Жаҳон | 21:06 / 30.10.2025
9224
10 дақиқада ўқилади

Трампнинг Си билан учрашуви: ютуқ ёки муваффақиятсизлик?

АҚШ президенти музокараларга «10 дан 12» баҳо қўйди, тарифлар пасайтирилиши, Украинадаги уруш бўйича «биргаликда ишлашлари» ҳақида айтди.

Evelyn Hockstein / Reuters / Scanpix / LETA

АҚШ президенти Доналд Трамп ва Хитой раиси Си Жинпинг Жанубий Кореянинг Пусан шаҳрида икки томонлама учрашув ўтказди. Бу уларнинг 2019 йилдан буён биринчи бор юзма-юз учрашишидир – охирги учрашув Трампнинг олдинги президентлиги даврида рўй берган. Дастлабки изоҳларда АҚШ президенти учрашув «қойилмақом» ўтганини ва кўплаб қарорлар қабул қилинганини айтди. Бироқ, BBC иқтисодий шарҳловчиси ёзишича, Трампнинг ғолибона баёнотлари унинг ҳақиқатан ҳам катта муваффақиятга эришганини англатмайди.

Учрашув бир соат 40 дақиқа давом этди, бу АҚШ президенти жадвалида ажратилган вақтдан кўпроқ эди.

Учрашув аввалида Трамп Си Жинпингни ўзи учрашиш «бахтига муяссар бўлган» «дўсти» ва «буюк етакчи» деб атаган. Си учрашувдан «илиқ» таассуротлари қолганини айтиб, АҚШ ва Хитой «ҳар доим ҳам бир фикрда бўлмаса-да», ушбу мамлакатлар «ҳамкор ва дўст» бўлиши кераклигини таъкидлаган.

«Бу ажойиб учрашув бўлди. У буюк етакчи», – деди Трамп журналистларга ўзининг Air Force One самолёти бортида. У учрашувга 10 баллик шкала бўйича 12 баҳо қўйишини айтди.

Унинг сўзларига кўра, АҚШ фентанил гиёҳвандлик воситасининг таркибий қисмларини АҚШга экспорт қилишни тўхтатиш чоралари эвазига Хитойнинг барча товарларига божларни зудлик билан пасайтиради. Шунингдек, Хитой Америкадан соя импортини тиклайди.

Умуман олганда, АҚШ Хитой билан бир йиллик савдо келишувига эришган, бу келишув мунтазам равишда узайтирилади, деб эълон қилди Трамп учрашув якунлари бўйича. Унинг сўзларига кўра, битим «жуда тез фурсатда» имзоланади – томонларда «унчалик кўп жиддий тўсиқлар қолмаган». АҚШ савдо уруши пайтида Хитой товарларига киритган божлар 10 фоизга – 57 фоиздан 47 фоизга туширилади.

Шунингдек, Трамп «ноёб ер металлари билан боғлиқ барча масалалар» ҳал қилингани, «энди Хитой томонидан тўсиқ йўқлиги»ни айтди. Хитой амалда юқори технологияли маҳсулотларнинг аксарияти – iPhone’лардан тортиб электромобилларгача зарур бўлган нодир металларнинг глобал етказиб берилиши ва ишлаб чиқарилишини назорат қилади. Сўнгги вақтларда Пекин экспорт назоратини кучайтирди, бу эса АҚШ билан муносабатлар кескинлашувига олиб келди. Трампнинг сўзларига кўра, энди Хитой чекловларнинг бир қисмини бекор қилиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, Трамп ва Си Жинпинг Украинадаги вазиятни муҳокама қилган. АҚШ президентининг сўзларига кўра, томонлар бу борада «биргаликда ишлаш»га келишиб олган.

Ўз навбатида Тайван масаласи тилга олинмаган. Хитой Тайванни ўзининг исёнкор ҳудуди деб ҳисоблайди ҳамда бу ҳудудни куч билан қайтариб олиш имкониятини истисно этмайди. Тайван ҳеч қачон Хитой Компартияси ҳукми остида бўлмаган, ҳудуднинг демократик йўл билан сайланган ҳукумати бор.

Трамп апрел ойида Хитойга ташриф буюриши, Си Жинпинг эса «бироз кейинроқ» АҚШга бориши бўйича келишиб олинганини қўшимча қилган. Шу билан, АҚШ президентининг Осиё бўйлаб турнеси якунланди, у турне давомида Малайзия, Япония ва Жанубий Кореяда бўлди ва энди Вашингтонга қайтмоқда. Си эса бундан кейин Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (APEC) саммитида иштирок этади.

Таҳлил: Украина учун ёмон, Россия учун эса яхши янгилик
BBC иқтисодий шарҳловчиси, Алексей Калмиков

Трамп ғалабалар ҳақида жар солишни хуш кўради, аммо фактлар унинг Си билан учрашуви муваффақиятсиз бўлганини кўрсатмоқда.

Трамп апрел ойида Хитой билан савдо урушини кучли позицияда туриб бошлаган ва таслим бўлишни талаб қилганди. Тўққиз ой ўтди ва энди унинг ўзи қалтис сулҳ учун ён беришга рози бўлмоқда.

Нималар ҳақида келишувга эришилганини фақат Трампнинг сўзлари орқали биляпмиз, ҳужжатлар эса анча кейинроқ имзоланади ва эълон қилинади, аммо ҳозирнинг ўзидаёқ АҚШ олдинги позицияларидан чекингани маълум бўлмоқда. Трамп Хитойни ён беришга мажбур қилишни кўзлаган жазо чораларини бекор қилишга рози бўлган, Си эса шунчаки Трампнинг таҳдидларга жавобан кўрмоқчи бўлган чораларини бекор қилади – бу ҳам вақтинча, бир йил муддатга.

Ярим йил олдин ҳам Трамп божлар Хитой билан савдодаги номутаносибликни тенглаштиради ва илғор чипларни етказиб беришга қўйилган чекловлар АҚШнинг асосий иқтисодий ва ҳарбий рақобатчисининг технологик ривожланишига тўсқинлик қилади, деб ҳисоблаётганди.

Трамп савдо урушини бошлашига сабаб бўлган асосий масалаларнинг ҳеч бири бугунги учрашувда ҳал қилинмади. Хитой шунчаки ставкаларни ошириб, нодир металлар ва магнитлар экспортини чеклаганди, уларсиз Ғарб автозаводлари ва мудофаа саноати тўхтаб қолади. Шу билан бирга, хитойликлар АҚШдан соя сотиб олишни тўхтатди, бу эса америкалик фермерларни банкротлик ёқасига олиб келди.

Трамп билан учрашувда Си шунчаки Хитойнинг тактик эскалацияга қадар эгаллаб турган позицияларига қайтди. Аммо у Трампга ҳеч қандай жиддий ён бермади. Трамп эса сулҳ учун тарифларни пасайтирди – яъни Хитойга ҳужум қилишда ишлатган асосий қуролини ўтмаслаштирди.

Си музокараларни ҳеч бўлмаганда тенг, балки куч нуқтайи назаридан олиб борди, чунки Хитой АҚШ ва бутун Ғарбнинг юмшоқ жойини топди ва Трампнинг тарифлари Хитой иқтисодиётига ҳеч қандай зарар етказмади.

Бундай шароитда Трампда ажратилган бир ярим соат ичида нафақат америкалик фермерлар, мудофаа ва автомобил саноати, балки Тайван, Украинадаги уруш ва Хитой компанияларининг Россия нефтини сотиб олиши мавзуларини кўтариш учун вақт ва куч қолишини тасаввур қилиш қийин. Айниқса, Си қулоқ солиши мумкин бўлган далилларни топиш.

Трампнинг ўзи учрашувни сўраган ва кадрларга кўра, у олти йил ичида биринчи марта Сининг ёнида пайдо бўлишининг ўзини ютуқ деб ҳисоблаган. Шу билан бирга, Си ўзини худди навбатдаги узоқ мамлакатнинг навбатдаги вақтинчалик президенти билан навбатчи учрашув ўтказаётгандек тутди.

Хитойликлар Трамп учун мазмун эмас, шакл муҳимроқ эканидан яна бир бор фойдаланиб, уни апрел ойида Хитойга ташриф буюришга таклиф қилишди.

Демак, камида яқин 4-5 ой ичида Трамп Си билан муносабатларни бузмасликка ҳаракат қилади ва Украина масаласида АҚШдан Хитойга ҳеч қандай босим ўтказмайди ҳамда йирик хитойлик харидорларга қарши Россия нефтини сотиб олиш учун ҳеч қандай санкцияларни кутмаслик керак.

Ёпиқ эшиклар ортидаги музокаралар

Трамп ва унинг ортидан Си учрашув бошланишидан бир соатдан камроқ вақт олдин Пусанга қўнган.

Трамп Хитой етакчисини камералар қаршисида қутлар экан, «жуда муваффақиятли учрашув»ни кутаётганини айтди.

Си, ўз навбатида, Трампнинг тўққиз ойлик президентлиги даврида улар уч марта телефон орқали гаплашганини ва хат ёзишганини таъкидлади. «Дунёнинг икки етакчи иқтисодиёти учун вақти-вақти билан тўқнашувлар бўлиши одатий ҳолдир», – дея қўшимча қилди Хитой раҳбари.

Шу билан бирга, Си жамоатчилик қаршисида АҚШ ва Хитой «дўст ва ҳамкор бўлиши кераклиги»ни бир неча бор айтганини эслатди. «Тарих бизга ўргатган ва воқелик талаб қилаётган нарса шу», – дея таъкидлади у.

Шундан сўнг Си ва Трамп ёпиқ эшиклар ортида музокаралар олиб бориш учун чиқиб кетишди. Унда АҚШ томонидан давлат котиби Марко Рубио, савдо вакили Жеймисон Грир, молия вазири Скотт Бессент, савдо вазири Ҳовард Латник, аппарат раҳбари Сюзи Уайлз ва АҚШнинг Хитойдаги элчиси Дэвид Пердю иштирок этган.

Хитой делегацияси таркибига ташқи ишлар вазири Ван И, унинг ўринбосари Ма Чжаосюй, Давлат кенгаши бош вазири ўринбосари Хе Лифен, аппарат раҳбари Сай Си, савдо вазири Ван Вентао, Тараққиёт ва ислоҳотлар давлат қўмитаси раиси Чжен Шанцзе кирди.

Учрашув бошланишидан бироз олдин Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида АҚШнинг ядровий синовларини «зудлик билан» қайта бошлагани ҳақида пост эълон қилди ва Хитойни тўғридан тўғри тилга олди.

«Россия иккинчи ўринда, Хитой эса катта фарқ билан учинчи ўринда, аммо беш йил ичида у биз билан тенглашади», – деб ёзган Америка президенти.

Кейинроқ самолётда журналистлар билан суҳбатда Трамп синовларни қайта бошлаш учун қулай вақт келганини айтди.

«Бу бошқалар билан боғлиқ», – дея қўшимча қилди президент ва АҚШ ҳали ҳам энг кучли ядровий арсеналга эга эканини таъкидлади.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид