Жаҳон | 17:29 / 13.07.2023
12013
3 дақиқада ўқилади

Украина ҳозирча НАТОга кирмайди. АҚШ нимани кўзламоқда?

Украинада уруш бошлашдан олдин қўйилган мақсадлар бўйича Путин тўлиқ муваффақиятсизликка учради. Лекин бу ҳали де-юре расмийлаштирилгани йўқ. Де-факто Россия Украина урушини ҳам, НАТОга қарши кампанияни ҳам ютқазиб бўлган.

Фото: Евгений Фельдман / «Медуза»

Путин бу борада ўз олдига қўйган бирор мақсадига эриша олмади. Аксинча, стратегик иқтисодий ва сиёсий муаммоларга тўқнашди. Тарихда кузатилмаган санкцияларга йўлиқди. Россия яккалантириб қўйилди. Бу муаммоларни ҳал қилиш – Путиннинг бошқарув даврида амалга ошмайди. Бу ишларни Россиянинг кейинги раҳбарлари амалга ошириши мумкин.

Финландия НАТОга аъзо бўлди. Швеция яқин ойларда расман НАТОга киради. Украинанинг НАТОга кириши ҳам тезлашди. Узоғи билан бир-икки йилда Украина НАТО жамоасида бўлади.

Лекин Украинани НАТОга Вилнюс саммитида таклиф этишмади. Украина бундан «аразлади» ҳам. Менимча, НАТОга аъзо давлатлар, аввало АҚШ Россиянинг асаб тизимини янада карахтлаштириш ниятида. Россия тафаккурида «Украина яқин орада НАТОга кираркан» деган фикр борган сари чуқурлашиб, стандартлашиб, оддий холат даражасига етиб бориши мақсад қилинган.

Қолаверса, АҚШ яна икки мақсадни кўзламоқда. Биринчиси – Россияни Хитой оғушига ўзини батамом отмаслиги учун эҳтиёткорроқ ҳаракат қилмоқда. Иккинчиси – АҚШда келаси йили президентлик сайловлари бўлиб ўтади. Кўплаб республикачилар Украинани НАТОга тезда аъзо бўлишига қарши.

2024 йил НАТОнинг асосий саммити Вашингтонда бўлиши керак. Агар унгача Россия-Украина уруши тугаса, Киев ўша Вашингтон саммитида НАТОга қабул қилиниши ҳақида фаразлар бор.

Туркия ҳам мувозанатни ўзгартириб, ғарб томон эканлигини кўрсатди. Эрдўған Путин билан савдолашишда давом этади. Лекин Туркия Швеция ва Украина борасидаги қарорларидан орқага қайта олмайди.

Марказлашган, якка шахслашган сиёсий тизимлар, эҳтиросга берилиб қарор қабул қилганда, мана шундай даҳшатли хатолар қилиши муқаррар. 2021 йил декабрда Путин АҚШ ва НАТОга ултиматум қўйганида оддий экспертлар ҳам бу йўл ғалати эканини интуитив ҳис қилганди.

Россиянинг глобал ресурслари коллектив ғарб билан тираша олишга имкон бермаслигини тушуниш қийин эмас. Ултиматумлари ва Украинадаги уруши билан Путин нимага умид қилган эди – бу энди тарихда, мемуарларда, филмларда турли версиялар билан талқин қилинадиган масалага айланса керак.

Шу нарса аниқки, Путиннинг бу авантюраси Россия учун катта зарар келтирди. Бир томондан, Россиядаги «геосиёсий империячилик» лойиҳаси сўнмоқда. Бу яхши. Бошқа томондан, Россиянинг иқтисодий инқирози Ўзбекистонга ва бутун Марказий Осиёга ҳам салбий таъсир қилади ва қилмоқда ҳам. Лекин Россиядаги муқаррар иқтисодий инқирозлар ва сиёсий бўҳронлар ҳали олдинда...

Камолиддин Раббимов

Мавзуга оид