08:59 / 12.07.2023
8036

Тошкентда пичоқ ва қайчи билан қуролланган икки аёл ва бир эркак босқинчилик содир этди

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 164-моддаси (босқинчилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчиларга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Фото: Тергов департаменти

2023 йил 30 июнь куни тахминан соат 13:50 да 3 нафар номаълум шахс Тошкент шаҳар, Яккасарой тумани Дилбулоқ маҳалласида жойлашган хонадонларнин бирига келган.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, улар у ерда вақтинча ижарада яшаб келаётган 61 ёшли Жанубий Корея фуқароси Н.Х. ва унинг қизи, 37 ёшли К.М. хонадон эшигини очган вақтида қўлида бўлган ошхона пичоғи ва қайчи билан таҳдид қилиб, хонадонда бўлган 3 дона уяли телефон аппарати, 1 дона планшет, 1 дона ноутбук, 1700 АҚШ доллари ва 1 500 000 сўм пул маблағларини эгаллаб, ҳодиса бўлган жойидан яширинган.

Ушбу ҳолатдан сўнг, К.М. қонунбузарларни таъқиб қилиб, кўчада ёрдам сўрагани сабабли, мазкур ҳудудда хизмат олиб бораётган Миллий гвардия ходимлари томонидан босқинчининг бири ушланган.

Олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлар натижасида мазкур жиноятни Тошкент вилоятида яшовчи, муқаддам судланган 39 ёшли Д.А., унинг бирга яшовчи турмуш ўртоғи 22 ёшли Л.А. ва Тошкент шаҳар Янгиҳаёт туманида яшовчи, муқаддам судланган 29 ёшли А.Р. (аёл) содир этгани аниқланиб, ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Яккасарой тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Д.А., Л.А. ва А.Р.га нисбатан Жиноят кодексининг 164-моддаси 3-қисми “в” банди (босқинчилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумон қилинувчиларга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Ҳозирда, ушбу шахснинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда. Тергов давом этмоқда.

Top