Жаҳон | 11:37 / 25.06.2023
57141
17 дақиқада ўқилади

«Хрушчёв ботинкаси» – СССР раҳбари нега БМТ бош ассамлеяси сессиясида оёқ кийими билан столни уриб, шовқин кўтарган эди?

1960 йил кузда Нью-Йоркда ўтказилган БМТ бош ассамблеяси сессиясида мустамлакачилик масалалари муҳокама қилинади. Шунда бир қанча нотиқлар сўзга чиқиб, социалистик лагерни тарқатиб юборишни ва СССР ўз таркибидаги иттифоқдош республикаларга мустақиллик бериши лозимлигини айтишади. Бу гаплардан жуда ғазабланган совет раҳбари Никита Хрушчёв оёғидаги ботинкасини ечиб у билан столни ура бошлайди.

Фото: Kun.uz

1953 йилда Сталин вафотидан сўнг кўп ўтмай ҳокимият тизгинини қўлга олган Хрушчёв ички ва ташқи сиёсатда анча нўноқлигини кўрсатиб қўяди. Бироқ ортга йўл йўқ ва 31 йил давомида халқни эзиб келган Сталинизмга қайтиб бўлмасди.

Шу сабабли у энг аввал Грузияда Сталин тарафдорлари бошлаган намойишни аёвсиз бостиради. У 1956 йилда аввал Полшада сўнг Венгрияда коммунистик тузумга қарши бошланган намойишларни ҳам тор-мор этади.

Сталиндан сўнг мамлакатни 10 йил бошқарган Никита Хрушчёв ўзининг ғалати ишлари ва характери билан ажралиб турган.

Масалан, у маккажўхори сўтасини жуда ёқтирган. Бунинг ҳам ўз тарихи бор, совет раҳбари 1959 йилда АҚШга борганида америкалик фермерлардан бирининг даласига бориб маккажўхоридан юқори ҳосил олинаётганини кўради. Сўнг СССРда барча жойда маккажўхори экишни буюради.

Хрушчёв маккажўхори сўтаси билан
www.ej.ru

Замондошларнинг эслашича ўша пайтда Кремлдаги қабуллар уйида ҳамма ёққа маккажўхори билан безак беришган. Юқори мартабали меҳмонларга зиёфат берилганда столнинг ўртасига маккажўхори қўйилган.

Хрушчёвни машҳур қилган яна бир иш унинг беш қаватли панел уйлар қурдириши бўлган. Бугун бундай уйлар собиқ иттифоқнинг барча республикаларида сақланиб қолмоқда.

Ўшанда Хрушчёв иқтисодий тежамкорлик ҳақида гапириб, беш қаватли уйларга лифт керак бўлмаслигини, тепа қаватларга сув чиқариш осонлигини айтиб, баланд уйлар қуриш таклифига рад жавобини беради. Бундай панел уйлар ўшандан буён «хрушчёвка» деб аталади.

Хрушчёв бошқа раҳбарлардан фарқли равишда умуман маст қилувчи ичимликларни ичмаган ва чекмаган. Бироқ жуда тез асабийлашган ва бундай пайтларда ўзини назорат қила олмай қуюшқондан чиқиб турган.

Жумладан, у турли минбарлардан туриб нутқ сўзлаётганида ўнг қўлини мушт қилиб тепага кўтариб, бироз жазава билан гапирган. Тез-тез минбарни ёки столни муштлаб турган.

www.alamy.com

Ана шу одати туфайли у 1960 йил кузда ўтказилган БМТ сессиясида эҳтиросга берилади ва столни мушти билан эмас, оёқ кийими билан уриб, бир неча марта залда шовқин кўтаради.

Бу ҳодиса гувоҳлари уни турлича талқин қилишган. Баъзилар ўшанда Хрушчёв оёқ кийимини ўзи ечиб олганини айтади. Бошқалар эса совет раҳбари залга кириб келаётганда ботинкаси оёғидан тушиб қолганини ва қўриқчиси Хрушчёв ўтирган жойгача уни олиб келиб берганини айтади.

Ўша сессияда Хрушчёвнинг ботинкаси йиғилиш сўнгигача стол устида туради. Совет раҳбари СССРга қарши ҳар бир гапда оёқ кийимини столга ура бошлайди. Совет раҳбарининг бу иши тарихда «Хрушчёвнинг ботинкаси» номи билан қолган.

