Жанубий Кореяда 2 мингдан ортиқ «арвоҳ чақалоқ» бўйича текширув бошланди
Полиция туғилганлик ҳақида тиббий дафтарга эга, лекин туғилганлик ҳақида гувоҳнома олмаган 2 мингдан ортиқ чақалоқ тақдири билан қизиқмоқда.
Жанубий Корея ҳукумати 2015 йилдан буён туғилганлик ҳақида тиббий дафтарга эга, лекин туғилганлик ҳақида гувоҳнома олмаган 2 мингдан ортиқ чақалоқларни текшириш бўйича умуммиллий кампанияни бошлади. Бу ҳақда Yonhap хабар берди.
Рўйхатга олинмаган чақалоқлар сони 1069 нафарга етган, айни пайтда 939 нафари бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Қайд этилишича, 939 нафар «арвоҳ чақалоқ»дан 34 нафари аллақачон ўлгани тасдиқланган. Полиция 34 та ҳолатдан 19 тасида ўлим зўравонлик оқибатида юз берганини истисно қилган.
Жанубий Корея полицияси ҳозирда 11 нафар боланинг шубҳали ўлимини тергов қилмоқда. 4 нафар боланинг ўлимига ота-онаси алоқадорлиги аниқлангач, иш прокуратурага юборилган.
Айни пайтда полиция яна рўйхатга олинмаган 782 нафар чақалоқни топишга ҳаракат қилмоқда.
2023 йил июнь ойида Жанубий Корея полицияси Сувон шаҳрида даҳшатли қотилликни фош қилган эди. Унда ёш она 2018 ва 2019 йилларда туғилган чақалоқларини бўғиб ўлдириб, музлатгичда сақлаб келгани аниқланган. Бу чақалоқлар туғуруқхонада рўйхатга олинган, аммо туғилгани ҳақида гувоҳномаси бўлмаган. Шундан сўнг, полиция бутун мамлакат бўйлаб шундай чақалоқларни аниқлаш бўйича кенг қамровли терговни бошлаб юборди.
Мавзуга оид
17:28 / 22.01.2025
Қирғизистонда симоб сотишга уринган ўзбекистонлик ушланди
13:10 / 22.01.2025
Жанубий Кореяда 9 йилдан сўнг биринчи марта туғилиш даражаси ўсди
14:20 / 21.01.2025
Қўли кесилган 2 ойлик чақалоқ: унинг яқинлари шифокорлардан норози
17:22 / 20.01.2025