Ўзбекистон | 18:56 / 04.07.2023
6763
7 дақиқада ўқилади

Мирзиёев ШҲТ яхши қўшничилик, ишонч ва трансчегаравий шериклик кодексини ишлаб чиқишни таклиф қилди

Шу билан бирга президент инновацион тараққиёт, рақамлаштириш ва роботлаштириш, сунъий интеллект, биотехнология, фармацевтика ва келажак саноатининг бошқа тармоқларини қамраб оладиган ШҲТ янги иқтисодий мулоқоти дастурини қабул қилишни таклиф этди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди таклифига биноан 4 июль куни Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) давлатлари раҳбарлари кенгашининг видеоанжуман шаклидаги навбатдаги мажлисида иштирок этди.

Ҳиндистон томонининг раислигида ўтган тадбирда Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Россия ва Тожикистон раҳбари ҳамда ШҲТ бош котиби Чжан Мин ва ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижро қўмитаси директори Руслан Мирзаев ҳам қатнашди.

Кун тартибига мувофиқ, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди, кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон раҳбари ўз нутқида халқаро муносабатлар тизимида рўй бераётган туб ўзгаришлар – геосиёсий кескинлик кучайиб, зиддиятлар авж олаётгани, глобал барқарорлик ва изчил тараққиётга хавф солаётган янги хатар ва таҳдидлар пайдо бўлаётгани, экология, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги соҳасидаги хавфлар ортиб бораётганини қайд этди.

– Шу муносабат билан конструктив ва ишончга асосланган мулоқотни йўлга қўйишга кучли эҳтиёж борлиги яққол кўриниб турибди, – деди мамлакат етакчиси.

Ўзбекистон низо ва зиддиятларни ҳал қилиш, тинчлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган ечимларни излаш ва муросали қарорларни қабул қилишда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг марказий ўрнига нисбатан принципиал позицияга риоя қилиши таъкидланди.

ШҲТ фаолияти тўғрисида сўз юритар экан, Ўзбекистон президенти ушбу ташкилот муваффақияти унинг асосий тамойилларига қатъий риоя этишга асосланганлигига эътибор қаратди. Булар - ташкилотнинг блокдан ташқари мақоми, очиқликка қатий содиқлик, тенглик ва консенсус асосида қарор қабул қилиш тамойилларидир.

– Энг муҳими, бизнинг ҳамкорлигимиз турли манфаатлар, ёндашувлар, қарашлар ва маданий тафовутларни ўзаро ҳурмат қилиш ва конструктив идрок этишга суянади, – деди давлат раҳбари.

ШҲТ минтақавий кун тартибидаги энг долзарб масалаларни ҳал қилишда самарали халқаро тузилма сифатидаги етакчи ролини сақлаб қолиш мақсадида қабул қилинган келишувлар ва қарорларни инвентаризациядан ўтказиш, шакллантирилган институтлар ва ҳамкорлик механизмларининг фаолиятини аудит қилиш, ташкилотни модернизациялаш бўйича келишувларнинг бажарилишини жадаллаштириш таклифи илгари сурилди. Экспертлар форуми доирасида ШҲТ истиқболлари бўйича қўшма тадқиқот лойиҳасини амалга ошириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Саммитнинг кун тартибидан келиб чиқиб, Ўзбекистон президенти ташкилот доирасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича аниқ таклифларни баён қилди. Хусусан, давлат раҳбари кўп томонлама сиёсий ҳужжат — ШҲТ яхши қўшничилик, ишонч ва трансчегаравий шериклик кодексини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурди.

– Унинг қабул қилиниши устувор вазифаларни аниқлаш, янги шароитларда кўп томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштириш бўйича умумий ёндашувлар ва комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш имконини беради, - деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон раҳбари ШҲТ давлатлари саноат ва инновацион тараққиёт кўрсаткичлари бўйича етакчилик қилгани ҳолда улкан интеллектуал салоҳиятга, энг бой энергия ва аграр ресурсларга эга эканини қайд этди.

– Бугунги кунда ички-минтақавий савдо ва саноат-технологик ҳамкорликни ривожлантириш учун умумий маконни шакллантириш ташаббуси ҳар қачонгидан ҳам долзарбдир, - деди Ўзбекистон етакчиси.

Шу маънода, президент инновацион тараққиёт, рақамлаштириш ва роботлаштириш, сунъий интеллект, биотехнология, фармацевтика ва келажак саноатининг бошқа тармоқларини қамраб оладиган ШҲТ янги иқтисодий мулоқоти дастурини қабул қилишни таклиф этди.

