Жаҳон | 21:31 / 18.07.2023
19431
2 дақиқада ўқилади

Эрон Россияни Украинанинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишга чақирди

Ҳуссайн Амир-Абдуллоҳиён. Фото: almayadeen.net

Эрон ҳукумати ҳар бир давлатнинг, жумладан Украинанинг ҳудудий яхлитлигига ишонади. Бу ҳақда Эрон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Ҳуссайн Амир-Абдуллоҳиён таъкидлаган.

«Украина масаласига келсак, биз ҳар бир давлатнинг, жумладан, Украинанинг ҳудудий яхлитлигига ишонамиз ва у халқаро ҳуқуқлар асосида барча давлатлар учун бош устувор масала бўлиши керак. Биз, албатта, урушнинг сиёсий мулоқот йўли билан тугатиш лозимлигини қайд этишда давом этамиз», — дея Эрон ТИВ раҳбарининг 17 июл куни Теҳронда Уммон ташқи ишлар вазир Бадр ибн Ҳамад ибн Ҳамуд ал-Бусайдий билан бўлиб ўтган музокаралари якуни бўйича ўтказилган матбуот анжуманида сўзлаган нутқидан иқтибос келтирган IRNA.

Эроннинг Россияга терс баёнотлар бериши бежиз эмас. Аввалроқ Эрон ТИВ Россиянинг Эрондаги элчиси Алексей Дедовни Форс кўрфазидаги учта орол бўйича Москванинг позицияси туфайли чақиртирган эди, деб ёзади Kommersant.ru.

Гап тегишлилиги Эрон ва БАА ўртасида талаш бўлаётган Абу Мусо, Катта Тунб ва Кичик Тунб ороллари ҳақида бормоқда. РФ элчисининг чақирилишига сабаб Россия–Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлиги кенгаши стратегик мулоқотининг вазирлар мажлисида чиқарилган қўшма баёнотдан Теҳроннинг норози бўлганидир.

Кўрфаздаги баҳсли ороллар. Скриншот: Google Earth

«Россия элчиси ТИВга чақирилгач, биз Россия ҳукуматидан тегишли тушунтиришларни олдик, бироқ биз уларни етарли деб ҳисобламаймиз ва келгусида бу амалиётнинг Россия ёки бошқа давлатларнинг Эрон ҳудудий яхлитлигига нисбатан такрорланишини қабул қилмаймиз»,— деган пайдо бўлган вазиятни изоҳлар экан Амир-Абдуллоҳиён. 

Мавзуга оид