“Суд ва прокуратура органлари фаолиятига оид конституциявий кафолатлар кучайтирилганлиги муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.
Қонун лойиҳаси билан қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда:
1) “Прокуратура тўғрисида”ги қонунга:
– айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон бош прокурори лавозимини эгаллаши мумкин эмаслиги белгиланмоқда;
– Ўзбекистон бош прокурорини Олий Мажлис Сенати маъқуллаганидан кейин Ўзбекистон президенти лавозимга тайинлаши ва лавозимидан озод этиши белгиланмоқда;
– Ўзбекистон бош прокурорининг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқини амалга ошириш доираси аниқлаштирилиб, ўз ваколатлари жумласига киритилган масалалар билан чегараланмоқда;
2) “Ўзбекистон Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги қонунга:
– Ўзбекистон Судьялар олий кенгаши таркиби, шу жумладан, кенгаш раиси, раис ўринбосари, унинг аъзолари ва котиби Ўзбекистон президентининг тақдимига биноан Олий Мажлис Сенати томонидан сайланиши, шунингдек, айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Судьялар олий кенгашининг раиси, раис ўринбосари этиб сайланиши мумкин эмаслиги мустаҳкамланмоқда;
3) “Судлар тўғрисида”ги қонунга:
– одил судлов фақат судлар томонидан амалга оширилиши белгиланмоқда;
– одил судлов қонунлар билан бирга, аввало, Конституцияга қатъий мувофиқ ҳолда амалга оширилиши белгиланган ҳолда, Конституция нормаларини тўғридан тўғри амал қилувчи ҳужжат сифатида қўллашга замин яратилмоқда;
– судьяликнинг кафолатлари кучайтирилиб, судьялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмаслиги, фақат Конституция ва қонунга бўйсуниши, суднинг қайта ташкил этилиши ёки тугатилиши судьянинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш (судьяни лавозимидан озод этиш) учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин эмаслиги белгиланмоқда;
– қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари нафақат барча давлат органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролар учун, балки фуқаролик жамияти институтлари учун ҳам мажбурий ҳисобланиши белгиланмоқда;
