Ҳодисадан аввал жаҳондаги вазият

1953 йил 5 март куни Сталин вафот этгач Кремлда бир муддат совет иттифоқининг навбатдаги раҳбари ким бўлиши масаласида пинҳоний кураш кетади ва унда Никита Хрушчёв ғолиб чиқади.

Бу орада Сталиннинг энг яқин одами бўлган НКВД бошлиғи Лаврентий Берия қамоққа олиниб, суд ҳукми билан отиб ташланади.

Сўнг ноҳақ қамалганларнинг ишлари кўриб чиқила бошланади ва тез орада миллионлаб инсонлар озод қилинади. Шунингдек, мамлакат ташқи сиёсатида бироз ўзгаришлар бошланади. Советлар энг аввало капиталистик дунё гегемони АҚШ билан муносабатларни яхшилашга уринишади.

1959 йил июнда Москвада Америка компанияларининг савдо кўргазмаси ўтказилади ва унда кейинчалик АҚШ президенти бўлган Ричард Никсон келади.

1959 йил сентябрда эса совет раҳбарлари орасида биринчи бўлиб Никита Хрушчёв АҚШга давлат ташрифи билан боради. Ўшанда унинг ташрифи 12 кун (!) давом этади.

Хрушчёв АҚШда 

www.alamy.com

Хрушчёв АҚШда турли тадбирларда қатнашади, Оқ уйда қабул қилинади. Завод ва фабрикаларга боради. Фермерлар билан учрашади.

Бироқ кўп ўтмай СССР Кубада содир бўлган давлат тўнтаришини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, 1960 йил 1 май куни Свердловск яқинида АҚШнинг разведкачи самолёти уриб туширилади.

Ана шу омиллар туфайли 1960 йил Хрушчёв АҚШга иккинчи марта борган пайтда СССР ва АҚШ ўртасига совуқчилик тушиб бўлганди.

«Ботинка ҳодисаси»

1960 йил октябр ойида Никита Хрушчёв БМТ бош ассамблеяси сессиясида қатнашиш учун совет делегацияси билан АҚШга боради. Сессия уч ҳафта давом этади.

Сессия давомида Африканинг мустақилликни қўлга киритган бир қатор давлатлари БМТ сафига қабул қилинади. Сўнг бошқа давлатларга ҳам ўз қўл остидаги мустамлакаларни озод қилиш бўйича чақириқлар бўлади.

Йиғилиш аввалида Хрушчёвга сўз берилганда у Ғарб давлатлари зудлик билан ўз колонияларини озод қилиши лозимлиги ҳақида гапиради. Сўзининг охирида эса эса у АҚШ бошчилигидаги капиталистик давлатларга қарата «Биз тез орада сизни дафн этамиз» дейди. Бу гап 1959 йилда Хрушчёв АҚШга илк марта борганида америкалик журналистларга қарата айтилган ҳам дейилади.

Хрушчёв БМТ минбарида оташин нутқ сўзламоқда
www.alamy.com

Шундан сўнг бошқа давлатлар вакиллари СССР ҳам Шарқий Европа ва Осиёдаги бир қатор социалистик тузумларни ўз таъсир доирасидан чиқариши, таркибидаги миллий республикаларни озод қилиши лозимлиги ҳақида гапира бошлашади.

Бундай талаблардан жазавага тушган Хрушчёв ботинкаси билан йиғилиш охиригача столни уриб ўтиради.

Хрушчёвнинг ботинкаси билан столни урганига нима сабаб бўлгани ҳақида турли гаплар мавжуд. Масалан, бир версияга кўра, 12 октябр куни эрталаб бошланган йиғилишда Венгрия масаласи муҳокама қилиниши керак эди.

Яъни сессия кун тартибига СССРнинг Венгрияга мажбурий тарзда коммунистик тузум ўрнатгани, 1956 йилда халқ намойишлари совет армияси ёрдамида куч билан бостирилиб, демократик тамойиллар бўғилгани, яккапартиявийлик жорий қилиниб, мухолифат мамлакатдан қувилгани ва қамоққа ташлангани муҳокамага қўйилади.

Табиийки, Хрушчёв бошчилигидаги совет делегацияси Венгриядаги ҳолат БМТдаги йиғилишда муҳокама қилинишини хоҳламасди. Шу сабабли улар бошданоқ бу муҳокамага қарши чиқишади.

Йиғилиш бошлангач турли давлат раҳбарлари сўзга чиқиб СССРнинг Шарқий Европадаги, хусусан Венгриядаги зўравонликлари ҳақида гапира бошлашади. Бу иш Хрушчёвга ёқмайди ва у бошлиқ совет делегацияси шовқин солиб, нотиқларнинг гапларини бўлиб қўйишга уринишади. Бироз ўтгач Хрушчёв ботинкасини ечиб, у билан столни ура бошлайди.

Хрушчёвнинг оёқ кийими стол устида турибди. 
www.alamy.com

Ўшанда СССРга «дўст» давлат раҳбари чиқиб ўзидан олдин гапирганларнинг сўзларини инкор қилиб уларни «Совет иттифоқи ва социалистик легерга кирувчи давлатларнинг гуллаб-яшнаётганини кўра олмаётганликда айбласа Хрушчёв жим туради ва нутқнинг охирида узоқ вақт қарсакбозлик қилади.

Аксинча, СССРнинг Шарқий Европадаги нохолис ва зўравонлик билан юритаётган сиёсати танқид қилинганда Хрушчёв ботинкаси билан столни уради.

Айниқса, йиғилишда СССРга Шарқий Европани тинч қўйишни маслаҳат берган Филлипиннинг БМТдаги доимий вакили Лоренсо Сумулонг гапираётганда Хрушчёв ботинкасини столга қаттиқроқ уради.

Бошқа бир талқинга кўра, филипинлик вакил ўшанда СССРни жуда катта концлагерга ўхшатади. У ўз нутқида СССР бошчилигидаги социалистик давлатлар блогини ҳамда совет иттифоқини парчалаш ва унинг таркибидаги миллий республикаларни озод қилиш ҳақида гапиради. Ана шунда Хрушчёвнинг асаблари дош бермайди ва ботинкаси билан столни қаттиқроқ ура бошлайди.

Кейинчалик Хрушчёв ўз эсталикларида ўша нутқини шундай эслаб ўтганди:

«Мен бу ерда айрим давлатлар вакилларига нисбатан турлича муносабат қилинаётганига қарши норозилик билдираман. Нима учун Америка империализмининг бу ялоқхўри БМТ минбарига чиқарилмоқда? У гапираётган масаланинг биз муҳокама қилаётган мавзуларга алоқаси йўқ-ку! Мустамлакачилик бошқарувига хайрихоҳ бўлган йиғилиш раиси нега унинг чиқишини тўхтатмайди? Бу адолатдан эмас. Жаноб Раис! Биз ер юзида на Худонинг, на сизнинг марҳаматингиз билан яшаяпмиз. Балки буюк совет халқи, ўз мустақиллиги учун курашаётган барча халқларнинг куч ва ақл-заковати билан яшаяпмиз. Шу пайтгача янграб келган ва бундан кейин ҳам янграйдиган халқнинг овозини, ҳақиқат овозини бўғиб юборолмайсиз. Мустамлакачилик қабрга киради. Уни қанчалик чуқурроққа дафн қилсак шунча яхши».

Хрушчёв ўз эсталикларида столни ботинкаси билан ургани ҳақида ёзмаган.

Бироқ ўша йиғилишда қатнашган Хрушчёвнинг ўғли Сергей Хрушчёв отаси столни ботинкаси билан урганини ёзиб чиққанди. Унинг эслашича, ўша куни залга кириб боришда отасининг ботинкаси ечилиб қолган ва уни қўриқчилар олиб келиб беришган. Хрушчёв ботинкани оёғига киймаган ва уни стол устига қўйган. Сўнг СССРга қарши гапирилган ҳар бир гапда уни столга ураверган.

«Отамнинг ботинкасини олиб беришган заҳоти йиғилиш бошланди. СССР раҳбари уни кийиб олишга улгурмади. Сўнг қўлида ушлаб турмаслик учун ботинкани столга қўйди. У минбардаги нотиқнинг нутқидан ғазабланганида жаҳл билан олдида турган ботинкасини олиб столга ура бошлади. Агар ўшанда унинг олдида ботинка эмас, соябон ёки таёқ бўлганида столни ўша нарса билан урарди», деганди Сергей Хрушчёв.

Никита Хрушчёвнинг ўғли Сергей Хрушев. СССРда таниқли олим бўлган Сергей Хрушеч 1990-йиллар бошида АҚШга кўчиб кетган эди.

