22:11 / 21.07.2023
27089

Ҳиндистондаги Тож-Маҳал сув тошқини хавфи остида қолди 

Сув тошқинлари дунёга машҳур Тож-Маҳал мажмуаси остонасига яқинлашди. 

Фото: AFP

Мисли кўрилмаган ёмғирлар туфайли Ҳиндистон дарёлари қирғоқларидан тошиб кетди. Тошқинлар дунёга машҳур Тож-Маҳал мажмуаси остонасига яқинлашди. Кузатув майдончаси ва ертўлалар аллақачон сув остида қолган. Бу ҳақда МИР 24 хабар берди. 

Қайд қилинишича, Ганга дарёсининг ирмоқларидан бири бўлган Ямуна қирғоқларидан тошиб кетган. Сув мамлакатнинг асосий рамзларидан бири – Тож-Маҳал масжид-мақбараси деворларига етиб борган. Кузатув майдончаси ва боғни сув босган. Сув сатҳи кўтарилишда давом этмоқда. 

Тож-Маҳал «Саройлар тожи» деб аталади. У деярли 400 ёшда. 74 метрлик оқ мармар мажмуани Шоҳжаҳон марҳум рафиқаси хотирасига бағишлаб қурган. Тож Маҳал йигирма йил давомида 20 минг киши томонидан барпо этилган. Бугунги кунда у Ҳиндистоннинг асосий диққатга сазовор жойидир. 

Охирги марта Тож-Маҳал 1978 йилда лойқа сувга «чўмилган» эди. Тошқиндан кейин маъмурият дарё бўйига тўғон қурди. Бироқ бу йил сув сатҳи аллақачон хавфсиз даражадан ярим метрдан ошиб кетган. 

Баъзи мутахассислар ёдгорликнинг ташқи деворлари хавф остида эканини айтмоқда. Бошқалар, зиёратгоҳ сув тошқинидан фақат мустаҳкамроқ бўлишига ишонади. Бино пойдеворида деодар садр дарахти мавжуд бўлиб, у намликдан фақат мустаҳкамроқ бўлади. 

Айни пайтда, Ҳиндистон шимолида муссон ёмғирлари икки ҳафтадан бери давом этмоқда. Улар сўнгги 20 йил ичида энг кучлиси деб баҳоланяпти. Кўчки, сел, сув тошқинлари, йўллардаги ўпирилишлар туфайли аллақачон 100 дан ортиқ одам ҳалок бўлган.

Top