Жаҳон | 22:08 / 23.06.2023
26477
2 дақиқада ўқилади

Россия «Аллигатор»лари Украина қарши ҳужумига асосий тўсиқ бўлди — ОАВ 

Украина жангчилари вертолётларнинг узоқ масофали ҳужумларига қаршилик кўрсата олмаяпти. 

Фото: Getty Images

Украинанинг қарши ҳужумига асосий тўсиқ Россиянинг Ка-52 «Аллигатор» вертолётлари бўлди. Бу фикрни Украина қарши ҳужумининг олдинги чизиғига борган Германиянинг Bild нашри бош муҳаррири ўринбосари Паул Ронцхаймер билдирди. 

Украиналик аскарлардан бирининг журналистга айтишича, руслар вертолётлар билан 8 км масофадан ҳужум қилмоқда, бироқ украиналик аскарларнинг бундай масофада уларга қаршилик қиладиган ҳеч нарсаси йўқ. 

«Бу Украина қарши ҳужумида намоён бўлган асосий муаммолардан бири: ҳаво мудофааси етарли эмас, ўз авиацияси йўқ, Украина президенти Владимир Зеленский сўнгги ойларда қатъият билан гапирганидек, баъзи нарсалар етишмаяпти», деб ёзди Ронцхаймер. 

Шунингдек, у Украина Қуролли кучларининг қарши ҳужуми муваффақиятли ёки муваффақиятсиз бўладими, дейишга ҳали эрта эканини таъкидлади. Шу билан бирга, журналист агар Украина жанг майдонида муваффақиятга эришмаса ва Ғарб иттифоқчилари уни Россия билан музокараларга ундай бошласа, бундай вазиятни «даҳшатли» деди. 

Унинг қайд этишича, Украина президенти музокара ўтказиш ва ҳудудларни топшириб қўйиш мумкин эмаслиги ҳақида шунчалик кўп гапирганки, «бу позициясидаги ўзгаришларни ўз халқига тушунтириши қийин бўларди». Ронцхаймернинг фикрича, Владимир Путин айнан шу мақсадга эришмоқчи. 

Аввалроқ, ҳарбий экспертлар жанговар зонада жангчилар етишмаслиги сабабли, Россия қўмондонлиги вертолётлардан фойдаланишни бошлаганини маълум қилганди. Улар потенциал хавф зонасига иложи борича яқинроқ ҳаракат қилмоқда, бу эса Украина ҳаво мудофааси томонидан уриб туширилишига олиб келмоқда. 

Мавзуга оид