Ўзбекистон | 19:57 / 27.06.2023
19523
6 дақиқада ўқилади

Марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф «Олий Даражали Имом Бухорий» ордени билан мукофотланди

Ҳайит арафасида имзоланган президент фармонлари билан, марҳум шайхлар Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ва Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени билан мукофотланди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг собиқ раиси, муфтий, марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени билан мукофотланди.

Шунингдек, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг собиқ раиси, муфтий, марҳум шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ҳам “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени билан тақдирланди.

Бу ҳақдаги фармонларни президент Шавкат Мирзиёев 27 июн – Қурбон ҳайитидан олдинги Арафа кунида имзолади.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф “ўзининг серқирра фаолияти ҳамда беқиёс илмий-маърифий мероси билан исломий тафаккур ва маданиятни равнақ топтириш, муқаддас динимизнинг улуғ инсоний ғояларини халқимизга етказиш, машҳур уламоларимизнинг бебаҳо асарларини чуқур тадқиқ этиш, турли мамлакат ва ўлкаларда кенг тарғиб қилиш борасидаги кўп йиллик самарали меҳнати, халқаро миқёсда динлараро мулоқотни йўлга қўйиш, миллат ва элатлар ўртасида ҳамжиҳатлик ва аҳилликни мустаҳкамлаш, жамият ҳаётида ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга қўшган улкан ҳиссаси, диний ва дунёвий билимларни пухта эгаллаган етук мутахассисларни тайёрлаш, ёш авлодни она Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш йўлидаги алоҳида хизматлари учун” мукофотланди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 1952 йил 15 апрелда Андижон вилоятида туғилган.

Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасасида, Тошкентдаги имом Бухорий номли Ислом олий маъҳадида, Ливиянинг Триполи шаҳридаги Исломий даъват факультетида таҳсил олган. Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси ва Олий маъҳадда турли лавозимларда фаолият юритган уламо 1989 йилга келиб Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси муфтийси лавозимига тайинланган.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 1989 йилда собиқ совет Олий Кенгашига депутат этиб сайлангач, собиқ иттифоқ президенти Михаил Горбачёв ва Олий Кенгашга иттифоқ мусулмонларининг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш юзасидан баённома тақдим этган. Унинг Горбачёв билан бевосита мулоқотидан кейин Москванинг мусулмонларга нисбатан сиёсатида ижобий ўзгариш сезила бошлагани айтилади. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг саъй-ҳаракатлари билан собиқ иттифоқда кўплаб масжидлар ва мадрасалар очила бошланди, мусулмонларга ўз диний урф-одатларини, маросимларни адо этишга рухсат берила бошланди. Собиқ иттифоқдан ҳаж сафарига борадиган мусулмонларнинг сони кескин оширилди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф – мустақил Ўзбекистоннинг биринчи муфтийси. У ислом дунёсидаги нуфузли ташкилотларнинг аъзоси эди. Олим илмий ва диний фаолияти, ўзбек тилидаги ўнлаб диний-маърифий китоблари билан Марказий Осиё ислом оламида катта из қолдирди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 2015 йил 10 март куни Тошкент шаҳрида вафот этди. Шаҳардаги Шайх Зайниддин (Кўкча) қабристонига дафн этилган.

Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон “ғоят мураккаб тарихий шароитда фаолият кўрсатиб, мамлакатимиз ва минтақамизда ислом маданияти ва илм-фанини ривожлантириш, муқаддас динимизнинг инсонпарварлик моҳияти ва эзгу ғояларини эл-юртимизга безавол етказиш, буюк уламо ва мутафаккирларимизнинг бебаҳо илмий меросини турли миллатлар ва элатлар орасида кенг тарғиб этиш борасидаги кўп йиллик ибратли фаолияти, халқаро миқёсда динлараро мулоқотни йўлга қўйиш, ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш ишларига қўшган улкан ҳиссаси, диний ва дунёвий билимларни пухта эгаллаган етук мутахассисларни тайёрлаш, ёш авлодни эзгулик ва маърифат, она Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш йўлидаги юксак хизматлари учун” эътироф этилди.

Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон 1908 йили Тошкент шаҳрида, ислом алломаси Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон хонадонида туғилган. 12 ёшида Қуръон ҳофизи бўлган. Тошкентдаги Кўкалдош мадрасасида ҳадис ва фиқҳ илмини ўрганган. 1943 йилда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси ташкил этилгач, унинг отаси Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон раис, ўзи эса масъул котиб ва Ўзбекистон қозиси этиб сайланган.

Уламо 1947-1948 йилларда Қоҳирадаги Ал-Азҳар дорилфунунида, сўнгра Макка ва Мадина шаҳарларида таҳсил олиб, ҳадис илмини чуқурлаштиради. 1948 йили минтақа мусулмонлари диний бошқармаси ноиби, 1957 йилда отасининг вафотидан кейин раис, муфтий этиб сайланади ва умрининг охирига қадар бу вазифада самарали меҳнат қилади.

Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохоннинг раҳбарлиги даврида Қуръони карим ва бошқа диний китоб-дарсликлар чоп этилди, Тошкент Ислом маъҳади очилди, мусулмонлар учун журнал, тақвим нашр этила бошлади. У СССР, Иордания, Марокаш, Ливан мамлакатлари мукофотларини олган, бир неча илмий-маърифий, шеърий асарлари бор. 1982 йили вафот этган, қабри Тошкентнинг Ҳасти Имом мавзеъида.

Мавзуга оид

Эълонлар

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

Xiaomi жаҳон бозорида фотосурат санъатини янги чўққига олиб чиқувчи Xiaomi 15 сериясини тақдим этмоқда

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

Xiaomi жаҳон бозорида фотосурат санъатини янги чўққига олиб чиқувчи Xiaomi 15 сериясини тақдим этмоқда

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи