21:01 / 26.06.2023
102380

Пригожин исёндан кейин биринчи марта алоқага чиқди ва воқеаларга изоҳ берди 

Биз ҳукуматни ағдариш учун эмас, балки норозилик намойиш этиш учун юриш қилдик, деди у. 

Фото: ТАСС

«Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси раҳбари Евгений Пригожин Москва сари «адолат юриши» тўхтатилганидан бир кун ўтгач, воқеаларга изоҳ берди. 

Унинг сўзларига кўра, «юришнинг мақсади «Вагнер» тугатилишининг олдини олиш ва нопрофессионал ҳаракатлари билан уруш пайтида жуда кўп хатоларга йўл қўйган барча шахсларни жавобгарликка тортиш» эди. Катта эҳтимол билан бу шахслар Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Қуролли Кучлар бош штаби раҳбари Валерий Герасимов эди. 

Пригожиннинг таъкидлашича, 30 июнь куни «Вагнер» қуролсизланмоқчи бўлган, аммо унинг жангчиларига Россия Мудофаа вазирлиги томонидан зарба берилган. Оқибатда 30 га яқин одам ҳалок бўлган. Шундан сўнг, командирлар маслаҳат қилиб, Москвага юриш ҳақида келишиб олишган. 

«Вагнер» ХҲК Украинада яхши натижаларга эришган Россиядаги энг тажрибали ва жанговар қисмдир, деди Пригожин. - Интригалар ва нотўғри ўйланган қарорлар оқибатида ХҲК 1 июлдан бошлаб ўз фаолиятини тўхтатиши керак эди. Жангчиларнинг аксарияти Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолашдан бош тортди, улар шунчаки «тўп еми» бўлишни истамади. Мудофаа вазирлиги таркибига киришни истаганлар бўлди, аммо улар 1-2 фоиз. Биз 30 июнь куни техникаларни Мудофаа вазирлиги штабига топширмоқчи эдик. Биз ҳеч қандай тажовузкорлик кўрсатмадик, аммо бизга ракета ҳужуми уюштирилди, 30 га яқин жангчи ҳалок бўлди. Бу бизга туртки берди - дарҳол олдинга силжишга қарор қилдик. Биз тажовузкорлик қилмоқчи эмасмиз, лекин зарба беришса, жавоб қайтаришимизни айтдим». 

У юриш давомида авиацияга зарба берганини тан олди. 

«Юриш давомида биз 780 километр масофани босиб ўтдик. Авиацияга зарба берганимиздан афсусдамиз, аммо улар устимизга бомба ташлаган эди. Биз йўлда учраган барча ҳарбий объектларни тўсиб, зарарсизлантирдик. Ерда бирорта аскар ҳалок бўлмади. Бизда Мудофаа вазирлигидан қўшилган жангчиларнинг бир нечаси яраланди, икки нафари ҳалок бўлди. 

Бизга дуч келган аскарларнинг барчаси бизни қўллаб-қувватлади. Биринчи отрядимиз ўз артиллериясини жойлаштириб, разведкани амалга оширганида тўхтадик, чунки кўп қон тўкилиши аниқ бўлди. Биз кучимизни намойиш этганимиз етарли деб ўйладик. Бу вақтда Лукашенко ёрдам қўлини чўзди ва «Вагнер»нинг кейинги фаолияти учун ҳуқуқий ечимларни топишни таклиф қилди. Колонналар орқага бурилиб, лагерларга қайтди», деди Пригожин. 

Пригожин сўзларига кўра, юриш Россияда хавфсизлик билан боғлиқ муаммоларни очиб берган. 

«Бизнинг юриш бутун мамлакат бўйлаб хавфсизлик муаммоларининг жиддий эканини кўрсатди - йўлдаги барча аэродромлар ва ҳарбий қисмларни эгалладик. 24 соат ичида биз 2022 йил 24 февралда рус қўшинларининг қўзғалган жойидан Киевгача бўлган ва худди шу нуқтадан Ужгородгача бўлган масофани босиб ўтдик. Агар махсус ҳарбий операция бошида вазифалар «вагнерчилар» томонидан бажарилганда эди, эҳтимол «махсус операция» бир кун давом этарди», деди у. 

Унинг таъкидлашича, юриш давомида ерда ҳеч бир жангчи жабрланмаган. Юриш Москвага 200 км масофа қолганида тўхтатилган. 

«Биз юришни адолатсизлик туфайли бошладик. Ерда бирор аскарни ўлдирмадик. Бир суткада Москвага 200 километргача яқинлашдик, Ростов шаҳрини назоратга олдик. Тинч аҳоли бизни кўриб хурсанд бўлди. Биз 2022 йил 24 февраль қандай кўринишда бўлиши мумкинлиги бўйича мастер-класс ўтказдик. Мавжуд тузумни ва қонуний сайланган ҳукуматни ағдариш мақсадимиз йўқ эди. Қон тўкилмасин деб орқага қайтдик», деб якунлади у. 

Мавзу
Пригожин исёни
23 июн куни кечқурун «Вагнер» раҳбари Евгений Пригожин РФ мудофаа вазирлигини вагнерчиларга ҳужум қилишда айблаб, «адолат марши» эълон қилди. 24 июн куни унинг қўшини Ростовни эгаллаб, Москва томон йўлга тушди.
Барчаси
Top