Жаҳон | 09:13 / 21.07.2023
4033
3 дақиқада ўқилади

ЕИ августда Украинага 20 млрд евролик ҳарбий ёрдам бериш масаласини муҳокама қилади

Европа тинчлик жамғармасининг алоҳида тузилмаси орқали Киевга ҳар йили 5 миллиард еврогача бўлган ҳарбий ёрдам кўрсатилишини Европа Иттифоқининг ташқи ишлар бўйича кенгаши ёзги таътилдан кейин батафсил муҳокама қилади. 

Фото: AP

Украинага келаси тўрт йил давомида ҳарбий ёрдам кўрсатиш жамғармасини яратиш таклифи 20 июль, пайшанба куни Брюсселда Европа Иттифоқининг ташқи ишлар бўйича кенгаши томонидан муҳокама қилинди. ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел йиғилиш иштирокчиларини тегишли лойиҳа билан таништирди. Энди расмий равишда маълумки, Европа тинчлик жамғармасининг (ЕТЖ) бир қисмини Киевга ҳар йили мудофаа эҳтиёжлари учун 5 миллиард еврогача ажратиш мақсадида йўналтириш таклиф қилинмоқда. 

Матбуот анжуманида Боррел Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари ўзаро фикр алмашганини ва бу масала ёзги таътилдан кейин – август ойи охирида Испаниянинг Толедо шаҳрида бўлиб ўтадиган норасмий вазирлар учрашувида батафсил муҳокама қилинишини айтди. Янги дастурнинг мақсади «ЕИ мавжуд ёрдамини - Украина хавфсизлиги ва мустаҳкамлигини таъминлаш, хусусан, ҳарбий ёрдам ва тайёргарлик соҳасида узоқ муддатли ва ишончли мажбуриятларга айлантириш». 

Қуролли можаро кучайиб бораётгани муносабати билан Киев ҳам ҳарбий ёрдамга муҳтож, деди Жозеп Боррел. «Россия Украина денгиз портларини блокадага тушириб, бомбардимон қилмоқда ва Қора денгизда навигация эркинлигига ҳеч қандай сабабсиз тўсқинлик қилмоқда. Россия Украина ғалласи экспортига ноқонуний равишда тўсқинлик қилмоқда, Украина далаларини вайрон қилмоқда ва Украина қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини талон-торож этмоқда. Россия берган баёнотларига қарамай, яхши пул ишламоқда ва энди «ғалла битими» ҳамда Украина портларидаги омбор захиралари йўқ қилингани туфайли ўғитлар нархи кўтарилиб, унга янада кўпроқ фойда келтиради», деди Европа дипломатияси раҳбари. 

У Россия «ҳатто Украинадаги ноқонуний қон тўкилишини қоралаш борасида иккиланаётган мамлакатлардаги одамларга қарши» қурол сифатида очликни танлаётгани сабабли дунё техноген озиқ-овқат хавфсизлиги муаммосига дуч келаётганини яна бир бор таъкидлади. Боррел халқаро ҳамжамиятни содир бўлаётган воқеаларга қатъий жавоб беришга чақирди.

Европа Иттифоқи мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари Украина президенти Володимир Зеленскийнинг «тинчлик формуласи»ни ва бу жараёнда Киевнинг етакчи ролини қўллаб-қувватлашини тасдиқлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид