22:14 / 28.07.2023
15879

Хитойда ҳукуматдаги бир қатор истеъфолардан сўнг генераллар ҳибсга олинди — ОАВ

Армияда коррупция иши бўйича кенг қамровли тергов бошлангани айтилмоқда. 

Фото: AP

Хитойда стратегик ракета қўшинлари раҳбарияти вақтинча лавозимидан четлатилди ва коррупция бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда Ҳонконгнинг South China Morning Post нашри хабар берди. 

Журналистларга маълум бўлишича, Хитойнинг коррупцияга қарши марказий идоралари ядро кучларининг амалдаги қўмондони Ли Ючао, шунингдек, унинг собиқ ва амалдаги ўринбосарлари Чжан Чженчжун ва Лю Гуанбинни тергов қилмоқда. 

Айтилишича, тергов Хитой мудофаа вазири март ойида алмашганидан сўнг кўп ўтмай бошланган. Бу учликка нисбатан тергов ҳаракатлари ҳақида оммавий баёнотлар берилмаган, бироқ манбалар «терговчилар уларни олиб кетишди» демоқда. 

Газетанинг қайд этишича, Си Жинпинг бошлаган ва 10 йилдан ортиқ давом этаётган коррупцияга қарши кампания асосан армиядаги коррупцияни йўқ қилишга қаратилган. Пекин бир пайтлар коррупцияга қарши курашда 100 дан ортиқ генерал жазолангани билан фахрланишини айтганди. 

Bloomberg маълумотларига кўра, шу ҳафта бошида Хитой ҳарбийлари беш йилдан кўпроқ вақт олдин техника сотиб олиш билан боғлиқ коррупция ишлари бўйича тергов бошлаган. 

Бундан ташқари, Ракета қўшинлари қўмондони собиқ ўринбосари У Гуохуа 4 июль куни номаълум касалликдан вафот этди, деб хабар берди Шанхайнинг The Paper нашри. Бу Хитой ижтимоий тармоқларида қизғин муҳокамага сабаб бўлганидан кейин хабар олиб ташланди. 

Аввалроқ, Хитойнинг янги тайинланган ташқи ишлар вазири Цин Ган Қўшма Штатлар билан алоқаларнинг яхшиланиши фонида «кўздан ғойиб бўлган» эди. Аввалига Хитой расмийлари вазир касал бўлганини даъво қилишди. Бироқ, кейинчалик у ҳеч қандай изоҳсиз ишдан бўшатилгани маълум бўлди.

Top