11:04 / 19.07.2023
4908

Хитой қайта фойдаланиш мумкин бўлган космик кемани учиришга тайёрланмоқда

Хитойнинг қайта фойдаланиш мумкин бўлган биринчи космик кемаси «келажакда Хитойнинг космик станциясини қуриш ва Ойга қўнишда муҳим рол ўйнайди», деди тайконавт Янг Ливей.

космик кема макети

Хитойнинг биринчи қайта ишлатиладиган космик кемаси 2027 йилдаёқ учирилади. Хитойнинг очиқ космосга чиққан биринчи тайконавти Янг Ливей бунга ишонч билдирди. Унинг сўзларини 19 июль, чоршанба куни The South China Morning Post нашри келтирди. 

Мутахассис фикрича, кема «келажакда Хитой космик станциясини қуриш ва Ойга қўнишда муҳим роль ўйнайди». У еттита тайконавтни ташиш имкониятига эга бўлиши кутилмоқда. Кема Ерга яқин орбитага парвозлар учун ҳам, коинотни чуқур ўрганиш учун ҳам мўлжалланган, деб ёзади нашр. 

Тўлиқ ўлчамли прототип 2020 йилда Long March 5 ракета ташувчиси ёрдамида 67 соатлик синов парвозини муваффақиятли якунлади, дейилади нашр маълумотида. Унга кўра, кеманинг асосий қисмлари кетма-кет 10 мартагача ишлатилиши мумкин, бу эса учириш нархини сезиларли даражада камайтиради. Dpa маълумотларига кўра, қурилма SpaceX’нинг Dragon V2 қурилмасидан тахминан икки баравар катта ва оғирроқ бўлади. 

Хитой 2030 йилгача Ойга тайконавтларни юбормоқчи. 

Аввалроқ, 30 май куни Хитой уч экипаж аъзоси бўлган «Тиангонг» кемасини орбитал станцияга учирган эди. Улар орасида биринчи фуқаролик тайконавти, фойдали юклама бўйича мутахассис Гуй Хайчао ҳам бор. Яқин вақтгача Хитойдан коинотга фақат ҳарбийлар учар эди. 

Top