Жаҳон | 18:22 / 06.11.2025
7980
3 дақиқада ўқилади

Германиялик ҳамшира 10 кишини ўлдиргани учун умрбод қамалди

Эркак-ҳамшира тунги навбатчилик пайтида иш юкламасини камайтириш учун ўзининг асосан кекса беморларига катта миқдорда оғриқ қолдирувчи ёки тинчлантирувчи дорилар берган.

Фото: Alamy

Германияда паллиатив ёрдам бўлими ҳамшираси 10 нафар беморни ўлдириш ва яна 27 кишини ўлдиришга уринишда айбдор деб топилгач, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Прокурорларнинг таъкидлашича, исми ошкор этилмаган эркак-ҳамшира тунги навбатчилик пайтида иш юкламасини камайтириш учун ўзининг асосан кекса беморларига катта миқдорда оғриқ қолдирувчи ёки тинчлантирувчи дорилар берган.

Жиноятлар 2023 йил декабридан 2024 йил майигача Германиянинг ғарбий қисмидаги Вюрзелен шаҳридаги шифохонада содир этилган.

Қайд этилишича, терговчилар унинг фаолияти давомида содир бўлган яна бир нечта шубҳали ҳолатларни текширмоқда.

Франс Пресс (AFP) ахборот агентлиги маълумотларига кўра, исми ошкор этилмаган эркак 2007 йилда ҳамширалик бўйича ўқишни тамомлаганидан сўнг, 2020 йилдан бери Вюрзелендаги шифохонада ишлаган.

Аахендаги судда прокурорлар унинг юқори даражадаги парваришга муҳтож бўлган беморларга нисбатан «жаҳлдорлик» ва раҳм-шафқатсизлик кўрсатганини таъкидлади ва уни ўзини «ҳаёт ва ўлим хўжайини» қилиб кўрсатишда айблади.

Судга маълум қилинишича, у тунги сменада иш юкламасини камайтириш учун беморларга катта дозада морфин ва мидазолам (тинчлантирувчи восита) юборган.

У 2024 йилда ҳибсга олинган.

Суд умрбод қамоқ жазосини тайинлашда эркакнинг жиноятлари «айбнинг алоҳида оғирлигини» назарда тутишини, бу эса уни 15 йилдан кейин муддатидан олдин озод қилиш имкониятидан маҳрум қилиши кераклигини таъкидлади. Таъкидланишича, у ҳукм устидан шикоят қилиши мумкин.

Прокурорларнинг AFP нашрига маълум қилишича, кейинги эҳтимолий қурбонларни аниқлаш учун эксгумация ишлари олиб борилмоқда, натижада эркак яна суд олдида жавоб бериши мумкин.

Бу ҳолат 2019 йилда Германия шимолидаги иккита касалхонада 85 нафар беморни ўлдирганликда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган собиқ эркак-ҳамшира Нилс Хёгел ишига ўхшайди.

Суднинг аниқлашича, у 1999 йилдан 2005 йилгача ўз қарамоғидаги одамларга ўлимга олиб келадиган миқдорда юрак дориларини юборган. У замонавий Германия тарихидаги «энг қонхўр қотил» ҳисобланади.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид