Жаҳон | 20:20 / 28.06.2023
13257
3 дақиқада ўқилади

Колизей деворига маъшуқасининг исмини ўйиб ёзган сайёҳ қамалиши мумкин

Айни пайтда сайёҳ Италия полицияси томонидан қидирувга берилган.

Сайёҳнинг ўзи YouTube’га жойлаган видеода 1937 ёшдаги қадимий ёдгорлик деворларига калит билан ўзининг (Иван) ҳамда суюклисининг (Ҳэйли) исмларини ўйиб ёзгани кўринади. Ушбу ҳолат бошқа бир шахс томонидан тасвирга олинган бўлиб, Иван камерага қараб қўйганда унинг юз ифодаси қилаётган ишидан мамнун эканини кўриш мумкин. Воқеа 23 июнь куни рўй бергани айтилмоқда.

Ушбу видео ижтимоий тармоқларда тарқалгач, кўплаб фойдаланувчилар уни ҳибсга олиш ва жазолашни талаб қилиб изоҳ қолдиришган. Италия маданият вазири ушбу ҳолатни оқибатсиз қолдирмасликка ваъда берган, бунинг ортидан ушбу шахсга нисбатан қидирув эълон қилинганди. Полиция томонидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

“Умид қиламанки, ким буни қилган бўлса, аниқланиб қонунларимиз бўйича жазоланади”, дея таъкидлаган вазир Женнаро Санжулиано.

Маданий ёдгорлик объектларига зарар етказиш аксарият Европа давлатларида, жумладан, Италияда кўп учрайдиган ҳолат. Шу сабабли бундай хатти-ҳаракат учун жиноий жавобгарлик жорий этилган.

Италиянинг ANSA ахборот агентлиги жорий йилда сайёҳлар томонидан Колизей деворларига тўрт марта зарар етказилгани ҳақида хабар берган. Агентлик бундай ҳаракат учун қонунбузар 15 минг евро миқдоридаги жарима ёки беш йилгача қамоқ жазосига тортилиши мумкинлигини эслатган.

2014 Колизей деворига “К” ҳарфини ўйиб ёзган россиялик сайёҳ 20 минг евро миқдорида жаримага тортилган ва 4 ой муддатли шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

2015 йили икки америкалик қадимий ёдгорлик деворига исмларини ўйиб ёзгани ортидан судга тортилган.

Мавзуга оид