Сентябр ойи охирида корпорациянинг савдо-молия бош менежери Абдуҳамид Абу Тошкентга амалий ташриф билан келди. Ташриф доирасида ИСМК'нинг Ўзбекистондаги ҳамкорлари билан музокаралар бўлиб ўтди. Абдуҳамид Абу учрашувлар натижалари, ҳамкорлик истиқболлари, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш ва яқин келажакдаги режалар ҳақида сўзлаб берди.

— Жаноб Абуҳамид Абу, Халқаро исломий савдо ва молия корпорацияси ҳақида маълумот берсангиз. Корпорациянинг глобал мақсади нима?

— Халқаро исломий савдо ва молия корпорацияси (ИСМК) – Ислом тараққиёт банки (IsDB) гуруҳининг аъзоси. ИТБ гуруҳи таркибида бизнинг ташкилотимиз Ислом ҳамкорлик ташкилотига (ИҲТ) аъзо мамлакатларда савдони ривожлантириш билан шуғулланадиган ягона корпорация ҳисобланади.

ИСМК ўз фаолиятини 2008 йилда бошлаган. Ҳозирда биз савдони молиялаштириш ва умуман савдо соҳасини ривожлантиришни ўз ичига олган кенг қамровли савдо ечимлари шаклида ўз хизматларимизни тақдим этамиз. Корпорациянинг асосий мақсади – Ислом ҳамкорлик ташкилотига (ИҲТ) аъзо давлатлар ўртасида савдони ривожлантириш, бу – охир-оқибат одамларнинг ижтимоий-иқтисодий шароитларини яхшилаш бўйича умумий мақсадга эришишга ёрдам беради.

Глобал миқёсда корпорация ҳар йили 6 миллиард АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратади, уларнинг бир қисмини биз халқаро бозорлардаги шерикларимиздан мобилизация қиламиз. ИСМК ўз фаолияти бошлагандан бери ИҲТга аъзо мамлакатларга 70 миллиард АҚШ долларидан кўпроқ маблағ ажратди, бу эса ўз навбатида ушбу мамлакатлар эҳтиёжлари учун савдо ечимларининг етакчи провайдери бўлишига имкон берди. Молиялаштириш ҳамда қўллаб-қувватлашнинг асосий соҳаларига энергетика, қишлоқ хўжалиги/озиқ-овқат хавфсизлиги ва хусусий сектор, асосан кичик, шунингдек ўрта бизнес киради.

— ИСМК Ўзбекистонда қанча вақтдан бери фаолият юритмоқда?

Корпорациямиз Ўзбекистон билан ҳамкорликни 2018 йилда бошлаган. 2019 йилда Ўзбекистон ташкилотимизга аъзо бўлди ва шу йили Ўзбекистон ҳукумати ҳамда ИСМК 500 миллион АҚШ доллари миқдоридаги ҳадли келишув имзолади.

Бугунги кунда биз Ўзбекистонга тақдим этган жами молиялаштириш ҳажми 538 миллион АҚШ долларини ташкил этади, шундан 200 миллион АҚШ доллари давлат лойиҳаларига, қолган 338 миллион АҚШ доллари эса ҳамкорларимиз томонидан Ўзбекистон банклари орқали амалга оширилаётган кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашга қаратилган. Бугунги кунга қадар ИСМК 12 та банк билан шартномалар имзолади.

Биз Ўзбекистонда исломий молиялаштиришга катта талаб ва ҳамкорлик қилиш салоҳияти борлигини кўриб турибмиз, шунинг учун биз савдони молиялаштириш орқали исломий молиялаштиришнинг муҳимлигидан фойдаланишга ва уни илгари суришга интиламиз.