Ҳозирги давр болалари, ўтган асрдаги тенгдошларидан фарқли, тўқчиликда ва ахборот муҳитида улғайяпти, шунга кўра тезроқ социаллашяпти. Шунга қарамай, Ўзбекистонда ҳатто январ ойида туғилган болалар ҳам 7 ёшга тўлмай туриб мактабга қабул қилинмаяпти. Kun.uz бунинг сабаблари ва оқибатлари ҳақида таълим эксперти, психолог ва иқтисодчи билан суҳбат уюштирди.

ЮНEСКОнинг ўтган йилги ўрганишларига кўра, бола туғилганидан то 8 ёшгача мия ривожланишининг энг гуллаган вақтидан ўтади. Яъни айнан шу ёш оралиғида болаларнинг таълим олиши учун бор салоҳияти намоён бўлади. Бу эса уларнинг кейинчалик улғайгач жамиятда ўз ўрнини топиши, иқтисодий, ижтимоий, фуқаролик ҳаётида самарали иштирок этиши учун замин бўлади. Демак, бу жараёнда боғча ҳамда мактабга қайси ёшда чиқишнинг ҳам аҳамияти бор.

Ўзбекистон ҳукумати 2019 йил май ойида давлат боғчаларига қабул қилиш ёшини 3 ёш деб белгилади. Илгари давлат боғчалари болаларни 2 ёшдан бошлаб қабул қиларди.

Орадан бир ўтиб, бу борада мактабларга қабул қилиш ёши ҳам ўзгарди. 2020 йилда “Таълим тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш киритилди ва 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб ўқувчилар биринчи синфга 7 ёшга тўладиган йилда қабул қилинадиган бўлди.

Мактабларга қабул давом этаётган айни кунларда Kun.uz мухбири таълим бўйича эксперт Комил Жалилов, психолог Зебинисо Аҳмедова ва иқтисодчи Отабек Бакиров билан боғча ва мактабга қабул ёши масаласида суҳбатлашди.

– Болани боғчага 3 ёшдан, мактабга 7 ёшдан қабул қилинаётганига муносабатингиз қандай? Аслида уларни неча ёшдан қабул қилиш керак, сизнингча?

Комил Жалилов

Комил Жалилов: Бу борада халқаро тажрибага қарасак, бунда аниқ бир консенсус, яъни ёш белгиланмаган. Кўп давлатларда мактаб ёши 5 ёшдан 7 ёшгача бўлган оралиқда олинган. Шундай экан, шартли равишда мамлакатларни 3 та гуруҳга бўлиш мумкин. Яъни 5 ёшдан қабул қиладиган, масалан, Буюк Британияда шундай. Лекин ота-она бола таълимини бир йилга кечиктириш ҳуқуқи ҳам бор. Бунда олдин мактабга қабул қилиш ҳақидаги аризани ёзиш, бола таълим муассасасига қабул қилингач, унинг ортидан таълимни кечиктириш ҳақидаги аризани ҳам ёзиши керак бўлади. Аммо Буюк Британияда доим ҳам бу имкониятдан фойдаланишмайди, болаларни асосан 5 ёшдан мактабга бераверишади. Яна айрим давлатларда, мисол учун, Италияда 6 ёшдан, Финландияда 7 ёшдан қабул қилинади. Яъни болани мактабга қайси ёшдан беришда ягона бир консенсус мавжуд эмас. Аммо боланинг таълим олишида кўп омиллар ҳисобга олиниши керак. Боланинг ривожланиши, руҳияти билан бир қаторда, иқтисодий-ижтимоий омиллар ҳам ҳисобга олиниши лозим.