Жамият | 21:03 / 10.07.2023
50562
8 дақиқада ўқилади

«Туя гўштини еган» қурилиш. Тошкентда яна бир «новостройка» харидорларига топширилиши кечикмоқда

Пойтахтда фуқаролар янги турар жой мажмуаларидан квартира сотиб олишда алданган ёхуд ўз вақтида уй-жойга эгалик қилолмаётганига оид муаммолар кўп учрамоқда. Афсуски, бу каби ҳолатлар ҳали-бери тугайдиганга ўхшамайди, афтидан пойтахт “новостройка” муаммолари ўчоғига айланган кўринади.

Таҳририятимизга Тошкентнинг Яккасарой тумани Кичик ҳалқа йўли кўчаси 22-автотураргоҳ ўрнида қурилаётган кўп қаватли уйдан квартира олиш учун шартнома қилган бир гуруҳ фуқаролар мурожаат қилишди.

Маълум бўлишича, улар “Avtomotohavaskor Orlanda” МЧЖ билан 2020 йилда шартнома қилишган. Шартномада қурилиш ишлари 2021 йилнинг 31 декабригача тугалланиб, уй фойдаланишга топширилиши кераклиги қайд этилган бўлса-да, мурожаатчилар пудратчи шартнома шартларини бажармаётгани, ҳар сафар турли баҳоналар билан қурилиш ишларини охирига етказмай келаётганини айтишмоқда.

Яккасарой тумани Кичик ҳалқа йўли кўчаси 22-автотураргоҳ ўрнида қурилаётган кўп қаватли уй (фуқаролар юборган расм)

“Avtomotohavaskor Orlanda” МЧЖ билан ҳали қурилмаган квартирани сотиб олиш учун биринчилардан бўлиб шартнома тузганман. Олди-сотди шартномасининг 1-бандига мувофиқ уй нархининг бир қисмини бошланғич тўлов сифатида тўлаб, қолган қисмини 24 ой давомида уздим. Бир йил аввал квартира пулини тўлиқ тўлаб бўлганман.

Шартнома бўйича уй 2021 йил 31 декабрга топширилиши керак эди, лекин орадан 1 йил 6 ой ўтди ҳамки квартирани топширмади. Шу йил майда қурилиш фирмаси раҳбари августгача уйларимиз фойдаланишга топширилишига ваъда берган, аммо бу ҳам бажарилмади. Ўзим оилам билан ижарада яшаяпмиз. Уй айтилган муддатда фойдаланишга топширилмагани учун икки карра харажатга тушяпман, дейди мурожаатчилардан бири.

Яккасарой тумани Кичик ҳалқа йўли кўчаси 22-автотураргоҳ ўрнида қурилаётган кўп қаватли уй

“Объект паспортида бу ерда 208 та хонадонли 9 қаватли турар жой мажмуаси қурилиши қайд этилган. Умумий қурилиш майдони 2576,4 метр квадрат. Қурилишга 2019 йилнинг 5 июнь куни рухсат олинган. Квартиралар сотуви 2020 йилнинг бошида бошланган.

Ҳамма билан турли вақтда шартнома қилингани учун ҳужжатларда уйларни фойдаланишга топшириш муддати ҳар хил. Бу уй қийматининг катта қисми 24 ой давомида фоизсиз бўлиб тўлангани билан боғлиқ бўлиши керак. Шундай бўлса-да, энг охирги шартномага қаралганда ҳам пудратчи қурилишни топширишга кечикаётганини кўриш мумкин. Аҳвол шу зайлда давом этса йил охиригача ҳам уйларимизни олишимизга кўзим етмаяпти. Икки юздан ортиқ одам уйи битса, кўчиб кириш учун кун санаяпти. Қаерга бош уриб боришни билмаяпмиз”, дейди бошқа бир мурожаатчи.

Яккасарой тумани Кичик ҳалқа йўли кўчаси 22-автотураргоҳ ўрнида қурилаётган кўп қаватли уйнинг паспорти

“9 қаватли бино кўтарилган бўлса-да, кўп квартираларни бир-биридан ажратиб турувчи деворлар йўқ. Ҳали бирорта квартирага эшик ўрнатилмаган. Лифт октябрда ўрнатилар экан. Санайверсак, бунақа камчиликлар жуда кўп.

Биз “Avtomotohavaskor Orlandа” МЧЖ билан шартнома қилган бўлсак, қурилиш “Strong Edifice” МЧЖга топширилган. Пудратчи биз билан учрашувда ҳар сафар турли баҳоналар билан қўйнимизни пуч ёнғоққа тўлдириб келмоқда.

Қачон уйларимизга кўчиб кирамиз-у, қачон кадастрли бўламиз, ҳеч ким билмайди. Худо билади бунгача яна қанча вақт кетади, назорат органлари вазиятга мутлақо бефарқ. Пудратчи ҳаммаям уй пулини тўлиқ тўламаганини айтяпти. Биз шартнома бўйича мажбуриятимизни тўлиқ бажарган бўлсак, нима учун бошқаларни деб азият чекишимиз керак. Шаҳар бедарвоза эмас-ку ахир”, дейди яна бир харидор.

