Жаҳон | 15:40 / 20.07.2023
22198
6 дақиқада ўқилади

Қрим ҳарбий полигонида портлаш ва Одесса портига ҳужум оқибатлари. Уруш суратлари

Украинада урушнинг 511-куни ўтди. Асосий маълумотлар:

  • РФ қўшинлари Украина бўйлаб ёппасига зарба йўллади. Ўндан ортиқ киши жабрланган.
  • Қримда ўқ-дори омборида ёнғин чиқди, тўрт посёлка аҳолиси эвакуация қилинди.
  • Путин Россиянинг барча шартлари бажарилгудек бўлса, ғалла келишуви тикланиши мумкинлигини айтди.
  • РФ мудофаа вазирлигининг огоҳлантиришича, 20 июлдан бошлаб Қора денгиз бўйлаб Украина портларига қатнайдиган барча кемаларга ҳарбий юк ташувчилар сифатида қаралади.
  • Ижтимоий тармоқда Пригожиннинг Беларусдаги ёлланма жангчиларга мурожаати видеоси пайдо бўлди — бу унинг «Вагнер» ХҲК исёнидан бери илк видеоси бўлди. Унда Пригожин ёлланма жангчилар «махсус ҳарбий амалиёт ҳудудига қайтиши мумкинлиги»ни истисно этмаган.
  • Путин ЖАРдаги БРИКС саммитига бормайдиган бўлди, у ерда назарий жиҳатдан уни халқаро ордер бўйича ҳибсга олишлари мумкин эди.
  • «Важные истории» нашри «Вагнер» ХҲК ўз сафларига ёлланган собиқ маҳбусларнинг барчасини уйларига қўйиб юборишга қарор қилганини аниқлади.

Кун кадри. Қримдаги полигонда портлаш

Аннексия қилинган Қримнинг Киров районидаги полигонда 19 июлга ўтар кечаси ёнғин бошланди. Маҳаллий маъмурият раҳбари Сергей Аксенов ёнғин сабабини маълум қилмаган ва бу ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан аниқланишини билдирган.

«Крымский ветер» телеграм-канали маҳаллий аҳолига таяниб ёзишича, омборга уч бор «зарба» келган. «Крымский канал» хабарига кўра, полигонга олтита дрон ҳужум қилган. «Два майора» канали эса омборга украинларнинг «Гром-2» комплекси билан ҳужум қилинган бўлиши мумкинлигини ёзди«Рыбарь» ва Grey Zone зарба узоқ масофага ҳаракатланувчи Storm Shadow ракеталари билан йўлланганини тахмин қилган.

Регион расмийлари полигон атрофида жойлашган Приветное, Айвазовское, Абрикосовка ва Кринички аҳоли яшаш манзиллари аҳолисини вақтинча эвакуация қилган. Аксеновнинг сўзларига кўра, жами икки мингдан ортиқ киши хавфсиз жойга кўчирилиши режалаштирилган. 

Қримдаги ҳарбий полигонда рўй берган ёнғин вақтида ўқ-дорилар портлаши
Виктор Коротаев / Коммерсант / SIPA USA / Vida Press

Россиянинг Украина шаҳарлари бўйлаб зарбалари

19 июлга ўтар кечаси Украинада кенг кўламли ҳаво тревогаси эълон қилинди. Россия кучлари Одесса, Киев, Херсон, Житомир ва Днипропетровск областларига, шунингдек бошқа регионларга ҳужум уюштирди.

Одессада ҳужум оқибатида бир қанча бинолар шикастланган. Киев шаҳри маъмурияти хабарига кўра, пойтахтга қараб келган барча дронлар уриб туширилган. Херсонда камикадзе дронлар ҳужуми туфайли маданият уйи ёниб кетган, икки қаватли турар жой биноси шикастланган, 89 ёшли аёл яраланган, деб хабар берган УНИАН област ҳарбий маъмурияти раҳбари Олександр Прокудинга таяниб. Житомир области расмийларига кўра, дрон инфратузилма объекти ва бир қанча уйларга зарар етказган. Днипропетровск области маъмурияти ҳам дрон уриб туширилгани ҳақида хабар берган, жабрланувчилар ва вайронгарчиликлар йўқлиги қайд этилган.

Миколйив области Коблево қишлоғига ракета зарбасидан кейин дам олиш базасида чиққан ёнғинни ўчираётган ўт ўчирувчилар
Украина ФВДХ / Reuters / Scanpix / LETA
Одессада ёнаётган омборхона олдидаги ўт ўчирувчи
Украина президенти матбуот хизмати / Reuters / Scanpix / LETA
Киев узра кўтарилган тутун
Gleb Garanich / Reuters / Scanpix / LETA
Одесса чеккасида россияликлар зарбаси оқибатлари
Reuters / Scanpix / LETA
Одесса области денгиз портида ғалла терминалининг россияликлар зарбасидан кейинги кўриниши
Украина инфратузилмалар вазирлиги / Reuters / Scanpix / LETA

Фронт бўйидаги Лиманда яшаётган ўсмирлар

Лиман Донецк областининг Краматорскдан тахминан 40 километр шимоли-шарқдаги шаҳар. Бу ерда йирик темирйўл тугуни жойлашган, шунингдек Шимолий Дон дарёси орқали ўтувчи кўприкларга уланган. 2022 йил 28 май куни Россия Лиман эгалланганини хабар қилганди, 30 сентябр куни эса ушбу шаҳар аннексия қилинган «ДХР» таркибига киритилди. Аммо Украина қуролли кучлари кейинги куниёқ уни озод этишади. Лиман Украина назоратига қайтарилгач, Россия қўшини шаҳарни ўққа тутишда давом этди. 

2022 йил маълумотларига кўра, Лиман аҳолиси 20 минг кишини ташкил этган. Уруш бошлангач, одамлар шаҳарни ёппасига тарк эта бошлаган. Лиманда қолган ўсмирлар ҳаётини тасвирга олган фотографларга кўра, кенг кўламли уруш бошлангунига қадар Лимандаги мактабларнинг синфларида 20 нафардан ортиқ ўқувчилар бўлган — ҳозир эса уларнинг сони бир неча нафаргина.

13 ёшли Дима ва Денис Лимандаги кўчалардан бирида. Ҳозирда уларнинг синфида уч бола қолган
Gian Marco Benedetto / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Лимандаги кўчанинг кассетали бомба тушишидан кейинги манзараси
Gian Marco Benedetto / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Шаҳардаги яна бир вайрон бўлган бино
Gian Marco Benedetto / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
13 ёшли ўсмир вайрон бўлган мактаб биносида
Gian Marco Benedetto / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press

Мавзуга оид