Франция тартибсизликлар муносабати билан 40 минг полициячини сафарбар қилмоқда
Францияда полициячининг ўсмир йигитни ўлдириши билан боғлиқ тартибсизликлардан сўнг ўнлаб одамлар қўлга олинди. Париж жамоат транспорти фаолиятини чеклайди. Пойтахт чеккаларидан бирида комендантлик соати жорий этилди.
Францияда ўсмирнинг полициячи томонидан ўлдирилиши туфайли қатор шаҳарларда давом этаётган тартибсизликлар муносабати билан кўчаларда хавфсизликни таъминлаш учун 40 минг полициячи сафарбар қилинади. Бу ҳақда 29 июнь, пайшанба куни республика ички ишлар вазири Жералд Дарманен маълум қилди. Биргина Париж ва унинг чеккасида 5000 полициячи тартибни таъминлайди, деди ички ишлар вазири.
Катта Париж агломерациясидаги жамоат транспорти вақтинча иш вақтини ўзгартирди ва уни маҳаллий вақт билан 21:00 (Тошкент вақти билан 24:00) да якунлайди. Расмийлар буни тартибсизликлар туфайли транспорт компаниялари ходимлари ва йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш зарурлиги билан изоҳлади.
Айни пайтда, пойтахтдан 10 км жануби-ғарбда жойлашган Кламар шаҳрида комендантлик соати жорий этилди. У 29 июндан 3 июлгача маҳаллий вақт билан 21:00 дан 06:00 гача (Тошкент вақти билан 24:00-09:00) амал қилади. Тартибсизликлар бу аҳоли пунктини ҳам четлаб ўтмади - кечаси Кламарда трамвай ёқиб юборилди.
27 июнь куни фожиали воқеа содир бўлган Нантерда марҳум йигит хотирасига марш бўлиб ўтди. Le Monde газетасининг ёзишича, юришда 6200 киши тўпланган. Намойишчиларнинг бир қисми полицияга тош отишни бошлади. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари кўздан ёш оқизувчи газ билан жавоб берган.
Ўсмир билан боғлиқ фожиа 27 июнь куни юз берган. Полиция маълумотларига кўра, машинани бошқараётган Наэл М. исмли йигит унинг талабларини бажаришдан бош тортган. Франциянинг Rfi интернет нашри хабарига кўра, ёш ҳайдовчини отган 38 ёшли полициячи қасддан қотилликда гумон қилиниб, ҳибсга олинган.
27 июнь куни ижтимоий тармоқларда воқеа акс этган видео тарқалди. Ундан кўриниб турибдики, сариқ рангли машинани текшириш вақтида полициячилардан бири ҳайдовчига қурол ўқталиб турган. Машина узоқлашаётганда полициячи ўқ узган ва ҳайдовчининг кўкрагини нишонга олган. Воқеа жойига етиб келган шифокорлар Наэлни қутқара олмади. Маълумотларга кўра, у билан бирга машинада яна икки киши бўлган. Улардан бири қочишга муваффақ бўлган, иккинчиси - вояга етмаган шахс, қўлга олинган, аммо 29 июнь куни эрта тонгда қўйиб юборилган.
Мавзуга оид
20:58 / 12.11.2024
Франциядаги йирик оммавий ахборот воситалари Х ижтимоий тармоғини судга берди
17:50 / 06.11.2024
Макрон Трамп ғалабасидан кейин Франция ва Германия мақсадларини айтди
21:44 / 05.11.2024
Netflixʼнинг Париж ва Амстердамдаги офисларида тинтув ўтказилди
18:52 / 05.11.2024