Ўзбекистон | 11:16 / 07.07.2023
7778
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Жаҳон банки кўмагида иссиқхона газлари эмиссиясини камайтиради 

Жаҳон банки томонидан қўллаб-қувватланадиган янги лойиҳа Ўзбекистонга иссиқхона газлари эмиссиясини камайтириш бўйича Париж келишуви доирасида халқаро мажбуриятларини бажаришга ва халқаро углерод бозорларига киришга ёрдам беради.

Жаҳон банкининг янги кўп миллион долларлик гранти Ўзбекистон ҳукуматига атмосферага иссиқхона газлари эмиссиясини камайтиришга, энергия ресурсларидан самарали фойдаланишни рағбатлантиришга, шунингдек, халқаро углерод бозорларига кириш имкониятига эга бўлишга ёрдам беради.

«Ўзбекистоннинг энергетика соҳасини трансформация қилиш учун инновацион углерод ресурслари» лойиҳаси Жаҳон банкининг энергетика соҳасида эмиссияларни камайтириш бўйича давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш дастури доирасида шу турдаги биринчи лойиҳасидир. Лойиҳа доирасида тақдим этилаётган 46 миллион 250 минг долларлик грант маблағлари энергия субсидияларини ислоҳ қилиш доирасидаги чора-тадбирларни рағбатлантириш учун ишлатилади. Улар энергия ресурслари истеъмолини ва иссиқхона газлари эмиссиясини камайтиришга олиб келади.

Лойиҳа Ўзбекистонга «углерод кредитлари»ни (CО2 тонна эквивалентида ўлчанадиган, иссиқхона газлари эмиссияси қисқартирилган қисмининг миқдори) тўплаб бориш ва уларни халқаро углерод бозорларида сотиш имконини беради. Лойиҳа Ўзбекистон ва Марказий Осиёда Париж келишуви доирасидаги биринчи шундай халқаро ташаббус бўлиб, мамлакатга жаҳон углерод бозори механизмларидан фойдаланиш имкониятини беради. 

Жаҳон банки томонидан қўллаб-қувватланадиган янги лойиҳа Ўзбекистонга иссиқхона газлари эмиссиясини камайтириш бўйича Париж келишуви доирасида халқаро мажбуриятларини бажаришга ва халқаро углерод бозорларига киришга ёрдам беради.

Лойиҳани амалга ошириш доирасида 2028 йилгача ҳар йили Ўзбекистонга энергия субсидияларини ислоҳ қилиш натижалари учун рағбатлантирувчи тадбирлар сифатида грант маблағлари ажратилиши режалаштирилган бўлиб, улар эмиссияларни тасдиқланган қисқариши учун ажратилади.

Прогнозларга кўра, лойиҳани амалга ошириш даврида Ўзбекистон эмиссияларни тахминан 60 миллион тоннага қисқартириши мумкин. Шундан тахминан 2-2,5 миллион тоннаси лойиҳа доирасида сотиб олинади. Қолган углерод бирликларини Ўзбекистон лойиҳа давомида яратилган ва синовдан ўтган тизим ва механизмлардан фойдаланган ҳолда халқаро углерод бозорларида сотиши мумкин бўлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид