20:49 / 21.07.2023
13419

Арманистон Тоғли Қорабоғни Озарбойжоннинг бир қисми деб тан олиш шартини маълум қилди

Бунинг учун у ерда яшовчи арманларнинг ҳуқуқлари ва хавфсизлиги масалалари ҳал этилиши керак. 

Фото: Sergei Grits / AP

Ереван Тоғли Қорабоғни Озарбойжоннинг бир қисми сифатида тан олишга тайёр, бироқ у ерда яшовчи арманларнинг ҳуқуқлари ва хавфсизлиги масалалари ҳал этилиши керак. Бу ҳақда Арманистон ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян ЕХҲТ Доимий кенгашининг Венадаги навбатдан ташқари йиғилишида айтди. 

«Арманистон Озарбойжон билан муносабатларни нормаллаштириш ва минтақада тинчлик даврини очиш бўйича саъй-ҳаракатларни давом эттириш тарафдори. Ишончимиз комил, томонлар можаронинг асосий сабабларини ҳал қилишга максимал даражада тайёр бўлса, минтақада барқарор тинчлик ўрнатилиши мумкин. Асосий масала – Тоғли Қорабоғдаги арман аҳолисининг ҳуқуқлари ва хавфсизлиги», деди вазир. 

Арманистон бош вазири сўзларига кўра, Ереван «Тоғли Қорабоғни ўз ичига олган 86,6 минг квадрат километрлик Озарбойжон ҳудудини тан олишга тайёр, бироқ Тоғли Қорабоғ арманларининг ҳуқуқлари ва хавфсизлиги муаммоси Степанакерт-Боку форматида, халқаро мулоқот доирасида муҳокама қилиниши лозим». 

«Озарбойжоннинг ҳудудий яхлитлигини тан олиш Тоғли Қорабоғда этник тозалаш ўтказиш ҳуқуқини бериш сифатида талқин қилинмаслиги керак», деди Мирзоян. 

Унинг сўзларига кўра, Озарбойжон Тоғли Қорабоғ муаммосини ўзининг ички иши сифатида даъво қилмоқда. Бироқ, гуманитар инқирознинг кўрсатишича, самарали халқаро механизмларсиз Тоғли Қорабоғда бирорта ҳам арман яшай олмайди. 

«Арманистон Озарбойжондан Лочин йўлагини очишини, транспорт воситалари, юклар ва одамларнинг тўсиқсиз ҳаракатланишини, Тоғли Қорабоғга инсонпарварлик ёрдамини етказилишини кутмоқда», деди Мирзоян.

Top