Жаҳон | 23:36 / 18.07.2023
9519
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Украинага 1,3 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам пакетини тақдим этади - Reuters 

Байден маъмурияти даврида Украинага хавфсизликни таъминлаш учун 42 миллиард доллардан кўпроқ ёрдам кўрсатилди. 

Фото: Reuters

Яқин кунларда Қўшма Штатлар Киевга 1,3 миллиард долларлик янги ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилади. Бу ҳақда икки расмийга таяниб Reuters хабар берди. 

Қуроллар пакетига ҳаво мудофааси тизимлари, дронларга қарши тизимлар ва барраж қилувчи ўқ-дорилар киради. 

Қўшма Штатлар «Украина хавфсизлигига кўмаклашиш ташаббуси» (USAI) маблағларидан фойдаланади, бу эса президент Жо Байден маъмуриятига АҚШ захираларидан эмас, балки қуролсоз корхоналардан қурол сотиб олиш имконини беради. 

АҚШ Киев учун сотиб олишни режалаштираётган тизим ва ўқ-дорилар орасида L3Harris Technologies томонидан ишлаб чиқарилган Vehicle-Agnostic Modular Palletized ISR Rocket Equipment (VAMPIRE) деб номланган ҳаво мудофаа тизимлари бор. 

Бундан ташқари, пакетга икки хил турдаги дронлар киради — AVEVEX хусусий компанияси томонидан ишлаб чиқарилган Phoenix Ghost ва AeroVironment томонидан ишлаб чиқарилган Switchblade дронлари. Шунингдек, Украина Австралиянинг DroneShield Ltd компаниясидан катта миқдордаги учувчисиз тизимлар, радарлар ва аналитик тизимларни олади. 

Қурол ва тизимларни етказиб бериш уларнинг захирада борлиги ва ишлаб чиқариш вақтига боғлиқ. Пакетнинг мазмуни ва нархи ҳам эълон қилинган вақтгача ўзгариши мумкин. 

Пентагон 2023 молия йилида USAI орқали Украинага етти алоҳида траншда 10,8 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратди. Режалаштирилган пакет саккизинчиси бўлади. 2022 йил 30 сентябрда якунланган молиявий йилда Вашингтон Украинанинг мудофаа харидлари учун USAI маблағларидан 6,3 миллиард доллар ажратган эди. 

Умуман олганда, Қўшма Штатлар Байден маъмурияти даврида Украинага хавфсизликни таъминлаш учун 42 миллиард доллардан кўпроқ ёрдам кўрсатди, жумладан, Россиянинг Украинага бостириб киришидан (2022 йил 24 феврал) бери 41,3 миллиард доллардан кўпроқ.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид