Жаҳон | 09:54 / 12.07.2023
6934
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Сербия разведка хизмати раҳбарига қарши санкциялар киритди

Сербия разведка хизмати раҳбари «трансмиллий уюшган жиноятчилик, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдоси ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш»га алоқадорлиги учун санкцияга учраган.

Фото: RFE / RL

АҚШ Молия вазирлиги Сербия разведка хизмати - Хавфсизлик ва ахборот агентлиги раҳбари Александр Вулинга нисбатан санкциялар жорий қилди. Бу ҳақда 11 июль, сешанба куни АҚШ идораси сайтида хабар берилди.

«Александр Вулин трансмиллий уюшган жиноятчилик, ноқонуний гиёҳванд моддалар савдоси ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш билан шуғулланган», — дейилади АҚШ Молия вазирлиги матбуот-релизида. Идора маълумотларига кўра, амалдор сербиялик қурол-яроғ сотувчиси Слободан Тешич билан «ўзаро манфаатли муносабатларни сақлаб турибди», унга «Сербия чегаралари бўйлаб ноқонуний қурол-яроғ жўнатмаларининг ҳаракатланишини таъминлашда» ёрдам бермоқда. 

«Молия вазирлиги Ғарбий Болқонда демократик бошқарувга путур етказиш билан бирга, шахсий манфаат йўлида ўз мансабини суиистеъмол қилганларни жиноий жавобгарликка тортишдан тўхтамайди. Александр Вулин ўзининг коррупцион ва беқарорлик ҳаракатлари учун жавобгар деб ҳисоблаймиз, бу ҳам Россиянинг минтақадаги ҳаракатларига ҳисса қўшган», - деди молия вазирининг терроризм ва молиявий разведка бўйича ўринбосари Брайан Нелсон. 

Санкциялар рўйхатига киритилиши Қўшма Штатлардаги активларни музлатиш, Америка фуқаролари ва компанияларига у билан бизнес юритиш тақиқланишини англатади. 

Вулин 2017 йилдан 2020 йилгача Сербия разведка хизматини бошқаришдан олдин мамлакат мудофаа вазири, 2020 йилдан 2022 йилгача эса Сербия ички ишлар вазири бўлган. Амалдор россияпараст қарашларга амал қилади ва Украинадаги уруш бошланганидан кейин у Сербия «Россияга қарши истериянинг бир қисми» бўлмаслигига ваъда берди. 

Россиялик сиёсатчи ва журналист Владимир Кара-Мурзанинг айтишича, 2021 йилда Вулин Москвага келган ва у ерда Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев билан учрашган, шундан сўнг томонлар рангли инқилобларга қарши кураш бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузилганини эълон қилган. Бундан ташқари, ўша пайтда Сербия Россияга Кара-Мурза томонидан Белградда муниципал депутатлар учун ташкил этилган семинарнинг ёзувларини топширди. 

Мавзуга оид