Жаҳон | 12:00 / 22.06.2023
5000
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Украина иқтисодиётини тиклаш учун яна 1,3 млрд доллар ажратади

Европа Иттифоқи Россиянинг музлатилган активларидан Украинага ёрдам бериш учун фойдаланишни режалаштирмоқда. АҚШ Украина иқтисодиётига яна 1,3 миллиард доллар сармоя киритади.

Фото: AP

АҚШ Украина иқтисодиётини тиклаш учун яна 1,3 миллиард доллар ажратади. «Биз Украинани қайта тиклашга ёрдам бериш учун шу ердамиз», деди АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен 21 июнь, чоршанба куни Лондонда бўлиб ўтган Украинани тиклаш конференциясида.

АҚШнинг Киевга ажратилган янги маблағларининг ярмига яқини (520 миллион доллар) Украинада вайрон бўлган энергетика инфратузилмасини тиклашга сарфланади. Қолган маблағ темирйўллар, кўприклар, чегаралар ва «Украинани Европа билан боғлайдиган муҳим инфратузилмани» янгилашга сарфланади, деди АҚШ давлат котиби.

Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок жорий йилда Украинага яна 381 миллион евро ҳуманитар ёрдам ажратишга ваъда берди. «Қайта тиклаш пул билан боғлиқ. Аммо Германия Украина келажагини қуришда иштирок этиш ва унга яшил энергияни ривожлантиришда ёрдам бериш ниятида. Германия компанияларини ҳам Украинага сармоя киритишга рағбатлантириш керак», деди у.

Лондон конференциясида Бербокдан ташқари Германия Федератив Республикасининг иқтисодий ҳамкорлик вазири Свенья Шульце ҳам иштирок этди. Лондон форуми ишида жами 61 давлатдан мингдан ортиқ ҳукумат вакиллари, шунингдек, инвесторлар ва компаниялар қатнашди.

Бу, биринчи навбатда, Украинани тиклаш учун хусусий инвесторларни жалб қилишга қаратилган иккинчи шундай анжумандир. Кейинги конференция келаси йили Германияда бўлиб ўтади. 

Европа Комиссияси (ЕК) раиси Урсула фон дер Ляйен Лондондаги йиғилишда Россиянинг музлатилган активларидан Украинани тиклаш учун фойдаланиш режалари ҳақида маълум қилди. ЕК ёзги таътил олдидан режани тақдим этади, дея ваъда берди у.

Айни пайтда, Украина президенти Володимир Зеленский Украинада нормал ҳаёт шароитининг тикланиши «мафкуравий ғалаба» бўлишини айтди. «Дунёнинг кўзи Украина иттифоқчилар кўмагида бу мақсадига эриша оладими ёки йўқми, деган саволга қарамоқда. Озодлик ғалаба қозониши керак», - дея таъкидлади у Лондондаги конференцияда видео-алоқа орқали. 

Зеленский ўтган йили Украина ялпи ички маҳсулоти уруш натижасида 29 фоизга қисқарганини айтди. Унинг таъкидлашича, мамлакатга фақат ваъдалар эмас, балки аниқ ҳаракатлар керак. Фон дер Ляйен ва Блинкен Украинанинг саъй-ҳаракатларини олқишлаб, Киевга Европа Иттифоқи ва Қўшма Штатлардан доимий ёрдам кўрсатишга ваъда берди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид