинг неча қават қурилиши маълум талабларга боғлиқ. Масалан, кўпчилик “хрушчевка” деб атайдиган ва совет даврида қурилган уйларнинг мутлақ кўпчилиги 4-5 қават қурилишига сабаб бунча қаватли уйларга лифт ўрнатилмайди.
Уйларнинг 9 қават қурилишига сабаб эса ўт ўчирувчиларнинг одатий нарвони шунча баландликка етади. 16 қаватли уйларда эса одатда газ таъминоти бўлмайди ва шу йўл билан ёнғин эҳтимолини камайтиришга уринилади.
Лекин бу стандартларнинг бари ўтмишда қолди. Ер танқислаша бориши, замонавий технологиялар, қурувчиларнинг оз майдонда кўпроқ уй қуриб сотиш ва пул қилиш истаги ортидан бугун Ўзбекистонда 25 қаватли уйлар ҳам оддий ҳолга айланяпти. Аммо бу уйлардаги хавфсизлик масаласи ҳозирча ортга суриляпти ва ҳеч кимни ўйлантирмаяпти. Янгиҳаётдаги лифт воқеаси кўпчилик учун огоҳлик қўнғироғи бўлса ажаб эмас.
Расмий маълумот: Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Малика Миржамолованинг маълум қилишича, 2021-2022 йиллар давомида лифтлардан фойдаланишда хавфсизлик талабларини бажармаслик оқибатида жами 4 та бахтсиз ҳодиса содир бўлган ва натижада 5 нафар фуқаро ҳаётдан бевақт кўз юмган.
Ўзбекистондаги кўп қаватли уйларда жами 6200 дан ортиқ лифт қурилмалари мавжуд. Шулардан 5000 дан зиёди Тошкент шаҳрида ўрнатилган. Лифтларнинг 290 дан ортиғи ўз хизмат муддатини ўтаб бўлган, капитал таъмирталаб. 2015 йилдан бошлаб 780 га яқин кўп квартирали турар жой уйлари қурилган бўлиб уларда жами 2000 дан зиёд лифт қурилмалари ўрнатилган ва бу кўрсаткич тобора ошиб бормоқда.
Афсуски, лифтдаги кўнгилсизликлар инсоният тарихида қон билан битилган ҳолатлар анчагина.
Лифтдаги бир ойлик мурда
2016 йил 30 январида бутун Хитой ой тақвими бўйича янги йилни нишонлаётганди. Сиан шаҳридаги кўп қаватли уйлардан биридаги жорий таъмирлаш учун икки уста томонидан ўчириб қўйилади. Уйда иккита лифт борлиги учун биттаси ўчирилганига ҳеч ким эътибор бермайди.
Байрамлар нишонланади, дам олишлар тугайди ва орадан бир ойдан кўпроқ вақт ўтиб, 1 март куни ишчилар лифтни тузатиш учун келади. Эшикни очиб кўрган усталар манзарадан даҳшатга тушади – лифт ичида 43 ёшли аёлнинг мурдаси ётарди. Аёл узоқ вақт эшикларни тақиллатган, тирнаган, аммо шовқиндан ҳимоялаш тизими унинг овозини ташқарига чиқармаган, телефон ишламаган, ҳамма байрам нишонлаб, лифтга қарамаган. Охир-оқибат аёл сувсизлик ва очликдан ўлади. Қизиғи, аёлнинг яқинлари уни қидирувга беришган, аммо ҳеч кимнинг хаёлига лифтни текшириш келмаган.
“Алвон елканлар”даги ўлим
2016 йилнинг 14 январида Москванинг “Алвон елканлар” (“Алые паруса”) номи билан машҳур турар жой комплексида даҳшатли авария содир бўлди. Унда “Время” ахборот дастурининг машҳур бошловчиси Евгений Кочергиннинг қизи Ирина Володина ҳалок бўлади.
Аёл бор лифт кескин тўхташи натижасида унинг пастки қисми узилиб тушади ва Ирина Володина еттинчи қаватдан қулаб, шу жойнинг ўзида жон таслим қилади.
“Қизим ўз ҳаёти билан лифтлардаги муаммони кўрсатди”, деган эди кейинчалик Евгений Кочергин. Гап шундаки, Ирина Володина комплексдаги лифтларни алмаштириш ва созлаш бўйича ташаббускор гуруҳ аъзоси эди.
Ҳодиса бўйича “Лифтгарант” фирмасининг оддий ходими, айнан шу лифтни текширувдан ўтказиб, соз дея баҳолаган Алексей Белоусов ҳибсга олинади.
Машъум статистика: Маълумотларга ҳар йили АҚШда ўртача 30 киши лифтдаги ҳодисалар туфайли нобуд бўлади. 17 мингдан ортиқ одам турли даражада жабрланади. Лифтда жароҳат олган аёллардан бири лифтсоз компаниядан суд орқали 2,3 млн доллар ундириб олган. Суғурта компаниялари маълумотларига кўра, лифтдан 10 млн одам фойдаланишига бир ўлим ҳолати тўғри келади.
Лекин шунга қарамай лифтлар зиналардан хавфсизроқ ҳисобланади. АҚШнинг ўзида ҳар йили зиналардан фойдаланишдан ўртача 1600 киши ўлиши ва 1 млндан ортиқ одам жароҳатланиши ҳисоблаб чиқилган.
11 кишининг ўлимига сабаб бўлган ҳодиса
2019 йилнинг 25 апрель куни Хитойнинг Хэбэй музофоти Хеншуй шаҳрида лифт бузилиши оқибатида 11 нафар ишчи ҳалок бўлди, икки киши оғир жароҳатланди. Воқеа Jade Huating компаниясининг қурилиш майдонида маҳаллий вақт билан соат 08:00да содир бўлган.
Ишчилар юклар билан бирга лифтга чиқишган ва носоз лифт пастга қулаб кетган. Ҳодиса жабрланувчиларининг аксарияти шу жойда, айримлари шифохонада жон берган.
Лифтда унутиб қолдирилган гўдак
2017 йилнинг январь ойида Уфа шаҳрида содир бўлган воқеа кўпчиликни даҳшатга солди. Хусусий болалар боғчаларидан бирининг тарбияланувчилари икки тарбиячи ҳамроҳлигида сайрга чиқади ва қайтишда лифтдан фойдаланади.
Керакли қаватга етгандан кейин болалар ва тарбиячилар лифтдан тушади. Аммо икки ёшли болакай унутиб қолдирилади. Ёлғиз қолган бола қўлчасини чўзиб тугмаларни босишга ҳаракат қилади, аммо ета олмайди.
Яхшики пастда видеокузатувга қараб турган уй назоратчиси болани кўриб қолади ва зудлик билан тарбиячиларга қўнғироқ қилади. Тарбиячилар эса болани олиб кетишади. Воқеа юзасидан тергов қўмитаси суриштирув ўтказган.
Мумбайлик аёл ўлими
2022 йил 22 октябрда Мумбай шаҳрида яшовчи 62 ёшли аёл лифт тўхтаб қолиши натижасида тўртинчи ва учинчи қават оралиғида қолиб кетади. Аёл қичқириб ёрдамга чақиради, овозни эшитган ўғли етиб келади ва эшикни очишга уринади. Аммо ўғил ток уриши оқибатида ерга қулайди ва жароҳатланади. Аёлни қутқаришга уринган техник ходим лифтни тузата бошлаган пайтда мослама аёл билан бирга пастга қулайди. Оғир жароҳат олган аёлнинг жони шифохонага етмай узилади.
460 метрдан қулаган ва ерга 9 метр кириб кетган лифт
2000 йилнинг 27-28 август кунлари Москвадаги Останкино телеминорасида ёнғин содир бўлади. Маълумки, бу минора 540 метр баландлиги билан узоқ йиллар давомида инсон қўли билан тикланган энг баланд иншоот сифатида рекордчилардан бири саналган. Шу боис бу миноранинг лифтлари ҳам ғоят аҳамиятли эди.
