Kun.uz мухбири – Ислом молияси бўйича AAOIFI сертификати соҳиби, Мадина Ислом университети магистранти Маҳмуд Усмон ҳамда Тошкент давлат юридик университети “Бизнес ҳуқуқи” кафедраси мудири, юридик фанлари доктори Ҳусайн Ражабов билан суҳбатлашди. Мутахассислар Ислом молия тизими ва унинг дунё иқтисодидаги ўрни, Ўзбекистонда Исломий банклар очиш, қонунчиликда кутилаётган ўзгаришлар ҳақида сўз юритади ва уларга ўз тавсияларини берди.

— Ўзбекистонда Ислом молиясининг даражаси қандай? Бу тизим ишлаб кетиши учун нималар тўсқинлик қиляпти ва қандай имкониятлар бор?

Ҳусайн Ражабов:

— Ислом молиясига Ўзбекистонда эҳтиёж борми, деган масалада сўровномалар ўтказилган. 2 мингдан ортиқ бизнес вакиллари, 5 мингдан ортиқ жисмоний шахслар иштирок этган ва натижага кўра, бизнес вакилларининг 38 фоизи, жисмоний шахсларнинг 56 фоизи ўз диний қарашлари туфайли анъанавий банкларга мурожаат қилмаслигини айтиб ўтган. Бу кичик рақам эмас. Кичик ва ўрта бизнес молиялаштиришга катта эҳтиёж сезади. Лекин юқорида айтганимиздек, кўпчилик диний қараши туфайли рибога асосланган давлат кредитларидан фойдаланмайди. Аҳолининг 15-20 фоизи анъанавий банклар тизимидан фойдаланмайди, бу эса исломий банкларга эҳтиёж борлигини кўрсатади. Президентимиз ҳам Намангандаги учрашувда исломий молия тизимини қўллаб-қувватлаши ҳақида гапирди. Ҳукумат доирасида ҳам ислом молиясига эътибор борлигини кўриш мумкин. Сўровномалардаги исломий банклардан фойдаланасизми деган саволга 60-70 фоиз киши фойдаланишга тайёр эканлигини билдирган. Аҳолимизнинг аксар қисми мусулмон бўлган ҳолатда ислом молиясини жорий қилиш муҳим эканини кўриш мумкин.

Маҳмуд Усмон:

— Тор маънодаги банк фаолиятидаги ислом молияси нуқтаи назаридан Ўзбекистонда янги банк қонуни ишлаб чиқишга эҳтиёж бор. Ҳозирда қонун лойиҳаси бор, кўриб ҳам чиқдик. Умуман олганда, Ўзбекистонда ислом молиясига эҳтиёж бор. Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилгани катта нарса. Лекин лойиҳага баъзи ўзгаришлар киритсак яхши бўлар эди деб ўйлайман.

Масалан, лицензия бериш масаласи бор. Исломий банк очиш, анъанавий банкда ислом молияси дарчаси очиш ва анъанавий банкларда исломий шартномалар тузиш масаласида лицензия берилади. Бу лицензияни Марказий банк бериши айтилган, лекин ислом молиясида дин билан боғлиқ қисмлар ҳам бор. Яъни лицензия беришда Марказий банкда исломий қоидаларга тўғри келганликни баҳолайдиган кадрлар, меъёрлар борми, деган масала ҳам бор. Яъни мутахассислар керак бўлади буни баҳолаш учун. Бу вазиятда лицензия бериш фақат Марказий банкнинг иши эмас, балки шаръий кенгашни жалб қилиш керак бўлади.