Америкалик журналист Уилям Таубман ўзининг Хрушчёв ҳақидаги «Инсон ва унинг даври» автобиографик китобида ёзишича, ўшанда Хрушчёв ботинкани столга урмаган. Баланд кўтариб ҳавода силкитган холос.

Ҳодисанинг эртаси куни The New York Times «Хрушчёв ботинкаси билан столни урди» сарлавҳаси билан хабар берилади.

Бошқа версияга кўра Хрушчёв Британия бош вазири Макмиллан гапираётганида унинг танқидларига чидай олмай столни ботинкаси билан уриб, залда шовқин кўтаради.

Ўша пайтда совет делегацияси сафида бўлган СССР ташқи ишлар вазири Андрей Громико кейинчалик ўзининг автобиографик китобида ҳодисани шундай эслаганди:

«БМТ Бош Ассамблеясининг XV сессияси. 1960 йил куз. Совет делегациясига ҳукумат раҳбари Никита Хрушчёв, Британия делегациясига бош вазир Макмиллан бошчилик қиларди. Сессия давомида баъзи мунозаралар қизғин кечди. СССР ва НАТОга аъзо етакчи давлатлар ўртасидаги қарама-қаршилик нафақат сессиядаги муҳокамалар давомида, балки бош ассамблеянинг барча органлари – унинг кўплаб қўмиталари ва бошқа тузилмаларида давом этарди.

Макмилланнинг Шарқ ва Ғарб ўртасидаги муносабатларнинг муҳим масалалари бўйича гапирган кескин нутқи эсимда. Вакиллар уни диққат билан тинглашди. Тўсатдан, Макмиллан СССР ва унинг дўстлари ҳақида кескин танқидий руҳда гапириб қолди. Шу пайт Хрушчёв энгашиб, туфлисини ечиб, ўзи ўтирган столга зарб билан ура бошлади. Ёғоч столга урилган туфлининг овози баланд чиқди ва ва бутун залга тарқалди.

Бу БМТ тарихидаги ноёб ҳодиса эди. Бироқ Макмиллан тўхтамади ва ҳеч нарса бўлмагандек, қўлидаги қоғозга ёзилган нутқни ўқишда давом этди. Бу пайтда бош ассамблея зали шиддатли саҳна томошасини кўриб қотиб қолди.

АҚШ ва совет соқчилари дарҳол совет делегацияси атрофини ҳалқа қилиб ўраб олишди. Хрушчёвнинг ўнг томонида мен, чап томонида СССРнинг БМТдаги доимий вакили В.А.Зорин ўтирган эди. Биздан олдинги қаторда Испания делегацияси ўтирарди. Ўша пайтда бу давлатни Франко бошқарар, улар билан дипломатик алоқалар йўқ эди. Испанлардан бири Хрушчёвга қараб баланд овозда «Биз сизни ёқтирмаймиз» деб қичқирди. Залдаги вазият жуда таранг эди».

Алексей Аджубей (ўнг тарафдан биринчи) хотини ва қайнотаси Хрушчёв билан

Ҳодисадан бир йил ўтиб, КПССнинг XXII съездида нутқ сўзлаган депутат, «Известия» газетаси бош муҳаррири Алексей Аджубей (бу одам Хрушчёвга куёв ҳам бўлган) ҳодисани совет депутатларига шундай тарзда айтиб берганди:

«Ғарблик дипломат СССР ҳақида ёмон гаплар айтаётганда ўртоқ Хрушчёв ботинкасини ечиб столни тақиллата бошлагани ажойиб иш бўлди. Ўшанда биз СССР шаънига гапирилаётган ёмон гапларни эшитишни хоҳламаслигимиз ва бундай нутқларга қарши эканимиз барчага тушунарли бўлди. Бундан ташқари, Никита Сергеевич ботинкасини столнинг устига шундай қўйдики, унинг учи биздан олдинда ўтирган фашистик Испания ташқи ишлар вазирининг гарданига тегиб турарди».

Ўшанда съездда ўтирган совет депутатлари Аджубейнинг ҳикоясини диққат билан эшитишади ва БМТ сессиясида ботинкасини столга урган Хрушчёв шаънига қарсаклар чалиб, уни олқишлашади.

«Ботинка ҳодисаси» ўйлаб топилганми?

