Жаҳон | 23:03 / 05.07.2023
20395
2 дақиқада ўқилади

Киев судида айбланувчи граната портлатди

Оқибатда айбланувчи ҳалок бўлди, икки полициячи жароҳат олди. 

Фото: The Insider

Украина пойтахти Киев шаҳрининг Шевченко тумани судида айбланувчи гранатани портлатиб юборди. Оқибатда у ҳалок бўлди, икки полициячи жароҳат олди. 

Портлашни 2015 йилда Украина Олий Радаси олдидаги митинг вақтида теракт уюштирганликда айбланаётган «Сич» кўнгиллилар баталони жангчиси Игор Гуменюк амалга оширган. 

Қайд қилинишича, суд унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чорасини узайтириши керак эди. 

Гуменюк суд маҳкамаси якунлангач, ҳожатхонага қамалиб олган. Соқчилар уни ушлашга уринганида граната улоқтириб, портлаш содир қилган. Сўнгра пайтдан фойдаланиб, қочишга уринган. Аммо соқчилар қуролдан осмонга ўқ узиб, уни тўхтатиб қолишган. Шунда Гуменюк яна бир хонага қамалиб олган ва бироз вақт ўтгач иккинчи гранатани улоқтирган. Бу сафар портлаш оқибатида унинг ўзи ҳалок бўлгани, икки нафар полициячи жароҳат олгани айтилмоқда. 

Гуменюк 2015 йилда Олий Рада олдида теракт уюштирганликда айбланаётган эди. Тергов талқинига кўра, у Миллий Гвардия ходимларига қарата граната улоқтирган. Портлаш оқибатида уч гвардиячи ҳалок бўлган. Гуменюк барча айбловларни рад қилиб келаётган эди.

Мавзуга оид