20:20 / 26.06.2023
27995

Осимҳенга АПЛ клублари қизиқмоқда, Гвардиол «Сити»га ўтишга яқин. Сўнгги трансфер хабарлари

Сўнгги кунлардаги трансфер хабарлари ва миш-мишлар.

Гвардиол тарихдаги энг қимматбаҳо ҳимоячига айланиши мумкин

«Манчестер Сити» ёзда катта харид амалга оширишга тайёрланмоқда — Sky Sport Deutschland инглиз клуби «РБ Лейпциг» ҳимоячиси Йошко Гвардиол бўйича таклиф юборганини хабар қилди. Гап 90 миллион евро миқдоридаги товон пулини тўлаш, шунингдек бонуслар ҳақида бормоқда.

Transfermarkt Гвардиолнинг трансфер қийматини 75 миллион еврога баҳолаган, аммо баҳорда немис нашрлари «РБ Лейпциг» ўз етакчи футболчисини 100 миллион евродан камига сотмаслиги ҳақида хабар тарқатди. Афтидан, «Манчестер Сити» бундай харажатга тайёр.

Агар бу трансфер амалга ошса, 21 ёшли хорватиялик футболчи энг қимматбаҳо ҳимоячига айланиши мумкин. Ҳозирча рекорд 2019 йилда 87 миллион евро эвазига «Лестер»дан «Манчестер Юнайтед»га ўтган Ҳарри Магуайрга тегишли.

Инсайдер Фабрицио Романога кўра, Англия клуби Гвардиол билан шахсий шартнома бўйича келишиб олган. Жамоа бош мураббийи Хосеп Гвардиола ушбу трансферга шахсан қизиқмоқд.

Осимҳен «Челси» ва «Тоттенҳэм» нигоҳида

Италия чемпионатининг энг яхши тўпурари Виктор Осимҳен ёзда «Наполи»ни тарк этиб, Англияга кўчиб ўтиши мумкин.

Sky SportItalia маълумотига кўра, 24 ёшли ҳужумчига «Тоттенҳэм» қизиқмоқда, бу жамоа ўз ҳужумчиси Ҳарри Кейнни сотадиган бўлса, марказий форвардга катта эҳтиёж сезади.

Шунингдек, ҳужум чизиғини кучайтиришни кўзлаган «Челси» ҳам неаполитанликларга таклиф юбориши кутилмоқда. Манба маълумотига кўра, «Манчестер Юнайтед» ва «ПСЖ» Осимҳен атрофидаги воқеаларни кузатиб боради.

Июн ойида «Наполи» ҳужумчи билан шартномани янгилашга ҳаракат қилганди, аммо маош борасида келишувга эриша олмади. Футболчи янги шартномани имзолашдан бош тортган, амалдаги шартнома муддати эса 2025 йилда тугайди. Sky Sport маълумотига кўра, «Наполи» президенти Аурелио Де Лаурентис Осимҳеннинг агентига, унинг трансфери учун 150 миллион евродан ортиқ маблағ талаб қилишини айтган.

«Арсенал» «Аякс» ҳимоячисини трансфер қилмоқчи

Лондоннинг «Арсенал» клуби янги мавсум арафасида Кай Ҳаверц ва Деклан Райсдан ташқари «Аякс»нинг 22 ёшли марказий ҳимоячиси Юрриен Тимбер трансфери бўйича ҳам музокаралар олиб бормоқда.

De Telegraaf нашри маълумотига кўра, «Арсенал» ушбу футболчи билан 2028 йилга қадар амал қилувчи шартнома бўйича келишиб олган.

«Арсенал» эндиликда «Аякс» билан товон пули масаласида бир тўхтамга келиши қолган: гап 40-45 миллион евро миқдоридаги тўлов ҳақида бормоқда. Англия клубининг Тимберу бўйича биринчи таклифи 30 миллион евро бўлган, аммо «Аякс» унга рад жавобини қайтарганди.

«Манчестер Сити» Канселуни Ҳакимига алмашмоқчи

Ёзги трансферлар ойнаси вақтида «Манчестер Сити» икки нафар қанот ҳимоячиси билан хайрлашиши мумкин: Кайл Уокер «Бавария»га трансфер бўлишга яқин, сўнгги ярим йилни мюнхенликлар клубида ижара асосида ўтказган Жоау Канселу эса Гвардиола билан зиддияти туфайли клубда қолиши даргумон.

Marca маълумотига кўра, «Манчестер Сити» ўнг қанот ҳимоясини «ПСЖ»нинг марокашлик ҳимоячиси Ашраф Ҳакими билан кучайтирмоқчи. 24 ёшли ҳимоячи номзодини ўрганишни шахсан Гвардиола сўраган.

Нашрнинг қайд этишича, «Ман Сити» Ҳакими учун шартномасида кўрсатилган товон пулидан кўпроғини беришга ҳам тайёр — Transfermarkt футболчини 70 миллион еврога баҳолаган.

Июн ойи бошида RMC Sport нашри агар футболчининг ўзи шуни хоҳласа, «ПСЖ» уни бошқа клубга қўйиб юборишга қарши бўлмаслиги ҳақида хабар берганди. Миш-мишларга кўра, футболчи сўнгги вақтларда ўзини Парижда яхши ҳис қилмаяпти ва жамоасини ўзгартиришни истамоқда.

