09:21 / 22.07.2023
12113

Абдулла Арипов Душанбеда Имомали Раҳмон билан учрашди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан ўзаро келишувига асосан мамлакат ҳукумати делегацияси жорий йилнинг 21 июль куни Тожикистонга ташриф буюрди.

Фото: gov.uz

Душанбе шаҳрида Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги мамлакат ҳукумати делегациясини қабул қилди.

Суҳбат аввалида Ўзбекистон бош вазири Тожикистон президенти Имомали Раҳмонга давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Ўзбекистон бош вазири мамлакатда бўлиб ўтган сайловдан сўнг Шавкат Мирзиёевни дастлабки дақиқаларда президент Имомали Раҳмон табриклаганини билдириб, бу қардош Тожикистон давлати мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларни қатъий қўллаб-қувватлаётганидан далолат эканини қайд этди.

Учрашувда олий даражада эришилган келишувлар ижросини таъминлаш, Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни, энг аввало, савдо-иқтисодиёт, инвестициялар, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа устувор соҳаларда амалий ҳамкорликни янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратиш кераклиги таъкидланди.

Top