Жаҳон | 09:35 / 12.07.2023
7079
2 дақиқада ўқилади

АҚШ ЮНEСКОга қайтди

АҚШ 2017 йилда президент Трамп даврида ташкилотни тарк этганидан кейин ЮНEСКОга қайтди. Вашингтон ташкилот олдидаги аъзолик бадаллари қарзини тўлайди.

Фото: AFP

11 июль, сешанба куни ташкилот бош директори Одри Азуле АҚШ беш йиллик танаффусдан сўнг ЮНEСКОга (Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг таълим, фан ва маданият ташкилоти) расман қайтганини маълум қилди.

«Бу ЮНEСКО учун ажойиб янгилик. Сўнгги йилларда кузатилган жадаллик энди ўсишда давом этади. Бизнинг ташаббусларимиз бутун дунё бўйлаб кучлироқ бўлади», - деди Азуле. АҚШ қайтганидан кейин 194 давлат ЮНEСКОга аъзо бўлиб турибди. Июль ойи охирида VIP меҳмонлар иштирокида расмий байроқ кўтариш маросими ўтказилиши кутилмоқда.

Июнь ойи бошида Қўшма Штатлар ЮНEСКОга яна аъзо бўлиш қарори ҳақида хабар берди. Axios ёзганидек, АҚШ давлат котибининг бошқарув ва ресурслар бўйича ўринбосари Ричард Верма БМТ маданият агентлигига Вашингтоннинг ташкилот олдидаги қарзини тўлаш режасини ўз ичига олган мактуб йўллаган. 

Ўтган йилнинг декабрь ойида АҚШ Конгресси ЮНEСКОга аъзолик тўлови учун 500 миллион доллардан ортиқ маблағни маъқуллади ва бу мамлакатнинг ташкилотга қайта аъзо бўлишига имкон берди. AP хабарига кўра, бу қарор Хитой ташкилот етакчиси сифатида АҚШ ўрнини эгаллашидан қўрқиш туфайли қабул қилинган. 

2011 йилда Фаластин маъмурияти ЮНEСКОга тўлақонли аъзо бўлгач, президент Барак Обама маъмурияти ташкилотни молиялаштиришни тўхтатди. 2017 йил октябр ойида Доналд Трамп даврида АҚШ расмийлари ЮНEСКОни «Исроилга қарши позицияда» айблаб, агентликдан чиқишини эълон қилди. Орадан кўп ўтмай, Исроил ҳам ЮНEСКОдан чиқишини билдирди.

2022 йил февраль ойида Исроил ҳукумати АҚШ Давлат департаментини АҚШнинг ташкилотга қайтишига қарши чиқмаслиги ҳақида хабардор қилди. Исроилнинг позицияси Конгрессдаги баъзи демократлар ва республикачиларга бу қадамни қўллаб-қувватлашга имкон берди, деб ёзади Axios. 

Мавзуга оид