10 йиллардан буён очилмаётган жиноятлар
АҚШда катта шов-шувларга сабаб бўлган ва 10 йиллардан буён очиқ қолаётган жиноятларнинг асосий гумондори бўлмиш архитектор Рекс Хойерманн қўлга олинди. У 11 кишини қийнаб ўлдирган бўлиши мумкин. Қурбонларнинг аксари ёш аёллар бўлиб, уларнинг жасади Лонг-Айленд ороли яқинидаги Гилго бич соҳилидан топилган. Полиция ушбу қотилликларни 10 йилдан буён суриштириб келаётганди.

Серияли қотилликларда гумонланган Хойерманни топишда у емай қолдирган пицца бўлаги ёрдам берган. 59 ёшли архитекторнинг уйидан чала ейилган пицца чиқиндига олиб чиқиб ташланади. Ейилмай қолган пицца бўлагидан олинган ДНК намунаси эса ўлдирилган аёллардан бирининг жасади солинган қопдаги намуна билан бир хил бўлган.
Хойерманнга айни дамда уч нафар аёлни ўлдириш бўйича айблов қўйилган. Булар 2009 йилда ўлдирилган Мелисса Бартелеми, 2010 йилда ўлдирилган Меган Уотерман ва Эмбер Костелло. Архитектор, шунингдек, 2007 йилда бедарак йўқолган аёл Морин Брейнард-Барнс ишида ҳам асосий гумондор ҳисобланади.




«Гилго тўртлиги»
ОАВда бу тўрт аёлни «Гилго тўртлиги» деб аташади. Гап шундаки, полиция 2010 йил декабр ойида бошқа бир аёл – 23 ёшли Шеннен Гилбертсни қидираётганда 3 аёл жасадининг қолдиқларини топади. Прокурор Рей Тирнининг сўзларига кўра уларнинг барчаси бир хил – ёки камар ёки лента билан қўли боғланган ҳолатда топилган. Жасадлар қопга ўралган бўлган.



















