Ироқда юзлаб намойишчилар Швеция элчихонасига бостириб кирди
Оломон Швецияда яна Қуръон ёқиб юборилмоқчи экани ҳақидаги хабардан ғазабга келган.
Ироқ пойтахти Бағдодда юзлаб намойишчилар Швеция элчихонаси ҳудудига бостириб кириб, унга ўт қўйди.
Аввалроқ, Швеция пойтахти Стокҳолмда намойишчилар Ироқ элчихонаси олдида мамлакат байроғи ва Қуръонни ёқиб юбормоқчи экани ҳақида хабар берилган эди. Бунга жавобан Швециянинг Бағдоддаги элчихонаси олдида норозилик намойиши бошланди.
ОАВ хабарларига кўра, акцияда юзлаб одамлар иштирок этган. Намойишчилар элчихонага бостириб кириб, ўт қўйишган. Ироқ полицияси намойишчиларни тарқатиб юбориш учун сув пуркагичлар ва электрошокердан фойдаланган.
Швеция Ташқи ишлар вазирлиги Ироқ пойтахтидаги элчихона ходимлари хавфсиз жойда экани ҳақида хабар берди. Вазирлик матбуот хизмати, шунингдек, Ироқ расмийлари дипломатик ваколатхоналар ва уларнинг ходимлари хавфсизлиги ва ҳимоясини таъминлаш учун масъул эканини таъкидлади.
Ироқ Ташқи ишлар вазирлиги ҳам Швециянинг Бағдоддаги элчихонасига уюштирилган ҳужумни ва намойишчиларнинг ҳаракатларини қоралади. Идоранинг билдиришича, хавфсизлик кучларига ҳужум билан боғлиқ ҳолатларни ўрганиш, жиноятчиларни аниқлаш ва уларни жавобгарликка тортиш бўйича кўрсатма берилган.
Бу Бағдоддаги Швеция дипломатик миссияси биносига биринчи ҳужум эмас. Июнь ойида ҳам бир неча намойишчилар элчихона дарвозаларини бузиб, ҳовлига бостириб киришга муваффақ бўлишган эди.
Январь ойи бошида Швециядаги Туркия элчихонаси олдидаги намойишда Қуръон ёқиб юборилди. Юзга яқин одам иштирокидаги акция ислом оламида норозиликларга сабаб бўлди ва Швеция билан Туркия ўртасидаги муносабатларни ёмонлаштирди. Қуръоннинг таҳқирланиши халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ томонидан қораланган эди.
Мавзуга оид
22:14 / 19.11.2024
Швеция прокуратураси Болтиқ денгизи тубидан ўтган кабелларга шикаст етказилишини қўпорувчилик деб баҳолади
22:40 / 05.11.2024
Мудофаа «яшил энергетика»га қарши: Швеция 13 та шамол генератори қурилишига рухсат бермади
21:59 / 02.11.2024
Швецияда ноқонуний мигрантларга қарши кураш кучайтирилади
09:20 / 31.10.2024