18 июн куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Эронга расмий ташриф билан бориб, бу мамлакат олий раҳбари Али Хоманеий ва президенти Иброҳим Раисий билан учрашди. Ташриф доирасида 15 та ҳужжат қабул қилинди.

Kun.uz мухбири "Геосиёсат" дастурининг навбатдаги сонида Ўзбекистон–Эрон муносабатлари ва алоқаларнинг 21 йиллик танаффуси мавзусида собиқ дипломат, сиёсатшунос олим Шоислом Акмалов билан суҳбатлашди.

— Эрон ва Ўзбекистон алоқалари доим ҳам аъло даражада бўлмаган. Лекин сўнгги вақтларда, ШҲТ деймизми ёки бир қатор халқаро ташкилотлардаги икки давлат муносабатлари илиқлашиб бораётганини кўриб турибмиз. Умуман олганда, Эрон ва Ўзбекистон ўртасидаги дипломатик алоқаларни қандай даврларга бўлиш мумкин?

— Даврларга бўлиш у қадар мақсадга мувофиқ эмас. Лекин тарихан олиб қараб, бу масалага батафсилроқ жавоб беришга ҳаракат қиламан.

1991 йилнинг баҳорида, ҳали собиқ иттифоқ тарқамаган пайтда эронлик юқори даражадаги сиёсий арбоблар Ўзбекистонга келиб, мамлакатимиз билан қизиқа бошлашди. Уларнинг мақсади – Ўзбекистоннинг қандай обрўга эга эканини билиш, мустақил бўлса, кейинги тақдири нималар билан, қайси давлатлар билан боғлиқ бўлиши, минтақавий геосиёсатда ўрни қандай, деган масалаларга ойдинлик киритиш эди.

Шоислом Акмалов

Мустақил бўлганимизга энди 2 ой бўлган пайтда оятуллоҳ Ҳумайнийнинг яқинларидан бўлган оятуллоҳ Анзилий Ўзбекистонга келиб, Ўзбекистон билан қайси йўналишларда ҳамкорлик қилиш мумкинлиги, савдо-иқтисодий, сиёсий, ижтимоий ва бошқа томонлама куч-қудратини билиш учун Ўзбекистон раҳбарияти билан учрашувлар ўтказди. Шунинг натижаси ўлароқ, Эрон Ўзбекистоннинг мустақиллигини тан олди (баъзи ҳужжатларда 1991 йил ноябрь ойи, баъзиларида элчихона очилиши билан боғлаб, 1992 йил май ойи деб кўрсатилади). Ўзбекистон Эрон учун минтақадаги муҳим, ўз сўзига эга давлат сифатида тан олинган эди. Ва икки томон дипломатлари ҳамкорлик йўлидан кетишди.

Ўша пайтда, бир йил ичида қилинган ишларнинг энг юқори нуқтаси 1992 йили Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг Эронга ташрифи бўлди. Мен ҳам ўша делегация таркибида бор эдим. Сафар жуда яхши ўтди. Ўша пайтдаги Эрон президенти Али Акбар Рафсанжони ва диний уламо Хоманеий билан бўлган учрашувлардан Ислом Каримов мамнун бўлган эди. Ўзбекистон Эрон орқали очиқ денгизга чиқиши масалалари ҳам кўрилди. Ўша пайтдаги мутасаддилар томонидан имзоланган турли шартнома ва битимлар икки томоннинг бир-бирига интилиши борлигини исботлаб берди.