20:00 / 16.07.2023
25515

Волин қирғини. Поляк-украин миллатчилиги курашининг энг қора саҳифаси

Полша етакчиси Анжей Дуда 9 июл куни кутилмаганда Украинанинг Луцк шаҳрига ташриф буюрди ва Украина президенти Володимир Зеленский билан бирга «Волин фожиаси» қурбонлари хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Кўпчилик бу қадамни ўта ижобий деб атамоқда, чунки Варшава томонидан поляк халқи геноциди дея таъкидланган ушбу қирғин бўйича позициялар Украина ва Полша ўртасида қарама-қаршиликка сабаб бўлганди.

Бир неча асрлик зиддият

Поляк ва украин халқи душманлиги анча узоқ тарихга эга. Шарқий славянларнинг илк давлатчилиги ҳисобланувчи Киев Руси ва ғарбий славянларнинг Полша қироллиги ўртасидаги кураш Х асрданоқ бошланган. Бу икки славян давлати Червона шаҳарлари устидан назорат учун ўзаро уруш олиб борган. Червона шаҳарларига ҳозирги Полша ва Украина ҳудудларидаги Червен (айнан шу шаҳар номи сабаб шундай аталган), Лвив, Волин, Ярослав, Белз, Жешув ва бошқа шаҳарлар киради. Кейинчалик бу ҳудудлар Червонная Рус (Қизил Рус) деб атала бошланган.

Реч Посполита давлати чегаралари

Червонная Рус ерлари Киев Русида феодал тарқоқлик даври бошлангач, Галиция-Волин князлиги таркибига киради. Галиция-Волин князлиги ҳудудлари ҳозирги Украинанинг Лвив, Волин, Луцк, Полшанинг Карпатолди, Люблин, Беларуснинг Брест областлари ҳудудларига тўғри келган. Бу князлик 1340 йили Полша қироллиги томонидан эгаллаб олинади.

Полша қироллиги, шунингдек, Буюк Литва князлигининг ғарбий Киев Руси ерларини босиб олишига ҳам ёрдам беради ва 1569 йилги Люблин униясидан сўнг Буюк Литва билан бир давлатга бирлашиб, Днипро дарёсигача бўлган ерлар, жумладан Киев шаҳри, ҳамда Запорижжя устидан ҳукмронлик ўрнатади.

Полша қироллиги ва Буюк Литва князлиги бирлашуви натижасида ташкил топган Реч Посполита давлати ҳозирги Украина ерларини деярли тўлиқ ўз назоратига олади. Фақатгина Қрим хонлиги таркибидаги Херсон, Усмонийлар назорати остидаги Одесса ва Буюк Москва князлиги ҳудуди бўлган Харкив, Донецк, Луҳанск, қисман Суми Реч Посполита таркибига кирмайди. Ушбу давр шарқий славянларнинг учга (рус, беларус, украин) бўлиниш даври ҳисобланади.

Буюк Литва князлиги таъсири остидаги ерларда беларус, Полша назорати остидаги ҳудудларда украин, Олтин Ўрда билан яқин бўлган Буюк Москва князлиги асосида рус миллати шаклланади.

Реч Посполита (амалда Полша) ҳукмронлиги даврида Галиция ва Волин, кейинчалик бутун Украина ҳудудларида «поляклаштириш» сиёсати олиб борилади. Маҳаллий русинлар (бўлажак украинлар) поляклар, немислар ва яҳудийлардан кам ҳуқуқларга эга бўлади ва доимий камситиб келинади. Маҳаллий аҳоли ва полякларнинг душманлигига Полша христианликнинг католик оқимидалиги, украинларнинг эса православ оқимига эътиқод қилиши ҳам қўшимча сабаб бўлади. Полша шляхталари (зодагонлари) русинларни қул қилиши, хоҳласа ўлдириб юбориши мумкин эди. Шафқатсиз нотенглик шароитида маҳаллий аҳолида «келгинди» полякларга қарши нафрат шаклланади.