Бу йўналишлардаги лойиҳаларни илгари суриш мақсадида давлат раҳбари Ўзбекистонда ШҲТга аъзо давлатлар ҳудудларининг инновацион шериклиги ҳафталигини ҳамда юқори теҳнологиялар қўшма кўргазмасини ўтказиш таклифини билдирди.

Транспорт-коммуникация масалаларига тўхталиб, Ўзбекистон президенти ШҲТ давлатларининг транспорт ўзаро боғлиқлигининг ягона харитасини ишлаб чиқиш ташаббусини билдирди.

– Бу “тўсиқлар” ва “бўшлиқлар”ни аниқлаш, умумий, интеграциялашган транспорт-транзит тизимини шакллантириш учун устувор чора-тадбирлар ва лойиҳаларни белгилаш имконини беради, - деди Шавкат Мирзиёев.

Келгуси йилни ШҲТ маконида Экология йили деб эълон қилинишини қўллаб-қувватлаб, мамлакатимиз етакчиси “Яшил камар” дастури доирасида Минтақавий экологик лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва “яшил” технологияларни жорий этиш бўйича қўшма ҳаракатлар режасини тайёрлашни таклиф қилди.

– ШҲТ майдонида иқлим ўзгаришига мослашиш, декарбонизация ва “тоза” технологияларни жорий этиш, “ақлли” қишлоқ хўжалиги ва сув тежамкорлигини ривожлантириш бўйича яқинроқ мувофиқлаштириш ва амалий ҳамкорлик зарур, - деди давлат раҳбари.

Ўзбекистон президенти Самарқанддаги "Ипак йўли" халқаро университети негизида шу йилнинг октябрь ойида Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Бош ассамблеясининг юбилей сессияси доирасида ШҲТ туризм индустриясини ривожлантириш бўйича қўшма илмий-амалий конференция ўтказишга тайёрлигини билдирди.

Давлат раҳбари ШҲТнинг бой маданий-гуманитар салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш мақсадида ўзаро мувофиқлашган сиёсатни амалга оширишнинг долзарб аҳамиятига алоҳида тўхталди. Шу муносабат билан интенсив маданий алмашинувнинг йиллик тақвимини шакллантиришни амалиётга жорий этиш ҳамда “ШҲТ - келажакнинг ижодий ғоялари ва ташаббуслари макони” ёшлар алмашинувини кенгайтириш бўйича Тадбирлар дастурини тайёрлаш таклиф қилинди.

ШҲТнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси фаолиятини фаоллаштириш борасидаги саъй-ҳаракатларни қайд этиб, мамлакат етакчиси тузилма кенгашининг сайёр йиғилишлари амалиётини давом эттиришни қўллаб-қувватлади, бу тузилманинг замонавий таҳдидларга тезкор жавоб бериш масалаларида ваколатларини оширишга имкон беришини таъкидлади.

Яна бир муҳим масала - Афғонистонда сақланиб қолаётган мураккаб вазиятга тўхталиб ўтилди.

Президент Афғонистоннинг бевосита қўшнилари бўлган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлатлари узоқ муддатли сиёсий ечимни топишдан барчадан кўра манфаатдор эканини таъкидлади.

Шу муносабат билан “ШҲТ – Афғонистон” алоқа гуруҳи форматида қўшма фаолиятни ва маслаҳатлашувларни қайта тиклаш таклиф қилинди.

Тадбир якунида ШҲТ давлатлари раҳбарлари қуйидаги ҳужжатларни имзоладилар:

  • ШҲТ давлатлари раҳбарлари кенгашининг Нью-Деҳли декларацияси;
  • 2030 йилга қадар ШҲТ минтақасида иқтисодий ривожланиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида қарор;
  • Эрон Ислом Республикасини ШҲТ аъзолигига қабул қилиш тартиботини якунлаш ва унга ШҲТ аъзоси мақомини бериш тўғрисида қарор;
  • Беларус Республикасининг ШҲТга аъзо давлат мақомини олиш учун мажбуриятлари тўғрисидаги меморандумни имзолаш ҳақида қарор.

Бундан ташқари, иқтисодий ҳамкорлик ва рақамли трансформацияни янада ривожлантириш, минтақавий хавфсизликни таъминлаш ва маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтиришга қаратилган 10 та ҳужжат қабул қилинди.

ШҲТ раислиги Қозоғистон Республикасига ўтди.

Мавзуга оид