“Амалдаги қонунларимизда сайловга оид қонунчиликни бузганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик ҳам белгиланган бўлиб, бундан сайлов жараёни иштирокчиларининг қонунчиликка тўлиқ риоя этишлари ва ҳуқуқлари самарали амалга оширилишини таъминлаш кафолати кўзланган.

Сайловга тайёргарлик кўриш жараёнлари бошланганидан бугунги кунга қадар сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказиш, жумладан сайлов ўтказувчи комиссияларнинг фаолиятига аралашиш, уларнинг ишига тўсиқларни юзага келтириш, сайлов ўтказувчи комиссияларнинг қарорларини ижро этмаслик, уларнинг мурожаатларини кўриб чиқишни ғайриҳуқуқий равишда рад этиш, уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлари судларга келиб тушмаган”, дея Халилулло Тўрахўжаевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Олий суд мулозимининг таъкидлашича, сайловга қўйилган масалалар юзасидан ташвиқот олиб бориш шартлари ва тартибини бузиш, сайловга тайёргарлик кўриш ва сайлов ўтказиш жараёнида ахборот ҳамда ташвиқот материалларини қасддан йўқ қилиб юбориш ёки уларга қасддан шикаст етказиш билан боғлиқ бўлган қоидабузарлик учун бирон-бир шахс маъмурий жавобгарликка тортилмаган.

“Шу билан биргаликда, сайловни ташкил қилиш, уни ўтказиш вақтида мансабдор шахслар, сиёсий партиялар ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг вакиллари ёхуд сайлов комиссиялари аъзолари томонидан овоз беришнинг яширинлигини бузиш, сайлов ҳужжатларини қалбакилаштириш, имзо варақаларига сохта ёзувлар киритиш, берилган овозларни атайлаб нотўғри ҳисоблаш, фуқароларнинг сайловда эркин иштирок этишларига зўрлик ишлатиш, қўрқитиш, алдаш ёки оғдириб олиш йўли билан тўсқинлик қилиш билан боғлиқ жиноят ишлари ҳам судларнинг иш юритувига келиб тушмади.

Ушбу давр мобайнида фуқаролар томонидан сайлов ўтказувчи комиссияларига ҳуқуқлари бузилганлиги тўғрисидаги мурожаатларига берилган жавобларидан норози бўлиб судларга ариза (шикоят) келтирилмаган. Фақат, кечаги матбуот анжуманида ахборот берганимдек давр мобайнида масалага доир бир дона мурожаат келиб тушган бўлиб, белгиланган тартибда кўриб чиқилди.

Мазкур давр мобайнида фуқаролар томонидан Сайлов комиссияларнинг қарорларини ҳақиқий эмас, уларнинг хатти-ҳаракатларини ғайриқонуний деб топиш масаласида судларга бошқа шикоятлар келиб тушмади”, дейди Х.Тўражўжаев.

Хорижий давлатлардаги ватандошларимиз учун Марказий сайлов комиссияси қарори билан хориждаги дипломатик ваколатхоналарда жами 56 та участка ташкил этилган. Олий суд раиси ўринбосарига кўра, ушбу сайлов ўтказувчи комиссиялар қарорларини ҳақиқий эмас, уларнинг хатти-ҳаракатларини ғайриқонуний деб топиш масаласидаги шикоятлари Тошкент туманлараро маъмурий суди томонидан кўриб чиқилади ва мурожаатларни судга электрон шаклда юбориш механизми яратилган. Ҳозирга кунга қадар бундай мурожаатлар келиб тушмаган.