Жаҳон | 21:47 / 21.06.2023
10564
2 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи Россиянинг музлатилган активларини мусодара қилмайди, бироқ Украинага бериши мумкин

Европа Иттифоқи Россиянинг музлатилган 200 миллиард евродан ортиқ маблағини мусодара қилишга ҳуқуқий асос топмади. Аммо улардан тушган фойдани Украинага бериши мумкин. 

Фото: Getty Images

Европа Иттифоқи Россиянинг музлатилган маблағларини қонуний равишда тўлиқ мусодара қила олмаслиги ҳақидаги хулосага келди. Бунинг ўрнига, ушбу активлардан Украина манфаати учун вақтинча қандай фойдаланиш ҳақида ўйламоқда. Бу ҳақда Bloomberg ёзди. 

Россия активларидан фойдаланиш бўйича ишчи гуруҳ ҳисоботида айтилишича, Европа Иттифоқи Россия Марказий банкининг музлатилган 200 миллиард евродан ортиқ (219 миллиард доллар) маблағини Украинанинг тикланишига қандай сарфлаш мумкинлигини ўрганмоқда. 

Ҳозир бу маблағларнинг катта қисми Бельгиянинг Euroclear молиявий компаниясида сақланмоқда. 2023 йил биринчи чорагида улар бўйича фоиз ставкаларидан тушган даромад тахминан 750 миллион еврони ташкил қилган. 

Ҳозирча ишчи гуруҳ «музлатилган ёки блокланган активларни мусодара қилишнинг ишончли ҳуқуқий механизмини» кўрмаяпти. 

Бунинг ўрнига иккита вариант ўрганилмоқда: Марказий банк активларини қайта инвестициялаш ва даромадларни Украинага бериш ёки кутилмаган бадал.

Иккинчи вариант шуни англатадики, Россия активларига сармоя киритишдан катта даромад оладиган фирмалар унинг катта қисмини Европа Иттифоқи идораларига ўтказиши керак. Кейинчалик бу маблағлар Украинага берилади. Бу Европа Иттифоқи учун ҳуқуқий хавфларни камайтиришга ёрдам беради, чунки активлар Европа давлатларининг бевосита назорати остига тушмайди. 

Мавзуга оид