460 метр баландликда ёнғин бошланганда ўт ўчирувчилар раҳбарларидан бири полковник Владимир Арсюков воқеа жойини шахсан кўздан кечиришни истаб қолади. Ёнғин пайтида лифтдан фойдаланмаслик шартлиги бирламчи талаблардан бири эканига қарамай лифтчи Светлана Лосева ва слесарь-уста Александр Шипилинлар полковникни кузатиб чиқишади. Пастлаш вақтида лифт даҳшатли баландликдан қулайди ва зарба кучидан 9 метр чуқурликкача кириб кетади. Учовлон ҳалок бўлади. Қизиғи, талабларни бажармаганларига қарамай учови ҳам ўлимидан кейин орденга лойиқ кўрилади.
Бу қизиқ: Дубайдаги Бурж Халифа минорасидаги лифтларнинг кўтарилиш тезлиги одамнинг осмондан қулаш тезлигидан баландроқ. 828 метрли бинонинг биринчи қаватидан охирги қаватига чиқиш учун 55 сония вақт кифоя.
Андижондаги ваҳима
Лифт бузилиши, электр таъминоти узилиши ортидан тўхтаб қолиши бу мослама билан боғлиқ энг кўп учрайдиган ҳолатлардир. Андижондаги янги қурилган уйлардан бирига ўрнатилган лифтнинг ток узилиши ортидан тўхтаб қолиши ва унда одамлар қолиб кетиши атрофдагиларда ҳақиқий ваҳима уйғотган.
Улар зудлик билан лифт эшикларини турли мосламалар билан бузишга киришишади. Аёллардан бири дам электросеть ходимларини, дам “ЖЭК” ишчиларини қарғайди, лифт эшигини елпиб ҳам кўради, “одам ўляпти” деб қичқиради. Иштирокчилардан бири жараённи видеога олиб туради ва охир-оқибат 7 минутдан ортиқ видео оммага тарқалиб кетади. Яхшики воқеада ҳеч ким жабрланмайди.
Лифт ҳақида 9 фильм
Кичкинагина тўртбурчак майдон туюлгани билан лифтлар эътиборга молик ҳодисалар тез-тез содир бўлиб турадиган мосламалар ҳисобланади. Лифтлар ҳақида, тўғрироғи уларда содир бўлган воқеалар акс этган фильмлар талайгина. Шу пайтга қадар замонавий киносаноат асосий воқелар лифтнинг кичик майдонида кечган кўплаб фильмлар ишлаган. Уларнинг айримлари бестселлерларга ҳам айланган.
Кичик эслатма: Бугунги кунда аксарият лифтлар видеокузатув камералари билан жиҳозланмоқда. Шунинг учун улардан фойдаланишда турли ҳаракатлардан тийилиш тавсия этилади. Акс ҳолда айрим машҳурлар сингари машҳур бўлиб кетиш ҳеч гап эмас.
Инсонга қулайлик яратувчи ҳар қандай мослама сингари лифтлар ҳам соз ҳолатда сақланмаса, техник ҳолати текшириб турилмаса, лозим даражада фойдаланилмаса, ҳаётга хавф солиши мумкин. Кутилмаган ҳолатлар юзага келган пайтда лифтда нималар қилиш бўйича оддий йўриқномалар билан ҳар бир фойдаланувчи танишиб олиши лозим.
Аброр Зоҳидов
Мавзуга оид
19:26 / 03.07.2024
Лифт импорти юзасидан ҳукуматга таклифлар берилган — Рақобат қўмитаси
14:53 / 15.06.2024
Сенат аралашуви билан божхонада қолиб кетган лифтлар чиқарилди, лекин муаммо ҳал бўлмади
20:50 / 26.04.2024
“Салласи деса калласи” – давлат органидаги тафтиш сабаб лифт импорти тўхтатиб қўйилди
20:05 / 16.04.2024