Хрушчёв ҳақиқатдан ботинкаси билан столни урганми ёки «Ботинка ҳодисаси» ўйлаб топилганми? Анчадан буён совет раҳбарларининг турли номақбул ишларини оқлаб келаётган россиялик тарихчилар, журналистлар БМТнинг ўша йиғилишида бундай ҳодиса содир бўлмаганини зўр бериб уқтиришга уринишади.

Улар Хуршчевнинг ботинкасини ечиб столга қўйган пайтда туширилган суратини ясама деб даъво қилишади. Бошқалари эса Хрушчёв бир марта ботинкаси билан столни ургани, бироқ бу ҳодиса БМТ сессиясида эмас, кейинроқ, 1962 йилда Кариб можароси авж олганда Москвадаги йиғилишда бўлганини айтишади.

Шунингдек, БМТдаги ўша сессияда иштирок этган АҚШда чоп этиладиган Life журнали фотосуратчиси Жон Лонгарднинг таъкидлашича, Хрушчёв ботинкаси билан столга урмаган. Бироқ шундай қилиш мақсади бўлган.

Лонгарднинг ҳикоясига кўра, Хрушчёв ботинкасини ечиб, стол устига қўйган ва уни столга уришини бўш қўли билан ишора қилиб кўрсатган. Шундан сўнг залда бўлган барча журналистлар ва фотомухбирларнинг эътибори Хрушчёвга қаратилган.

Мухбирлар, операторлар камераларини совет раҳбари томон буриб, унинг кейинги ҳаракатларини кутиб туришган. Бироқ Хрушчёв кўп ўтмай стол устида турган ботинкасини кийиб залдан чиқиб кетган.

Лонгардга кўра, агар Хрушчёв ҳақиқатан ҳам ботинкасини столга урган бўлса унда фотосуратчиларнинг ҳеч бири бу воқеани ўтказиб юбормаган бўлар эди.

Худди шундай гувоҳликни The New York Times журналисти Жеймс Ферон ҳам берган. Бироқ БМТдаги ушбу йиғилишда бир нечта фотомухбирни айтмаганда журналистлар умуман бўлмагани ҳақида ҳам гаплар бор.

Гарчи россиялик тарихчилар ва журналистлар Хрушчёв столни ботинкаси билан урмаган дейишса ҳам, тарихий факт шуки, Хрушчёв шу ишни қилган. Бунга ўша пайтда унинг ёнида бўлган Андрей Громико ва Сергей Хрушчёв ҳамда совет делегациясининг бошқа вакиллари гувоҳ бўлишган.

Андрей Громико Хрушчёв давридан, 1957 йилдан Горбачёв тахтга ўтирган 1985 йил июлгача СССР ташқи ишлар вазири бўлиб ишлаган.
www.alamy.com

Шунингдек, БМТ сессиясида совет делегацияси учун таржимон сифатида иштирок этган Виктор Суходрев ҳодисани шундай эслаганди:

«Хрушчёв ўша сессияда мустамлакачиликни унинг барча кўринишларида йўқ қилиш бўйича нутқ сўзлади. Шундан сўнг сессиянинг бошқа иштирокчилари, хусусан филиппинликлар мустамлакачиликга чек қўйиш ҳақида гапира туриб, Шарқий Европадаги социалистик лагерга кирувчи давлатларни қутқариш кераклигини гапиришди. Кейин советлар Болтиқбўйи ва СССР таркибида бўлган бошқа республикаларни озод қилиши кераклигини айтишди. Бу гаплар Хрушчёвни жуда ғазаблантирди. Шундан сўнг сессияга раислик қилувчи шахснинг эътиборини тортиш учун Хрушчёв, Громико ва Зорин каби муштлари билан столни ура бошлашди. Кейин бирданига Хрушчёвнинг ботинкаси пайдо бўлди ва у энди оёқ кийими билан столни ура бошлади».

Ўша пайтда Хрушчёвнинг хавфсизлиги учун жавобгар бўлган ва уни Нью-Йоркка қўриқлаб борган КГБнинг 9-бошқармаси бошлиғи генерал-майор Николай Захаров Виктор Суходревнинг сўзларини тасдиқлаб шундай деганди:

«СССР Шарқий Европадаги давлатларни таъсир доирасидан чиқариши, ўз таркибидаги иттифоқдош республикаларни озод қилиши лозимлиги ҳақидаги гапларни эшитган Хрушчёв жуда ғазабланди ва оёғидаги ботинкани ечиб, у билан столни ура бошлади».

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

 

Мавзуга оид