Жаҳон | 13:27 / 05.07.2023
6180
2 дақиқада ўқилади

The Telegraph: АҚШ фон дер Ляйенни НАТО бош котиби сифатида кўряпти

Оқ уйнинг фикрича, Европа комиссиясининг амалдаги раҳбари фон дер Ляйенни Шимолий Атлантика альянси раҳбари лавозимига кўтариш имконияти 2024 йилда Европа комиссияси раиси сайланганидан кейин пайдо бўлади, деб ёзади The Telegraph. 

Фото: Reuters

АҚШ президенти Жо Байден Йенс Столтенберг ўрнига НАТО бош котиби лавозимига Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен номзодини илгари сурмоқда, деб ёзади 4 июль, сешанба куни The Telegraph нашри НАТО доираларидаги исми ошкор этилмаган суҳбатдошига таяниб. 

Аввалроқ, кўпчилик Столтенбергнинг потенциал вориси деб ҳисобланган Британия мудофаа вазири Бен Уоллес Қўшма Штатлар НАТОнинг амалдаги бош котиби ваколатларини кенгайтириш истаги ҳақидаги хабарлар фонида берган интервьюсида бу лавозимни эгаллаши имконини кам деб айтган эди. 64 ёшли Йенс Столтенбергнинг мандати 4 июль куни 2024 йилнинг 1 октябригача узайтирилди. 

НАТОга аъзо давлатлар етакчилари жорий йилнинг 11-12 июль кунлари Вилнюсда бўлиб ўтадиган саммитда ташкилотнинг янги бош котиби номзоди бўйича келишиб олинишини кутган, бироқ ўринбосарни танлай олмаган, деб ёзади The Telegraph. 

The Telegraph ёзишича, агар 2024 йилда альянс навбатдаги бош котиб номзоди масаласида ҳеч қандай олға силжимагани аниқланса, НАТО «муаммолар» юзага келишидан ташвишланяпти. Шу билан бирга, Байден ва фон дер Ляйен сўнгги йилларда Хитой, Украина ва иқлимни муҳофаза қилиш бўйича трансатлантик сиёсат нуқтайи назаридан «кучли иттифоқ» тузди, дейди манба. 

Шу билан бирга, илгари Германия Мудофаа вазирлиги раҳбари бўлган фон дер Ляйен энди Россиянинг Украинага бостириб кириши хавфини нотўғри баҳолаган Европа разведка агентликларидан кўра Америка разведка маълумотларига кўпроқ таяниши айтилади.

Мавзуга оид