Жамият | 10:11
432
2 дақиқада ўқилади

Болалар омбудсмани юқори кучланишли объектларда хавфсизлик таъминланишини талаб қилди

Наманганнинг Давлатобод ва Мингбулоқ туманларида ҳамда Фарғона шаҳрида трансформатор пунктида болаларни ток уриши уларнинг ўлимига ёки ногирон бўлиб қолишига олиб келди. Болалар омбудсмани ваколатли органга таъсир ҳужжати киритиб, республиканинг барча ҳудудларида бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун чоралар кўришни талаб қилди.

Давлатобод туманидаги ҳодиса ҳақидаги "Миллар" дастури репортажидан кадр

Сўнгги пайтларда электр трансформатордан ток уриши натижасида болалар ҳалок бўлиши ёки ногирон бўлиб қолиши ҳолатлари кузатилмоқда. Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова Намангандаги ана шундай ҳолатдан кейин, тегишли идорага таъсир ҳужжати киритди.

5 май куни Давлатобод туманида 13 ёшли бола атрофи очиқ ҳолатда турган трансформатор устига чиқиши оқибатида бола ток уриб вафот этган эди. Ҳозирда ҳолат юзасидан прокуратура томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.

“Юқори кучланишдаги токда ишлайдиган электр қурилмаларини ўрнатиш ва улардан фойдаланиш аҳоли учун, айниқса болалар учун доимий хавфсиз бўлиши чоралари мутасаддилар томонидан таъминланиши шарт.

Республиканинг барча ҳудудларида юқоридаги фожиали ҳолатларни олдини олиш мақсадида бола хавфсизлигини таъминлашга оид белгиланган стандартларга риоя этишни назорат қилиш ва зарур чораларни кўриш юзасидан Болалар омбудсмани томонидан ваколатли давлат органига тегишли таъсир ҳужжати киритилди”, – дейилади Олий Мажлиснинг бола ҳуқуқлари бўйича вакили баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманганнинг бошқа бир тумани – Мингбулоқда ҳам 4 ёшли бола ҳожатхона излаб, очиқ қолдирилган трансформатор ичига кириб, икки қўлидан айрилган эди. Тергов ва суд органлари бу жиноят оқибати бўлганини тасдиқлаб, масъул ходимни жавобгарликка тортган.

Бундан ташқари, феврал ойида Фарғона шаҳридаги хусусий боғчалардан бирида трансформатор очиқ қолдирилиши оқибатида 6 яшар боланинг тана аъзолари куйиб кетди. Бу ҳолат бўйича ҳам жиноят иши очилган.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид