Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Самарқандда 15 гектар майдонда қон препаратлари ишлаб чиқарувчи завод қурилади
Хитой билан ҳамкорликда барпо этиладиган фармацевтика заводи ўз йўналишида Марказий Осиёда ягона бўлиши кутилмоқда.
Самарқандда Хитой билан ҳамкорликда қон препаратлари ишлаб чиқарилади, дея хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати. 27 июнь куни вазирликда бўлиб ўтган учрашувда Хитойнинг “Xindeyuan Bioengineering” компанияси вакиллари билан айни шу масалада музокара ўтказилган.
“Кейинги йилларда юртимизда ноёб юрак операциялари, инсон тана аъзоларини кўчириб ўтказиш каби мураккаб жарроҳлик амалиётларининг йўлга қўйилиши ҳамда хавфли касалликлар диагностикасининг яхшиланиши сабабли сифатли қон компонентларига бўлган эҳтиёж янада ортди.
Биргина мисол. Бугун битта жигар трансплантацияси учун 30 литргача қон плазмаси зарур. Шунинг ўзиёқ қоннинг аҳамияти нақадар муҳим эканини кўрсатади. Шу жиҳатдан олганда гематологик, онкогематологик ва бошқа даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш, уларни зарур қон компонентлари ва дори воситалари билан таъминлаш, ушбу касалликлар профилактикасини кучайтириш долзарб масалалардан бири”, дейилади ССВ хабарида.
Қайд этилишича, Хитой компанияси вакиллари билан учрашувда Самарқанд вилояти “Ургут” эркин иқтисодий зонасида умумий қиймати 250 миллион долларлик инвестициявий лойиҳани амалга ошириш борасида келишувга эришилган.
Янги завод 15 гектар майдонда қурилиши ва у қон препаратлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган Марказий Осиёдаги ягона завод бўлиши кутилмоқда.
Ушбу завод Ўзбекистондаги қон препаратларига бўлган эҳтиёжни қондириш, шу билан бирга, маҳаллий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орқали импорт ҳажмининг камайишига хизмат қилишига умид боғланган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон гематология ва трансфузиология хизматларини ривожлантириш учун 128 млрд сўм маблағ ажратилган бўлиб, ушбу йўналишларда қўлланадиган 67 турдаги дори воситалари ва реагентлар президент Шавкат Мирзиёевнинг тегишли қарорига мувофиқ асосан четдан келтирилмоқда.
Мавзуга оид
10:15 / 17.06.2026
Ўзбекистонда 10 ёшдан катта аҳолининг қарийб барчаси мобил телефон ишлатади
18:39 / 16.06.2026
Ҳиндистонда тиббиёт олийгоҳларига кириш имтиҳонлари пайтида Telegram блокланди
23:44 / 13.06.2026
Туркияда қўлга олинган халқаро қидирувдаги икки шахс Ўзбекистонга қайтарилди
12:12 / 09.06.2026