Мамлакатни яшиллаштиришга бел боғлаган Хитой (фотожамланма)
Хитойда битта дарахтни кесганлик учун ўртача 80 миллион сўм жарима белгиланган. ХХРда охири 40 йилда яшиллик 10 фоизга кўпайган. Бу мамлакатда хизмат сафарида бўлган Жавлонбек Исматуллаев Хитойда дарахтларга муносабат акс этган суратларни тўплади.
Хитойда қадимдан бери дарахтлар ҳаёт, тинчлик ва фаровонлик рамзи сифатида кўрилган. Улар озиқ-овқат, бошпана ва дори-дармон билан таъминлаш вазифасини бажаргани учун ҳам қадрланади. Бироқ дунёнинг кўп нуқталарида кузатилгани каби иқтисодий ривожланиш Хитойда ҳам дарахтларнинг кесилишига ва ўрмон ҳудудларининг қисқаришига сезиларли таъсир кўрсатди. Айниқса, сўнгги 10 йилликларда Хитойдаги иқтисодий суръатнинг ўсиши, ёғоч ва бошқа ресурсларга талабнинг ошишига олиб келди. Бу эса ўрмонларга ҳам босим ўтказмай қолмади.
Бундай вазиятга ечим топиш, яшил ҳудудларни сақлаб қолиш ва шаҳарларда яшил инфратузилмани рағбатлантириш бўйича қатъий чораларни кўриш йўлига ўтган. Мисол учун, 1979 йилдан бошлаб 12 март Хитойда “Миллий дарахт экиш куни” этиб белгиланган ва ҳозиргача кенг нишонланади. Шу куни мамлакат бўйлаб фуқаролар ўрмонларини тиклаш учун дарахт экади.
Одамлар турли жамоаларда, мактабларда, иш жойлари ва турли дастурларда дарахт экишда кўнгилли сифатида қатнашади. Бу фуқаролар учун шаҳарнинг қоқ марказида яшил ҳудудларни яратиш, тоза ҳаводан баҳраманд бўлиш ва табиатни борича ҳис қилиш учун имконият яратади. Хитойликлар нафақат белгиланган ҳудудларда, балки ўз яшаш манзиллари яқинида ҳам дарахт экишда фаол.
Сўнгги ўн йилликларда Хитой ўрмонларни кўпайтиришда сезиларли ютуқларга эришди. БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти маълумотларига кўра, 1978 йилда мамлакат ҳудудининг 12 фоизи ўрмонлар билан қопланган бўлса, 2022 йилга келиб бу кўрсаткич 21,6 фоизга етган.
Мамлакатда дарахтзорлар қонун доирасида ҳимоя қилинади. Тегишли қонунчилик ҳужжатларига кўра, дарахтларни рухсатсиз кесиш тақиқланади ва қонунни бузганларга жарималар белгиланган. Дарахт кесиш учун жарима миқдори дарахт тури, унинг катталиги ва жойлашуви каби бир қатор омилларга боғлиқ.
Умуман олганда, жарималар анча юқори бўлиб, қўриқланадиган ҳудуддаги катта дарахтни кесганлик учун 100 минг юан (тахминан 160 миллион сўм) белгиланган. Ўртача жарима миқдори эса 50 000 юанни (тахминан 80 миллион сўм)ни ташкил қилади. Ва бу ҳақиқатан ҳам ноқонуний дарахт кесишга қарши курашда яхши натижа беряпти.
Ҳукуматнинг яшилликка оид яна бир муваффақиятли дастури сифатида Буюк яшил девор (Great Green Wall)ни айтиш мумкин. Бу ўрмонларни қайта тиклаш бўйича дастур бўлиб, у дунёдаги энг катта чўллардан бири бўлган Гоби чўлини 2050 йилгача яшил ҳудудга айлантиришни мақсад қилган. Хитой бу лойиҳани 1978 йилда бошлаган ва унга 9,9 миллиард доллар пул ажратган.
Лойиҳа 1978-2000, 2001-2020 ва 2021-2050 йилларга мўлжалланган 3 босқичда давом этади. Хусусан, 2021 йил охиригача Гоби саҳросининг қарийб 60 фоизини ўрмонлаштириш режа қилинганди.
Маълумотларга кўра, Хитойнинг сунъий ўрмони 2009 йил ҳолатига кўра, 12 фоиздан 18 фоизга ўсган. Бу – Ер юзидаги инсон таъсирида яратилган энг катта ўрмон ҳисобланади.
Мавзуга оид
23:24 / 23.12.2024
Хитойда мураккаб вазиятга тушиб қолган Ўзбекистон фуқаролари ватанга қайтарилди
22:10 / 23.12.2024
АҚШ Хитойнинг эски чипларига нисбатан тергов бошлади
11:25 / 23.12.2024
Хитойда 2024 йилнинг энг яхши автомобиллари эълон қилинди
21:44 / 22.12.2024