Реч Посполита ҳукуматининг шовинистик сиёсатидан норози бўлган Запорижжя казаклари 1648 йил Богдан Хмелницкий бошлигида қўзғoлон кўтарган

ХVII-ХVIII асрлардаги тинимсиз урушлар оқибатида Реч Посполита заифлашади. Буюк Москва князлиги маҳаллий аҳоли ёрдами билан Украина ерларини бирин-кетин эгаллай бошлайди. Ниҳоят ХVIII охирида Реч Посполита ерлари Австрия, Россия ва Пруссия ўртасида бўлиб олинади. Полшанинг асосий қисми, хусусан Варшава Пруссияга, Галиция, Карпаторти ва Карпатолди жумладан, Лвив, Люблин, Краков шаҳарлари Австрияга, қолган барча ҳудудлар Россия империяси таркибига ўтади.

Реч Посполитанинг бўлиб олиниши

Украинанинг Россия ихтиёрига ўтган ҳудудларида энди «руслаштириш» сиёсати бошланади. Украина миллатпарварлари ва зиёлиларининг катта қисми Россия таъқибидан қочиб, Австрия таркибидаги Галиция ва Ладомери қироллигига кўчиб ўтади. Натижада Запорижжяда пайдо бўлган украин миллати асоси Галицияда ривожланади ва бутун Украина ҳудудига тарқатилади.

Галиция

Австрия ихтиёридаги Галиция қироллигининг ғарбий қисмида поляклар кўпроқ эди, украинлар эса шарқий қисмда. Украинанинг Россия таркибидаги қисмида ҳам поляклар адади катта бўлган. Улар Биринчи жаҳон уруши йилларида маҳаллий поляклар манфаатларини ҳимоя қилиш учун турли ташкилотлар тузади. Улар сирасига Поляк полки ва Полша ҳарбий ташкилоти киради, бу қуролли тузилмалар большевикларга қарши курашаётган Украина Марказий Радаси ҳукуматидан уларга автоном ҳуқуқлар берилишини талаб қилган. Марказий Рада Германия ва Австрия-Венгрия ёрдами билангина Поляк полкини қуролсизлантиришга муваффақ бўлган.

1916 йил Германия империяси васийлиги остида Полша қироллиги ташкил этилади. Шундан сўнг, янги Полша қироллиги ва Украина державасининг чегараларини аниқлаш кун тартибига чиқади. Бу чегараларни демаркация қилиш жуда мураккаб эди, чунки ҳар икки томон Галиция қироллиги ва Волин ҳудудларига даъвогарлик қилган. Украина державаси бу масалада Германия воситачилигидан фойдаланишни мақсад қилади, бироқ 1918 йил ноябр ойида Германия урушдан чиққанидан сўнг бу режа барбод бўлади. Қолаверса, Германия мағлуб бўлгач, Полша қироллиги мустақилликка эришади ва ҳукумат тепасига Юзеф Пилсудский бошлиқ ҳарбийлар келади. Бу пайтда Павел Скорпадский раҳбарлигидаги Украина державаси ҳам тугатилиб, Украина халқ республикаси ташкил топади.

Полша-Украина урушлари

Украина халқ республикаси Директорияси чегара масаласида Полша билан мулоқот ўрнатишга ҳаракат қилади, бироқ Полшанинг янги ҳукумати Галициянинг шарқи ва Волиннинг ғарбий қисмини тарихий Полша ерлари деб қаттиқ туриб олади.

Ғарбий Украина республикасининг Галиция армияси

1918 йил октябридаёқ Галицияда украин-поляк тўқнашувлари бошланади. Ноябрда Полша қироллиги қуролли тузилмалари Ҳолмшина ва Подляше ҳудудларини эгаллаб олади. Бу вақтда Галицияда Ғарбий Украина республикаси ташкил топади ва Полша босқинига қарши курашиш учун Галиция армиясини тузади.

1919 йилнинг январ ойида Ғарбий Украина республикаси Украина халқ республикаси (УХР) билан бирлашади ва кенг кўламли уруш бошланади. Поляклар Лвив, Волин ва бошқа бир қатор шаҳарларни қўлга олади. Аммо феврал ойида УХР қарши ҳужумга ўтиб, Лвивни қайтариб олади ва Пшемисл томон ҳаракатланади. Лекин можарога Антанта иттифоқи аралашади ва УХР ҳужумни тўхтатади, бироқ поляклар музокаралар давом этаётган бир пайтда Лвивга яна ҳужум қилиб, шаҳарни эгаллайди.

Украина державаси раҳбари Павел Скорпадский

Антанта давлатлари воситачилигидаги музокаралар самарасиз бўлади. Вақтдан ютган ва Франциядан ҳарбий ёрдам олган Полша армияси 1918 йил май ойида Юзеф Ҳаллер бошлигида ҳужумга ўтиб, Ровно, Ивано-Франковск, Тернопол шаҳарларини босиб олади. Бунда уларга Украина ичидаги поляк аҳолининг Киевга қарши бошлаган исёнлари ҳам ёрдам беради.

Руминия ҳам Полшага қўшилиб, Украинага бостириб киради ва Шимолий Буковинани Украинадан тортиб олади.

Полша-Украина уруши 1920 йилгача давом этиб, Украина халқ республикаси мағлубияти билан тугайди. Украина барча кучларини Полшага қарши сафарбар қилолмайди, чунки Киев шарқда Қизил армия ва Оқ гвардия бўлинмалари билан ҳам уруш олиб борарди. Збруч дарёси Полша ва Украина чегараси этиб белгиланади. Аммо бу тинчлик шартномаси амалда ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмайди, чунки 1919 йилда Россия совет федератив социалистик республикаси (РСФСР) ва Полша қироллиги ўртасида уруш бошланиб кетади.

Катта қурбонлар берилган бир неча йирик жанглар бўлиб ўтишига қарамай, Полша ва Украина бир-бирига расман уруш эълон қилмаганди, яъни улар уруш ҳолатида эмасди. Болшевиклар армияси кучайиши билан УХР позицияни ўзгартиради ҳамда РСФСРга қарши курашга Полша ва Антанта кучларини жалб этишга ҳаракат қилади.

Узоқ музокаралардан сўнг кечаги душманлар иттифоқчига айланади ва Полша-УХР бирлашган қўшинлари большевикларга қарши ҳужумга ўтади. 1920 йил май ойида улар Қизил армия томонидан эгалланган Киевни қайтариб олиб, шаҳарга тантанали равишда кириб келади.

Полша-УХР бирлашган кучларининг Киевга кириб келиши. 1920 йил

Бироқ муваффақият узоқ давом этмайди, Қизил армия ҳам қарши ҳужумга ўтиб, Полша-УХР кучларини Пшемислгача суриб чиқаради. Советлар юришни давом эттириб, Варшавагача боради ва фақатгина «Висладаги мўъжиза» (поляклар Қизил армияни мағлуб қилади) Полша ҳукуматини қулашдан сақлаб қолади. Шундан сўнг Полша ва большевиклар ўртасида Рига шартномаси тузилади, унга кўра шарқий Галиция, Ҳолмшина ва Волиннинг бир қисми Полша таркибида қолади.

Полша урушни тўхтатгач, УХР ёлғиз ўзи курашни давом эттиришга мажбур бўлади. Кейинроқ УХР ҳам бутунлай мағлубиятга учрайди ҳамда Украинани тарк этиб, Полшага кўчиб ўтади. Полша УХРга унинг қуролли тузилмалари Украина совет социалистик республикаси (УССР) ҳудудида партизанлик урушини олиб боришида ҳарбий ва молиявий ёрдам кўрсатади. Аммо СССРнинг норозилик ноталаридан сўнг УХР ҳукуматини ўз ҳудудидан чиқариб юборади.

УМТ ва УҚА фашистлар билан дастлаб яқин ҳамкорлик қилган ва кейинчалик тўқнашувларга ҳам борган

Полша ҳукумати мамлакат ичидаги, шунингдек Галиция ва Волиндаги украин ва беларусларни «поляклаштириш» сиёсатини олиб боради. Миллий озчиликлар мактаблари ёпилади ва Ғарбий Украина ерларига поляклар кўчириб келтирилади.

Натижада украин миллатчилик ташкилотлари — Украина ҳарбий ташкилоти, Украина миллатчилари ташкилоти ўз атрофига поляклардан норози кўплаб тарафдорлар йиғади ва турли террор актлари уюштиради. Бунга жавобан Полша ҳукумати 1930 йилда Ғарбий Украинада «тинчлантириш» акциясини бошлайди. Поляк кучлари украин қишлоқларига рейдлар ташкил этади ва минглаб тинч аҳоли вакилларини ўлдиради ёки майиб қилади. Бу акция халқаро ҳамжамиятда норозилик туғдиради ва масала Миллатлар Лигасида муҳокама қилинади.

