Жиноят ишлари бўйича Атирау вилояти ихтисослаштирилган туманлараро суди Яна Легкодимованинг ўлдириб кетилиши билан боғлиқ жиноят иши бўйича ҳукм чиқарди. Zakon.kz сайтининг ёзишича, 24 жилддан иборат жиноят ишини кўриб чиқиш судя Зарема Хамидуллина раислигида қарийб икки ой давом этган.

Тергов маълумотларига кўра, Яна Легкодимова у билан яқин муносабатда бўлган 24 ёшли Ризуан Хайржанов ҳамда унинг 25 ёшли дўсти Алтинбек Катимов томонидан 2024 йил 18 октябрда ўлдирилган.

Қиз Ризуан Хайржановнинг қўнғироғидан кейин уйидан чиқиб кетган. Охирги марта куни Хайржановнинг машинасида кўришган. Хайржанов Янани машинада бўғиб ўлдирган, Алтинбек Катимов эса қиз чиқиб кетмаслиги учун эшикни ёпиб турган. Шундан сўнг улар Янанинг жасадини Талдикол қишлоғи яқинидаги дарёга олиб бориб ташлашган.

Яна Легкодимова. Фото: ижтимоий тармоқлар

Яна ўлдирилганидан 2 кун ўтиб, 2024 йил 20 октябрда хизмат сафаридан Атирауга қайтиб келган унинг онаси қизи бедарак йўқолгани ҳақида полицияга ариза топширган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари Янанинг кундалиги туфайли гумонланувчиларнинг изига тушган. Чунки қиз ўз кундалигида Р. билан бўлган муносабатлари, руҳий кечинмалари ҳақида ёзганди. Кундаликдаги Р. бу Ризуан Хайржанов эди.

2024 йил 22 октябрда Ризуан Хайржанов ва Алтинбек Катимов қотилликда гумонланиб қўлга олинган. Яна Легкодимованинг жасадини 8 ойдан сўнг, 2025 йил 20 июнда дам олувчилар Урал дарёси қирғоғидан топган. 

Суд ҳукми билан 24 ёшли Хайржанов ва 25 ёшли Катимов бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб одам ўлдириш ва бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб ўзганинг мулкини қасддан нобуд қилиш бўйича айбдор деб топилган. Уларга умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Шунингдек, судланувчилардан жабрланувчи томонга 15 млн тенге миқдорида маънавий зарар тўлаши белгиланган. 

Хайржанов ва Катимов судда жиноятни олдиндан тил бириктириб, содир этишганини тан олган, бироқ батафсил кўрсатма беришдан бош тортган.

“