Маълум бўлишича, хонадон соҳиблари 8 июль куни ҳам қурилиш майдонига боришган ва пудратчи ташкилот раҳбари билан учрашишган. Учрашувда пудратчи тўртта подъезд тайёр экани, канализация, совуқ сув ва газ трубалари ўтказилгач, ушбу квартираларга эшик ўрнатиб, 10 июл – душанба кунидан уй тўловини тўлиқ тўлаб бўлган фуқароларга тақсимлаб берилиши, шундан сўнг бемалол уй ичида қурилиш бошлаш мумкинлигини ваъда қилишган.

Бироқ 10 июль куни пудратчи яна сўзидан тонган. Энди у уйни октябрда фойдаланишга топшириши, унгача битган квартираларнинг ҳам калитини ҳеч кимга бермаслиги, ҳамма ўз хонадонини октябрдан кейин таъмирлашни бошлаши мумкинлигини айтган.

“Келишувга кўра, уйларимиз “коробка” ҳолатида топширилиши керак. Яъни квартираларнинг хоналари ғишт уриб, бўлиб берилади ҳамда хонадонларимизга электр, газ, сув, канализация ўтказилади. Шундан сўнг уйнинг ички қисмини ўзимиз таъмирлаб олишимиз керак эди. Ҳар сафар бошқа-бошқа муддатни айтавергани учун пудратчига ишончимиз йўқолган. Андиша қилиб шу пайтгача сабр қилдик, лекин “AZIYA INVEST FAVORIT” МЧЖ билан бўлган воқеадан кейин биз ҳам чув тушиб қолишдан чўчияпмиз. Ҳукумат комиссияси фақат “Иззат” турар жой мажмуасинигина эмас, балки пудратчининг қоп-қоп ваъдаларига ишониб алданиб юрган биз каби барча фуқароларнинг дардини эшитишса яхши бўларди”, дейди шахси сир қолишини сўраган харидорлардан бири.

“Avtomotohavaskor Orlanda” МЧЖ ва “Strong Edifice” МЧЖ ҳақидаги маълумотлар

Очиқ манбалардаги маълумотларга кўра, Avtomotohavaskor Orlanda МЧЖ қуруқлик транспорти соҳасидаги хизматларга ва Strong Edifice МЧЖ эса турар жой хизматларига ихтисослашган. Ҳар икки фирманинг таъсисчилари рўйхатида бир хил одамларни кўриш мумкин. Жумладан, устав фони 8,2 млн дея кўрсатилган Avtomotohavaskor Orlanda МЧЖ Абдулаҳад Ҳамдамов ҳамда Бобиржон Эсанов томонидан тенг улушда таъсис этилган.

Худди шу шахслар 174,2 млн сўм устав фондга эга Strong Edifice МЧЖ таъсисчилари ҳамдир. Фақат бу ерда Абдулаҳад Ҳамдамов компаниянинг 50 фоизига, Бобиржон Эсанов эса 25 фоизига эгалик қилади. Қолган чорак улуш Қодиржон Ёқубов исм-шарифли фуқарога тегишли. Ҳар икки фирмага Усмон Одилов раҳбар ҳисобланади.

Kun.uz мурожаатчиларнинг саволларига Усмон Одиловдан жавоб олди.

“Қурилиш чўзилишига аввало карантин чекловлари сабаб бўлди. Ундан кейин эшикларни Россиядан буюртма қилганмиз, у ерда карантин бўлиб қолди. Лифтларни Туркияга буюртма қилганмиз. Ундан кейин янги қурилган уйларнинг устига қуёш батареялари ўрнатиш бўйича янги талаб жорий этилди. Шуни қандай ўрнатиш кераклигини аниқлаш учун ишларни тўхтатиб туришга мажбур бўлдик. Шуларнинг ҳаммаси йиғилиб қурилиш кечикишига олиб келди.

Квартираларнинг хоналари орасидаги деворларни 1 сентябргача тиклаб, ҳар бир хонадоннинг эшигини ўрнатиб берамиз. Аввалроқ 1 августда топширамиз деб айтгандик, аммо ғишт урадиган қурувчилар деворларни қийшиқ уриб қўйишгани учун уларни ҳайдаб юбордик. Уларнинг устида доим назорат қилиб туролмаймиз. Ҳозир бошқа қурувчилар ишлашяпти. Августнинг охиригача айтилган ишларни тугатишга бемалол улгурамиз.

Уйларнинг ичидаги сув, газ, электр энергияси, канализация трубаларини ўтказишни октябргача якунлаймиз ва давлат комиссиясига уйни қабул қилиб олиш учун топширамиз. Уларни шаҳар тармоғига улаш бино қабул қилиб олингандан кейин амалга оширилади. Ҳозир бу жараёнлар электронлашган ва олдингидай кўп вақт олмайди. Кадастр масаласида ҳам харидорлар хотиржам бўлишсин.

Тўғри, қурилишни тугатиш муддати бир неча марта ўзгарди. Буни тан оламиз. Лекин ҳеч кимни алдаётганимиз йўқ. Агар фаолиятимизда заррача қинғирлик бўлганда аллақачон бизга нисбатан чора кўрилиб, ишимиз тўхтатиб қўйилган бўларди. Худо хоҳласа 1 августгача квартираларнинг калити эгаларига топширилади. Фирма раҳбари сифатида ишонтириб айтаманки, 20 кун ичида ҳамма ишни тугатамиз”, дейди Усмон Одилов биз билан суҳбатда.

Мавзуга оид