Кейн «Бавария»га ўтиши мумкин

Германиянинг Bild нашри «Бавария» «Тоттенҳэм»нинг 29 ёшли ҳужумчиси Ҳарри Кейнга қизиқиш билдирмоқда. Манбанинг қайд этишича, трансфер «ҳар доимгидан кўра долзарброқ».

«Бавария» аллақачон футболчининг вакиллари билан трансфер борасида алоқага чиққан. Кейннинг шартномаси муддати кейинги йил ёзида якунига етади ва «Тоттенҳэм» уни ҳозир сотиш орқали 100 миллион фунт ишлаб олишни кўзлаган.

Футболчига аввалроқ «Манчестер Юнайтед» қизиқиш билдирган, клуб англиялик ҳужумчини сафига қўшиб олиш учун 80 миллион фунт тўлашга тайёрлиги айтилган. Бу ёзда Кейннинг номи «ПСЖ», «Челси» ва «Реал» клублари билан ҳам боғланмоқда.

«МЮ»нинг Маунт бўйича сўнгги таклифи ҳам рад этилди

«Челси» «Манчестер Юнайтед»нинг яримҳимоячи Мэйсон Маунт бўйича навбатдаги таклифини ҳам рад этди. Бунгача «Челси» «МЮ»нинг 40 миллион ва 45+5 миллион фунтлик таклифларини рад этганди. 

Фабрицио Романо хабарига кўра, манкунианликларнинг учинчи таклифи 50+5 миллион фунтдан иборат бўлган ва бу таклифга ҳам рад жавоби берилган. Лондон клуб бонуслар ҳисобига 64 миллион фунт (57+7) олишни истаган. 

The Times хабарига кўра, «Манчестер Юнайтед» эндиликда эътиборини «Брайтон» яримҳимоячиси Мойсес Кайседога қаратди. Ўз навбатида, эквадорлик футболчига «Челси» ҳам даъвогар.

Маунтнинг Лондон клуби билан шартномаси муддати бир йилдан кейин тугайди. Айни вақтда «Бавария» ушбу футболчи учун асосий даъвогарга айланди.

«Милан» Лукакуни сотиб олиши мумкин

La Gazzetta dello Sport маълумотига кўра, «Милан» Ромелу Лукаку трансфери борасида «Челси» билан боғланган. 30 ёшли белгиялик миланликлар клубига 40 миллион еврога тушиши мумкин — Лондон клуби ушбу форвард трансферини шу нархга баҳолаган.

Ўтган мавсумда ижара асосида «Интер»да ўйнаган Лукакуда «Ал-Ҳилол» клубида ҳам таклиф бор — Саудия Арабистони клуби белгияликка йилига 30 миллион евро миқдорида маош тўлашга тайёр, аммо футболчини бу вариант қизиқтирмаяпти. Ромелунинг ўзи «Интер»да қолишни истамоқда, аммо қора-кўклар «Челси» талаб қилаётган товон пулини тўлашга тайёр эмас ва уни фақат ижарага олиши мумкин.

«Челси» «Вилярреал» форварди билан шартнома имзолайди

Германиялик ҳужумкор яримҳимоячиси Кай Ҳавертцни «Арсенал»га сотаётган «Челси» ҳужум чизиғини кучайтирмоқчи ва «Вилярреал» форварди Николас Жексоннинг трансферини амалда ҳал қилди.

Инсайдер Фабрицио Романо хабар қилишича, лондонликлар клуби 21 ёшли ҳужумчини 35 миллион еврога сотиб олмоқда. Унинг испан клуби билан шартномасида айнан шунча миқдорда товон пули кўрсатилган. Жексоннинг ўзи ҳам фаолиятини Англияда давом эттиришни истамоқда. У билан беш йиллик шартнома тузилади.

Май ойида сенегаллик футболчи Испания чемпионатида ойнинг энг яхши футболчиси деб топилганди — у беш гол уриб, икки ассистни амалга оширганди. Форвард чемпионатда жами 26 ўйинда майдонга тушиб, 12 гол урган.

«Интер» Аспиликуэта ва Тюрам билан шартнома имзолаши мумкин

Чемпионлар лигаси финалида ўйнаган Милан клуби таркибни кучайтирмоқчи. La Gazzetta dello Sport хабарига кўра, «Интер» «Боруссия» М билан 25 ёшли ҳужумчи Маркус Тюрам трансфери борасида келишиб олган — томонлар шартнома имзолаши қолган. Француз футболчиси учун курашда нерадзурри «ПСЖ», «Милан» ва «Лейпциг» клубларини ортда қолдирди.

Шунингдек, яқин вақтлар ичида Сесар Аспиликуэта трансфери эълон қилиниши кутилмоқда. Инсайдер Фабрицио Романонинг хабарига кўра, испаниялик тажрибали футболчи «Челси» билан 2024 йил ёзида тугайдиган шартномасини муддатидан олдин бекор қилган ва «Интер» билан икки йиллик шартнома тузадиган бўлган.

Top