08:31 / 19.07.2023
4199

Сеул: Шимолий Корея иккита қисқа масофали баллистик ракета учирди

Шимолий Корея томонидан учирилган ракеталар тахминан 550 км масофани босиб ўтган, шундан сўнг улар Япон денгизига қулаган, деб хабар берди Жанубий Корея қуролли кучлари штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси.

Фото: Reuters

Шимолий Корея Япон денгизига иккита қисқа масофали баллистик ракета учирди. Бу ҳақда 19 июль, чоршанба куни Жанубий Корея ҳарбийларига таяниб, Yonhap агентлиги хабар берди.

Жанубий Корея қуролли кучлари штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси маълум қилишича, учириш 19 июль куни маҳаллий вақт билан соат 03:30 дан 03:46 гача (Тошкент вақти билан 18 июль, 23:30-23:46) Пхенян яқинидаги Сунандан амалга оширилган, ракеталар тахминан 550 км масофани босиб ўтган, шундан кейин улар денгизга қулаган. 

Қўмита бу ҳаракатни нафақат Корея яриморолида, балки халқаро ҳамжамиятда тинчликка путур етказувчи «провокация ҳаракатлари» ва БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияларининг «очиқ-ойдин» бузилиши сифатида қоралади. Корея Республикаси қуролли кучлари «Шимолий Кореянинг ҳар қандай провокациясига» жавоб қайтариш учун «кучли жанговар шайликни» сақлаб қолади», дея маълум қилди Сеул. 

Учириш 18 июль куни Сеулда Жанубий Корея ва Қўшма Штатлар қўшма ядровий маслаҳат гуруҳининг биринчи йиғилишини ўтказганидан сўнг амалга оширилди, дея хабар беради Yonhap. 

Top