Украиналик ултра-миллатчилар ўлдирилган поляклар билан

Волин қирғини

Иккинчи жаҳон уруши бошлангач, Украина миллатчилари ташкилоти Германия билан ҳамкорлик қила бошлайди. Немисларнинг Полша давлатини тугатгани ва полякларга қарши кайфиятидан фойдаланган Украина миллатчилари ташкилоти ўзининг ҳарбий тузилмаси — Украина қўзғолончилар армиясини (УҚА) тузади. Бу армия бошқа кўплаб мақсадлари қаторида Галиция ва Волиндаги Полша миллатчилигига қарши курашишни ҳам ўз олдига мақсад қилиб қўяди.

Волин қирғинида ҳеч кимга шафқат қилинмаган, ёшлар, аёллар, кексалар аёвсиз калтакланган

1941 йилда Германия СССРга ҳужумга ўтиб, Ғарбий Украина ва Беларус ерларини эгаллаши билан Украина қўзғолончилар армиясини Галиция ва Волинда фаоллашади. Улар поляк қишлоқларини талайди, аҳолини ўлдиради ва бу билан собиқ Полша ҳукумати ҳаракатлари учун «қасос олади».

1943 йилдан Германиянинг Украина миллатчи ташкилотлари устидан назорати сусаяди, чунки фашистлар империяси аллақачон қулашни бошлаганди. Натижада украин миллатчилари анча эркин ҳаракат қила бошлайди. 1943 йил 2 февралда машҳур Сталинград жанги Германиянинг тўлиқ мағлубияти билан якунланади. Бу Украина миллатчиларида Украина миллий давлатини тузиш умидини кучайтиради.

Шу мақсадда улар Украина давлати тузилишига халал берувчи барчани, жумладан, поляк ва совет партизанларини йўқ қилишга киришади.

Волин қирғини 1943 йил 9 февралда УҚА отряди Волин вилоятидаги Паросл қишлоғининг барча аҳолисини ўлдиргандан сўнг бошланади. Бу қирғиннинг даҳшатли томони, украин ултра-миллатчилари қишлоқ одамларини ўлдиришда қўлларидаги ўқотар қуроллардан эмас, кетмон, болта ва бошқа анжомлардан фойдаланган.

Шундан сўнг бутун Галиция ва Волин бўйлаб полякларни қирғин қилиш бошланиб кетади. УҚА командирларидан бири, Степан Радуши бу воқеаларни шундай эслаган: «Биз бир кечада бешта поляк қишлоғини ўраб олдик ва уларга ўт қўйдик. Гўдакдан то қаригача, бутун аҳоли қирғин қилинди. Ҳаммаси бўлиб 2000 дан ортиқ одам ҳалок бўлди. Менинг взводим полякларнинг катта қишлоғини ёқиб юборишда қатнашди».

Украин миллатчилари поляклар қирғинида фашистларнинг яҳудийлар қирғинидаги амалиётидан фойдаланган. Волин қирғини 1944 йил ёзигача давом этган ва умумий ҳисобда, турли ҳисоб-китобларга кўра, 80 мингдан 120 минггача инсон ўлимига сабаб бўлган.

Волин қирғини қурбонлари

Ўз навбатида, поляк партизан гуруҳлари ҳам украинларга қарши қирғин олиб борган. Улар ўз-ўзини ҳимоя қилиш отрядларини тузган ва украин қишлоқларига ҳужум қилган. Полякларнинг «Ватанпарварлик армияси» (Армия Краёва) бу ҳаракатларда асосий куч бўлган. 1943-1944 йиллардаги украин-поляк қирғини вақтида поляк кучлари 15-30 минггача украинни ўлдирган.

Икки халқнинг бир-бирини этник қирғин қилиши 1944 ёзида, Қизил армия Галицияга тўғридан тўғри ҳужумга ўтганда тўхтайди.

Ва яна кечаги қонли душманлар иттифоқчига айланади. Советлар на полякларга, на украинларга миллий давлат тузишга рухсат бермаслигини тушунган Украина миллатчилари ташкилоти ва «Ватанпарварлик армияси» Қизил армияга қарши курашиш учун тактик бирлашади. Аммо шундай бўлса-да, СССРнинг УҚА бўлинмаларини тор-мор этишда иштирок этган қирувчи отрядларининг катта қисми поляклардан ташкил топганди.

