Ўзбекистон | 17:32 / 26.07.2023
6511
2 дақиқада ўқилади

Денов тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлимида бюджет маблағлари талон-торож қилинди

Денов тумани мактабгача таълим бўлими ходимлари томонидан жами 11,3 млрд сўмлик бюджет маблағлари ноқонуний ўзлаштирилган. Хусусан, 2022-2023 йилларда ишламаган 141 нафар фуқаро номига 4,8 млрд сўм иш ҳақи ҳисобланган.

Сурхондарё вилояти Денов тумани мактабгача ва мактаб таълими ташкилотларида қисқа муддатли назорат тадбири ўтказилган. Бу ҳақда Ҳисоб палатаси матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, масофавий тарзда олиб борилган риск-таҳлилларда туман мактабгача таълим ташкилотларининг айримларида қарийб 3 млрд сўмга яқин бюджет маблағларининг ноқонуний сарфлангани бўйича шубҳали тўловлар аниқланган.

“Шу асосда ўтказилган текшириш натижалари кўра жами 11,3 млрд сўмлик бюджет маблағлари мактабгача таълим бўлимининг айрим масъул ходимлари томонидан ноқонуний тарзда ўзлаштирилган. Хусусан, 2022-2023 йилларда ишламаган 141 нафар фуқаролар номига 4,8 млрд сўм иш ҳақи ҳисобланган”, дейилади Ҳисоб палатаси баёнотида. 

Шунингдек, 2020-2021 йилларда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ходимлар учун ҳисобланган иш ҳақига нисбатан банкдан ортиқча нақд пуллар олиниб, сохта тўлов қайдномалари орқали 1,6 млрд сўм ҳамда ҳеч қандай тўлов қайдномаларисиз 3,1 млрд сўм ўзлаштирилган.

Бундан ташқари, бюджет ташкилотининг харажатлар сметасида ходимларнинг иш ҳақи тўловлари учун режалаштирилган 529,1 млн сўм маблағлар ходимларнинг розилигисиз газета ва журналлар обунаси учун ўтказиб юборилган.

Аниқланган ҳолатлар юзасидан Мактабгача ва мактаб таълими ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирликларига тегишли кўрсатмалар берилган.

Мавзуга оид