Ўзбекистон | 16:28 / 28.06.2023
8126
2 дақиқада ўқилади

Бухорода 16 туп дарахтни кесган шахсга нисбатан иш очилди

Бухоро шаҳрида фуқаро феврал ойида 16 туп дарахтни кесиб ташлаб табиатга 259 млн сўм зарар етказган. Унга нисбатан иш очилиб, судга юборилди.

Фото: Бухоро вилояти экология бошқармаси

Бухоро вилояти экология бошқармаси Бухоро шаҳрида кўп қаватли уй-жой қурилиши белгиланган жойда 16 туп дарахт ҳамда буталар кесилгани билан боғлиқ вазиятни ўрганиб, натижа ҳақида маълумот берди.

Қайд этилишича, ҳаракат Бухоро шаҳар Придастгир кўчаси 3/7-уй ва Алпомиш кўчаси 14-уй орасида кўп қаватли уй-жой қурилиши белгиланган ҳудудда фуқаро Қ.Қ томонидан содир этилган. Ҳуқуқбузарликка жиноят аломатлари мавжудлиги учун Бухоро шаҳар Прокуратурасига ҳужжатлар тақдим этилган.

Унга кўра, фуқаро Қ.Қ га нисбатан содир этган ҳуқуқбузарлиги учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси 1-қисми (Дарахтларни, буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш) билан 1 350 000 сўм жарима ҳамда табиатга етказилган зарар 259 млн сўм ҳисобланиб, ҳужжатлар судга тақдим этилди.

  • Шу йил феврал ойида «Потребитель Бухара» Telegram-каналида Бухоро шаҳарида икки уй орасида кўп қаватли уй-жой қурилиши белгиланган жойда 16 туп дарахт ҳамда буталарни кесгани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга оид