Кейинги алоқалар

Қизил армия Украина ва Полшани эгаллаганидан сўнг Полшада советпараст Полша халқ республикаси тузилади. Москва икки социалистик давлат ўртасида (Полша ва Украина) этник низо давом этмаслиги учун ғарбий Украина ва ғарбий Беларусдаги полякларни Полшага, шарқий Полшадаги украинларни Украинга кўчириш бўйича қарор чиқаради. Бир неча асрдан бери Украина ерларида яшаб келаётган 800 мингга яқин поляк Полшага кўчиб ўтади. Полша ҳам «Висла операция»си давомида 150 мингдан ортиқ украинни депортация қилади.

Замонавий Украина-Полша алоқалари СССР тарқалгач анча илиқлашади. Тарихий баҳслар мавжудлигига қарамай, Полша элитасининг катта қисми Украина билан ижобий муносабатлар ўрнатишни ёқлайди. «Зарғалдоқ инқилоб»дан кейин бу алоқалар янада қалинлашди. Икки мамлакат 2012 йилда футбол бўйича Жаҳон чемпионатига биргаликда мезбонлик қилди.

Аммо барчаси силлиқ кетмади. 2016 йил Полша Сенати «Волин қирғини»ни геноцид деб тан олди. Орадан бир йил ўтиб, Украинадаги полшалик қурбонлар ёдгорликларига Украина рамзлари ва лозунглари чизиб кетилди. Шунингдек, шу йили Полшанинг Пшемисл шаҳри мэри 1918-1919 йиллардаги Полша-Украина уруши даврида Лвив шаҳрини ҳимоя қилиш учун қўлига қурол олган ёш кўнгиллилар ва ўсмирлар шарафига уюштирилувчи «Лвив бургутлари» тадбирини ўтказди.

Бу акцияда «Украинларга ўлим», «Пшемисл ва Лвив абадий поляк ерлари» каби шиорлар янгради. Оқибатда, Киев Пшемисл мэрига Украинага киришни тақиқлаб қўйди, бу эса Полша Ташқи ишлар вазирлигида норозиликка сабаб бўлди ва улар Украинага «жиддий оқибатлар» билан таҳдид қилди.

Лвивдаги «Бургутлар мемориали» ва қабристони

2018 йил Полша Сейми мамлакатда Украинада миллий қаҳрамон деб ҳисобланувчи Степан Бандера (Украина миллатчилари ташкилотининг радикал бўлими раҳбари) ва «бандеровчилик» ғояларини тақиқлади (Волин қирғини даврида Бандеранинг ўзи Германия концлагерида қамоқда бўлган). Варшава Киевдан Бандера ва Роман Шухевич (поляклар қирғини вақтида УҚАга раҳбарлик қилган) каби шахслар култидан воз кечишни, уларни жиноятчи деб аташни талаб қилиб келади. Украиналиклар эса буни эътиборсиз қолдирмоқда.

Келишмовчиликларга қарамай, Россиянинг Украинага босқини бошланиши билан Полша Украинага энг кўп ёрдам кўрсатган давлатлар қаторида бўлди. Варшава Украинага катта ҳарбий ва молиявий ёрдам кўрсатмоқда. Кўплаб украиналиклар уруш бошланиши билан Полшага қочиб ўтди ва ҳозир ҳам у ерда катта диаспорага эга.

Дуда ва Зеленский анча қадрдон, бу келажакда тарихий баҳс ижобий ечим топишига умид беради

9 июл куни Полша президенти Анжей Дуданинг Волин қирғини марказларидан бири бўлмиш Луцкка келиши ва Украина етакчиси билан бирга қурбонлар хотирасига ҳурмат бажо келтириши, шубҳасиз ижобий қадам бўлди. Бу сўнгги пайтларда айнан ушбу қирғинга турлича қараш сабаб кучаяётган Полша-Украина зиддиятини илиқлаштириши ва қарама-қаршиликни мулоқот йўлига ўтказиш мумкин.

Муҳаммадқодир Собиров тайёрлади

Top