Жаҳон | 09:13 / 12.07.2023
7029
2 дақиқада ўқилади

Йенс Столтенберг Украинани янада қўллаб-қувватлашга чақирди

НАТО раҳбарининг сўзларига кўра, Россия украиналикларга, НАТОнинг бирлиги ва уруш Швеция ҳамда Финландия каби мамлакатларда олиб келиши мумкин бўлган сиёсий оқибатларга етарлича баҳо бермаган.

Фото: Reuters

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг мудофаа альянсининг давом этаётган кенгайишини Россия сиёсатининг муваффақиятсизлиги белгиси деб ҳисоблайди: «У урушга НАТОни камайтиришни истагани учун кирди. НАТО эса кенгаймоқда», деди 11 июль, сешанба куни альянс раҳбари НАТОнинг Вилнюсдаги саммити арафасида. Финландия аллақачон НАТОга аъзо бўлгани, Швеция эса тез орада аъзо бўлиши Украинага қарши уруш «катта стратегик хато» бўлганини кўрсатади», — дея Столтенберг сўзларини келтиради dpa. Альянс раҳбарининг сўзларига кўра, Россия украиналикларни, НАТОнинг бирлигини ва уруш Швеция ҳамда Финландия каби мамлакатларда олиб келиши мумкин бўлган сиёсий оқибатларга етарлича баҳо бермаган. 

Столтенберг шунингдек, Киевни янада қўллаб-қувватлашга чақирди. «Урушни олдиндан айтиб бўлмайди ва у биз кутганимиздан узоқроқ давом этиши мумкин. Бизнинг ягона жавобимиз шуки, Украинани қанча вақт керак бўлса, шунча қўллаб-қувватлашимиз керак ва Украинага ёрдамни оширишда давом этишимиз керак, бу аниқ сигнал бўлади», деди альянс раҳбари НАТО жамоат форумида сўзлаган нутқида. 

Украина қарши ҳужум пайтида қандай қийинчиликларга дуч келгани ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Столтенберг Россия ҳарбийларининг қаттиқ қаршилик кўрсатганига ишора қилди. «Қарши ҳужум жуда муҳим, украиналиклар ўз ерларини қайтариб олмоқда, аммо улар тайёрланган мудофаа, жумладан миналанган майдонлар ва танкларга қарши тўсиқлар билан позицияларда қаттиқ қаршиликка дуч келмоқда. Позицион мудофаа жиддий муаммо, аммо НАТО Украинани қўллаб-қувватлашни давом эттиришга эътибор қаратиши керак», — деди альянс раҳбари. 

НАТО жамоат форуми альянснинг Вилнюсдаги икки кунлик саммити доирасида бўлиб ўтди. Столтенберг тушунтиришича, альянс етакчилари қўшма коммюникени якунламоқда, унда Украина келажакда блокка аъзо бўлиши ҳақида «кучли сигнал» олади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид