21:43 / 24.07.2023
38037

Шомуродов «Кальяри»да тиббий кўрикдан ўтди. Трансфер шартлари очиқланди

«Рома» ҳужумчиси Элдор Шомуродов 2023/24 йилги мавсумни Италия А Серияси дебютанти «Кальяри» сафида ўтказади. 

Инсайдер Жанлука Ди Марцио хабарига кўра, ўзбекистонлик 29 ёшли ҳужумчи бугун, 24 июль куни «Кальяри» клубида тиббий кўрикдан ўтди. Рим клуби ва Сардиния ороли жамоаси ўртасида Шомуродов бўйича келишув муваффақиятли ёпилган. 

Қайд этилишича, «Рома»га Шомуродовнинг бир йиллик ижараси учун 1 миллион евро тўланади ва 2024 йилнинг ёзида «Кальяри» Элдорни 9 миллион еврога сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлади. Томонлар «1+3» шаклида шартнома имзолайди. Ўзбекистонлик форварднинг ижара муддати давомидаги маошининг 50 фоизини «Кальяри» тўласа, қолган ярмини Рим клуби тўлашда давом этади.

Аввалроқ, Шомуродовнинг «Рома»даги йиллик маоши 2 миллион еврони ташкил этиши ҳақида хабарлар тарқалганди. Футболчи 2021 йил «Женоа»дан 17 миллион евро эвазига Рим клубига трансфер қилинганди. 

Эслатиб ўтамиз, италиялик 71 ёшли таниқли мутахассис Клаудио Раньери январь ойида «Кальяри» бош мураббийига айлангач, B Серияда 14-ўринда бораётган клубни ярим йил ичида пешқадамлар сафига кўтариб, мавсум якунида плей-офф орқали А Серияга олиб чиқишга муваффақ бўлди.

Top