Жаҳон | 21:23 / 23.06.2023
17594
3 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи Россияга қарши санкцияларнинг 11-пакетини эълон қилди

Янги чекловлар тўплами РФнинг санкцияларни айланиб ўтиш имкониятларини чеклашга қаратилган: зарур ҳолларда, санкцион рўйхатга киритилган Евроиттифоқ товарлари ва технологияларини Россиядан бошқа учинчи давлатларга экспорт қилиш ҳам тўғридан тўғри чеклаб қўйилиши мумкин. Шунингдек, РФнинг яна қатор компаниялари ва шахслари қора рўйхатга қўшилди.

Фото: Reuters

Европа Иттифоқи Россияни Украинада уруш бошлагани сабаб жазолаш мақсадидаги санкцияларининг 11-пакетини эълон қилди.

Янги чекловлар тўплами, кутилганидек, бунга қадар ўрнатилган санкцияларни четлаб ўтишга қарши чораларни ўз ичига олади. Хусусан, эндиликда Евроиттифоқнинг тегишли органлари санкция остидаги товарларнинг Россияга учинчи давлатлар орқали кириб боришига қарши тақиқларни кенгайтириши мумкин бўлди.

Янги санкцияларга Россиянинг бир қатор компаниялари ва шахслари, шунингдек, хорижий компаниялар ҳам киритилди.

Жумладан, Россиянинг ахборот хавфсизлиги соҳасидаги энг йирик компанияларидан бири Positive Technologies санкциялар остида қолди. Шунингдек, ДХР ва ЛХР, Запорижжя ва Херсон вилоятида иш бошлаган «Звезда» телерадиокомпанияси, Халқаро ҳисоб-китоб банки ва ЦМРБанк ҳам санкция рўйхатига киритилди.

Европа Иттифоқи, шунингдек, «Дружба» қувурининг шимолий тармоғи орқали Россия нефтини импорт қилишни ҳам тақиқлади.

Шу билан бирга, Россия нефти ва нефть маҳсулотларини денгиз орқали ташиш тақиқини бузганликда гумон қилинган танкерлар ҳам Европа Иттифоқи портларига киритилмайдиган бўлди.

ЕИ, шунингдек, Россиядан тиркамалар ва ярим тиркамаларни олиб киришни бутунлай тақиқлади ва икки томонлама мақсадли айрим товарларни (жумладан, илғор технологиялар, авиация материаллари) Россия орқали транзит қилиш тақиқини кенгайтирди.

Бундан ташқари, ҳашаматли автомобиллар экспортига тақиқ барча электр ва гибрид моделларга нисбатан жорий қилинди.

Россия металлидан тайёрланган пўлат буюмлар ва маҳсулотларини ЕИга аъзо мамлакатларга импорт қилиш тақиқланди.

Европа Иттифоқи, шунингдек, бир қатор россияликларга, жумладан, собиқ бош прокурор Юрий Чайканинг ўғиллари Игор ва Артём, Красноярск ўлкаси собиқ губернатори Александр Усс ўғли Артём, телебошловчи ва «Роснефт» давлат компанияси матбуот котиби Михаил Леонтьев, сиёсатшунос Сергей Карагановга қарши ҳам санкциялар киритди.

Россиянинг бир қанча вилоятлари губернаторлари ҳам чеклов чораларига тушиб қолди: Александр Гусев (Воронеж вилояти), Владимир Владимиров (Ставропол ўлкаси), Вениамин Кондратьев (Кубань), Сергей Носов (Магадан вилояти), Владимир Солодов (Камчатка).

Бир қатор хорижий компаниялар ҳам санкциялар остида қолди: Арманистоннинг TakoLLC, Ўзбекистоннинг иккита компанияси (Alfa Beta Creative LLC ва GFK Logistics Asia LLC), Бирлашган Араб Амирликларининг иккита компанияси (Success Aviation Services FZC ва I Jet Global DMCC), Суриянинг I Jet Global DMCC компанияси ва Эроннинг 8 та компанияси. Бундан ташқари, ЕИ Ҳонконгнинг учта компаниясига санкция жорий қилди: Asia Pacific Links Ltd., Tordan Industry Limited ва Alpha Trading Investments Limited.

Мавзуга оид